Меню

Қашқадарё

14.05.2019 1677

НАМУНАЛИ МЕҲНАТ ФАХРИЙЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги тегишли қарори билан "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони таъсис этилиб, у турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиз, шунингдек, жамиятда мустаҳкам оилани сақлашда муносиб  ном қозонган оналарга берилади.

Ўтган йили илк бор ушбу нишон билан вилоятимиздан 62 нафар нуроний тақдирланган эди. Жорий йилда эса 15 нафар нуроний биринчи, 15 нафари иккинчи ва 31 нафари учинчи даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев кўкрак нишонларини ўз эгаларига топширар экан, бу мукофот мамлакатимиз равнақи йўлида ҳалол ишлаган, жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган инсонларнинг меҳнати ҳеч қачон унутилмаслигининг яна бир намунаси эканлигини қайд этди.

- 40 йил ўқитувчилик қилдим, кейин ҳокимият тизимида ишладим,  - дейди 3-даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони соҳиби Хосият Жабборова. - Ушбу мукофот ғайратимга ғайрат қўшмоқда. Юртимиз, маҳалламиз ободлиги, фаровонлиги учун янада шижоат билан ҳаракат қиламан.

- Ушбу кўкрак нишони биз каби фахрийларни жамиятда фаол бўлишга ундаши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга, - дейди кўп йиллар давомида Қамаши    тумани халқ таълими тизимида самарали меҳнат қилган Қўчқор Кўчимов. - Бундай эътирофдан кишининг кўнгли кўтарилиб, руҳи тетиклашади. Юртимизда биз, нуронийлар мана шундай бахтга муяссар бўлаётганимиздан беҳад мамнунмиз.

Шуни ҳам қайд этиш  жоиз, "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони билан тақдирланган фуқаролар яшайдиган жойларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан "Бу хонадонда меҳнат фахрийси яшайди" ёзувли пешлавҳа ўрнатилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ  олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!