Меню

Қашқадарё

22.10.2021 1925

"НАСАФ" - ОФК КУБОГИ ФИНАЛИДА: ТАРИХИЙ ЮТУҚ 10 ЙИЛДАН СЎНГ ТАКРОРЛАНАДИМИ?

Спорт

20 октябрь куни "Насаф" Осиё футбол конфедерацияси кубоги доирасида Гонконгнинг "Ли Ман" жамоасига қарши майдонга чиқди.

Қаршидаги "Марказий" ўйингоҳида кечган учрашув кубок финалига йўлланмани тақдим этиши билан ниҳоятда катта аҳамиятга эга эди. Ўйин суръати ҳам шунга мос кечди: мухлислар билан тўла стадион, 120 дақиқа давом этган шиддатли баҳс, 5 та гол, драматик лаҳзалар. 

Илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олган "аждарлар"  биринчи бўлимни 2:0 кўринишидаги ишончли ҳисоб билан якунлашди.

Аммо иккинчи бўлимнинг илк дақиқасидаёқ рақиб ҳисобдаги фарқни қисқартиришга эришган бўлса, 64-дақиқага келиб эса ҳисоб тенглашди.

Хуллас, ўйиннинг асосий вақти ана шундай якунланди. Жамоалар қўшимча бўлимларга таклиф этилди. Бунда биргина гол ўйин тақдирини ҳал қилиши ва исталган томон ғалаба қозониб кетиши мумкин эди. Амалда ҳам шундай бўлди.

106-дақиқада "Насаф"нинг сербиялик легионери Андрия Калудерович рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Баҳс сўнгига қадар ҳисоб ўзгармади ва "Насаф" финалда!

ОФК кубоги ярим финалининг иккинчи баҳсида Баҳрайннинг "Ал Муҳаррақ" клуби Қувайтнинг "Қувайт СК" клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Энди 5 ноябрь куни Баҳрайндаги "Ал Муҳаррақ Стэдиум" ўйингоҳида "Насаф" ва "Ал Муҳаррақ" жамоалари ўртасида ОФК Кубогининг ҳал қилувчи финал учрашуви бўлиб ўтади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, бундан роппа-роса 10 йил муқаддам, яъни 2011 йил 29 октябрь куни ОФК кубоги бош совринини "Насаф" қўлга киритганди. Орадан 10 йил ўтиб, 5 ноябрь куни Баҳрайндаги "Ал Муҳаррақ Стэдиум" ўйингоҳида ушбу тарихий ютуқ  такрорланиши мумкин. Ўйлаймизки, шундай бўлади ҳам.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!