Меню

Қашқадарё

24.03.2018 1826

НАРХИ СУНЪИЙ ОШИРИЛГАН ШАКАР, ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА ЗИД РЕКЛАМА ВА ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ

1962 йил 15 март куни АҚШ президенти Жон Кеннеди Конгресс мажлисида сўзлаган нутқида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиб чиқади ва уларнинг ҳуқуқларини ўз ичига олган декларацияни имзолайди. Мазкур ҳужжат истеъмолчиларнинг маҳсулот (хизмат) ҳақида маълумот олиш, унинг сифати (хавфсизлиги)га ишонч ҳосил қилиш, маҳсулот (хизмат)ни танлаш ҳамда унга ўзгартириш киритиш каби ҳуқуқларга эга бўлишини таъминлади.

1985 йил 9 апрелда Бирлашган Миллат Ташкилоти Бош ассамблеяси томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари муҳофазасининг асосий тамойиллари қабул қилингач, бу рўйхатга тоза атроф-муҳитга эга бўлиш, зарар учун товон олиш, асосий эҳтиёжларни қондириш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бўйича таълим олиш кабилар ҳам қўшилди. Мазкур резолюция билан истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари халқаро миқёсда тан олиниб, қонуний кучга эга бўлди.

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари устунлиги принципи Конституциямизнинг 53-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Шу асосда ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ва истеъмолчи манфаатлари бир-бирига зид келганда, устунлик истеъмолчи томонида бўлиши қонун билан мустаҳкамланган.

Маълумки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳам муҳим ўрин тутади. Истеъмолчиларнинг реклама ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш, истеъмол товарлари нархлари ва хизматлар тарифлари устидан мониторинг ўтказиш, бозорда сифатсиз истеъмол товарлари ва хизматлари пайдо бўлиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш қўмита мажбуриятлари сирасига киради.

Шунга кўра, ўтган йил давомида ҳудудий бошқармага вилоят аҳолисидан 159 та ёзма ариза ва шикоят келиб тушган бўлса, уларнинг 69 таси коммунал соҳа, 66 таси савдо ва умумий овқатланиш, 1 таси транспорт ва 20 дан зиёди бошқа соҳаларга тегишлидир. Мурожаатларни ўрганиш мобайнида 24 та ҳолатда 33 миллион 893 минг сўм истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Вазирлар Маҳкамасида 2017 йил 31 мартда ўтказилган республикада ички истеъмол бозорини шакар маҳсулоти билан кафолатли ва узлуксиз таъминлаш ҳисобига уларнинг нархларини барқарорлаштириш бўйича амалга оширилиши зарур чора-тадбирлар тўғрисидаги йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда шакарнинг белгиланган нархларда сотилишини таъминлаш бўйича вилоят ва туман (шаҳар)лар ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Гуруҳ аъзолари зиммасига 1 килограмм шакарнинг улгуржи сотилиш нархи 4750 сўм ва чакана сотилиш нархи 5200 сўмдан ошмаслиги бўйича назорат ўрнатилди. Бироқ ўрганишлар давомида Қарши шаҳридаги “Марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозори” АЖ ҳудудидаги “Умаров Алишер ЯТТ”, “Сулаймонов Дадажон ЯТТ”, “Ҳусанов Тоҳир ЯТТ”, “Ғофуржонов Бобуржон ЯТТ” ва “Олмосов Жобир ЯТТ”га тегишли минимаркетларда 1 килограмм шакар 5200 сўмдан 5700 сўмгача сотилаётгани аниқланди.

Қарши шаҳрида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар – Дилшод Эшмуродов, Зулхумор Мажидова, Моҳигул Жўраева, Ғузор туманидаги якка тартибдаги тадбиркорлар – Баҳром Расулов, Бахтиёр Бўриев, Бегзод Ибрагимовга тегишли шохобчаларда шакар 5500 сўмдан 6000 сўмгача, Китоб тумани тадбиркорлари – Зикрилло Абдуллаев, Санжар Элмуродов, Баҳриддин Саидов томонидан 5500 сўмдан 5800 сўмгача сотилаётгани кузатилди. Маҳсулот нархини сунъий оширмаслик бўйича мазкур тадбиркорлик субъектларига мажбурият юкланди ва белгиланган нархда сотиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, жойлаштирилган рекламаларнинг амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги мониторинг қилинганда, бу борада ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги маълум бўлди.

Кўрикда Қарши шаҳрида фаолият юритаётган, реклама тайёрловчи “Давлатбек чамани” МЧЖ томонидан “Бриллиант” келинлар либоси бўйича жойлаштирилган ташқи реклама лавҳасида Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси талабларининг бузилгани аниқланди. Яъни ташқи реклама лавҳасида хизматлар лицензиялангани тўғрисидаги маълумот кўрсатилмаган. Ҳолат юзасидан реклама тайёрловчи иштирокида тегишли маълумотнома расмийлаштирилди.

Вилоят марказида фаолият юритаётган “Мақсуджон” ХК томонидан эса “Шаҳрисабз” кафеси хусусидаги ташқи реклама лавҳасида хизмат кўрсатувчининг гувоҳнома рақамлари кўрсатилмаган. Бу “Реклама тўғрисида”ги Қонун талабларига зид.

Қарши шаҳри Насаф кўчасида фаолият юритаётган “Сифат фарм инвест” МЧЖ томонидан жойлаштирилган “Улгуржи оптом №1” ёзуви акс этган ташқи реклама лавҳасида эса “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилган. Яъни лавҳада “Улгуржи оптом №1”, дея улгуржи савдо объектининг 1-рақамли эканлиги асоссиз бўрттириб кўрсатилган. Бундан ташқари, бу лавҳа тўғридан-тўғри дўкон олдидаги электр тўсинига ўрнатилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан “Сифат фарм инвест” МЧЖ раҳбари Д.Саидов иштирокида маълумотнома расмийлаштирилди.

Мазкур ҳолатлар бўйича қўзғатилган ишлар ҳудудий бошқарманинг махсус комиссиясида кўриб чиқилди ва қонунбузарлик ҳолатларининг бартараф этилиши юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу ўринда яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Хўш, истеъмолчи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда нима қилиши керак? Авваламбор, зудлик билан оғзаки ёки ёзма равишда корхона мансабдор шахсига эътироз билан мурожаат қилиши лозим. Шунда ҳам ҳуқуқлари тикланмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширадиган ваколатли давлат тузилмалари, маҳаллий ҳокимият органлари ёки бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Қайд этиш лозим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлайдиган қонунчилик базаси яратилганига қарамасдан ҳанузгача сифатсиз товарларни сотиш, талабга жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш каби ҳолатлар учрамоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири истеъмочиларнинг ҳамон ўз ҳуқуқларини етарли даражада билмаслигидир. Шуниси аниқки, мамлакатимизда ҳар бир истеъмолчининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинади. Демак, кўп нарса бу ҳимоядан қай даражада фойдалана олишга бориб тақалаяпти.

Ҳамдам ЧОРИЕВ,

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўлими бошлиғи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!