Меню
Қашқадарё
“НАСАФ”НИ СТАДИОНДА “ФОТОМУХЛИСЛАР” ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШАДИ
Қарийб уч ойлик танаффусдан сўнг қайта старт оладиган футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси баҳсларига томошабинлар кириши қатъий тақиқланган бўлса-да, «Насаф» клубининг мухлислари учун севимли жамоасини ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш имконияти яратилди.
Клуб мутасаддиларининг айтишича, чемпионатнинг 4-туридан бошлаб Қаршида ўтказиладиган барча ўйинларда “Марказий” стадиони минбарларида мухлисларнинг фотосуратларини ўрнатиш назарда тутилган. Бугунги кунда кўплаб футбол ишқибозлари ўз тасвирлари акс этган шаклларни ясатиш истагини билдирган ва вилоятимиз марказидаги корхоналардан бирида ушбу жараён аллақачон бошланиб кетган.
-Бундай “фотомухлис”ларни сиз Германиянинг Бундеслигаси ва карантиндан сўнг давом эттирилаётган бошқа чемпионатларнинг ўйинларида ҳам кўрган бўлишингиз мумкин, - дейди клубнинг маркетинг бўлими ходими Санжар Сайфиев. – Энди “Насаф” ишқибозларида ҳам бундай имконият бор. Жамоамизни шу тарзда қўллаб-қувватламоқчи бўлган ҳар бир инсон керакли “размер”да ясалган фотосуратини тақдим этиши керак, холос. Унинг расми Қаршидаги стадионда “Насаф” иштирокида ўтказиладиган барча ўйинларда ўрнатилади (томошабинлар киришига рухсат берилгунга қадар) ва, табиийки, телетрансляциялар пайтида ҳам намойиш этилади. Умуман олганда, суратларни ясатиш ва ўрнатишга доир барча масалалар бўйича клубимизнинг маркетинг бўлими ёки мухлислар билан ишлаш мутахассисига мурожаат этиш лозим.
Эслатиш жоизки, шу йил май ойининг охирида республика махсус комиссиясининг қарорига биноан, профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга ҳамда 2020 йил 5 июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини томошабинлар иштирокисиз давом эттиришга рухсат берилди.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси турнир жадвалида уч турдан сўнг 9 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб келаётган “Насаф” футболчилари чемпионат қайта бошлангандан кейин дастлабки учрашувни 14 июнь куни Қарши шаҳрида Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига қарши ўтказишади.
Ўз мухбиримиз