Меню

Қашқадарё

09.04.2021 1996

“Насаф” ОФК кубоги учун кураш олиб боради

Футбол

Маълумки, бир неча йилдан буён футбол бўйича терма жамоа ва клубларимиз томонидан қитъа миқёсида юқори натижалар қайд этилаётгани йўқ. Натижада Осиё футбол конфедрациясидаги рейтингимиз тушиб кетган.

Авваллари бирваракайига 3 та клубимиз қитъа миқёсидаги энг нуфузли мусобақа - Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўлланма олишган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1+1га айланган. Яъни мамлакат чемпионлигини қўлга киритган жамоага ОЧЛ гуруҳ баҳсларида иштирок этиш учун тўғридан-тўғри йўлланма берилса, иккинчи ўрин соҳиби саралаш баҳслари орқалигина бундай йўлланмани қўлга киритиши мумкин.

Шунга кўра, ўтган мавсумдаги мамлакат чемпиони "Пахтакор" тўғридан-тўғри ОЧЛ йўлланмасига эга бўлди. Саралашда иштирок этиш  имконияти эса "Насаф"га берилиши керак эди. Бироқ "аждарлар" раҳбарияти тегишли ҳужжатларни ОФКга ўз вақтида тақдим этмагани боис, саралашда мамлакат чемпионатининг учинчи ўрин соҳиби - АГМК иштирок этадиган бўлди.

Кейинчалик ҳужжатлаштириш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этган  "Насаф"га эса АГМК саралашдан ўтиб, Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи йўлланмасини қўлга киритган тақдирда, нуфузи жиҳатдан қитъа миқёсидаги иккинчи мусобақа - Осиё футбол конфедрацияси кубогида иштирок этиш ҳуқуқи берилиши айтилган эди.

7 апрель куни Олмалиқнинг АГМК жамоаси Осиё чемпионлар лигаси саралаши доирасида Қатарнинг "Ал Гарафа" клуби устидан меҳмонда ғалаба қозонди. Бу билан Миржалол Қосимов шогирдлари ОЧЛнинг гуруҳ баҳсига йўлланмани нақд қилиш асносида, "Насаф"ни ҳам ОФК кубогига олиб чиқишди.

Энди Рўзиқул Бердиев шогирдлари мусобақадаги юришини 14 май куни Қаршида Қирғизистоннинг "Алай" клубига қарши баҳс билан бошлайди.

Шунингдек, жамоамиз жой олган гуруҳда Туркманистоннинг "Олтин аср" ҳамда Тожикистоннинг "Хўжанд" жамоалари ҳам бор.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, "Насаф" 2011 йилда ОФК кубоги мусобақасида бош совринни қўлга киритган эди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!