Меню
Қашқадарё
НАФСНИНГ ҚИТИҒИ ҚАЕРДА?
Телевизорда алламбало-шоу давом этаяпти. "Омадли" иштирокчининг кўзлари олазарак. Назаримда, икки ўт орасида қовурилаяпти. Залдагилар қий-чув солишади: "Ўйин... Ўйин..." Бошловчи бақирганича яна нафснинг қўлтиғидан қитиқлайди:
- Ўйлаб кўринг яхшилаб, дедим-ку... Мана, қаранг, агар ўйнаганингизда Сиз нималарни ютишингиз мумкин эди...
Ёнбошимда ўтирган ўсмир ўғлим телевизорга қараб қўйиб, сўрайди:
- Дада, бу қимор эмасми?
Индамасдан бошқа каналга оламан. Бу ёқда ҳам худди шунақа "...шоу". Гўё Оловиддиннинг жинчироғини қўлингизга тутқазишади. Ёнбошини ишқаласангиз, ичидан "Ў-ў-ў" деб жин жаноблари чиқиб келадию, "Амрингизга мунтазирман, тиланг тилагингизни", дейди.
Пультни босаман. Дунёни шоу босиб кетибдими, дейман: "Фалон" ичинг - машина ютинг, "писмадон" енг - миллионер бўлинг..." Ҳатто болаларнинг таглигидан ҳам ютуқ чиқармиш. Ўғлимнинг луқмаси чувалган хаёлларимни бўлади:
- Коллежимиздан бирови йигирмата "..." олибди, биттасини ичибди, қолганларини зовурга тўкибди. Қопқоқ йиғаяпти. Бир марта велик ютишига сал қолди...
Ўғилга зарда қиламан:
- Ўша ошнангга айтгин, ҳозир шаҳарда канализация "колодец"ларининг қопқоқларидан ҳам ютуқ чиқаётганмиш... Кўп гапирмай, дарсингни қил...
Ҳамкасбларимдан бири айтиб қолди. Яқинда уларнинг қишлоғидан бир йигит ютуқ ютаман деб бир кунда ўнлаб шиша энергетик ичимлик ичибди. Оқибатда заҳарланиб, шифохонага тушибди...
Биласизми, нафс ўпқонининг қопқоғи нима?
ҚАНОАТ эмасми?!
Аммо қаёққа кетди у?
Тавба, дейсиз. Ишдан келиб, эл қатори телевизор кўриб, ҳордиқ чиқаргингиз келади. Ахборот дастурларини кўриб бўлиб, кўнгилочар кўрсатувларни излайсиз. Аммо ўрнига "кўнгилқочар"ларига дуч келасиз. Гўё ҳаёт фақат шоулардан иборатдай... Гўё кўнгил очиш деганлари "омади чопган" қопқоқпарастнинг пулларни хазондай супуриб олишига ҳарислик билан тикилиш деганидай...
Бировнинг бели оғримасдан машина, музлаткич, кондиционер ё бир неча миллион сўм ютиб олишини кўз-кўзлаб намойиш этишдан муддао нима? Бошқаларга бунинг нимаси қизиқ? "Реклама-да, шунга шунча жиғибийрон бўлишингиз шартми?", дерсиз?! Қайсидир компанияю корчалоннинг манфаатлари деб ҳар куни миллионлаб одамларнинг нафсини ётқизволиб қитиқлаш шартми? Ёшларимизга шунақа-шунақа, меҳнат қилмасдан, тер тўкмасдан ҳам "соққа қилса" бўлади, демоқчимизми? Реклама ортидан келадиган даромадни деб қаноатга тиғ уриб, нафсга пишанг берамизми? Тинимсиз гижгижланган нафс бориб-бориб кишини тамагирлик, манфаатпарастлик, очкўзлик, бахиллик, худбинлик... сингари иллатларнинг боши берк кўчасига етакламайдими?
Кечирасизу, бу энди "ШОУ" эмас! Бу - бориб турган ҚУТҚУ!
Мен болаларимни бу ҚУТҚУдан асрашни истайман!
Ана, "тер тўкиладиган" интеллектуал шоулар ҳам бор-ку, дерсиз? Мен уларнинг аксариятида иштирокчиларга берилаётган саволларни шундай талқин қиламан: "Икки карра икки неччи? Вариантлар: беш, тўрт, ўн олти...". Ўзи шундоқ ҳам айрим "интеллект" соҳиблари "отинг нима?" десангиз ҳам "вариантлар борми?" деб сўрайдиган даражага етиб бўлди...
Абдулла Авлоний "Туркий гулистон ёхуд ахлоқ"да шундай ўгит берадилар: "Қаноат ҳасад, тама, ҳирс, хорлик каби иллатларнинг давоси, нафсимизнинг ғиносидур. Қаноат бир хазинадурки, нақдинаси кундан-кун ортар. Бу хазинага эга бўлган кишилар умрларини шавқ ва роҳатда кечирурлар... Нафс ўлчови ҳақиқий бир ўлчовдурки, инсоннинг ўз нафсига лойиқ кўрмаган муомалани бошқалар ҳақида ижро этмоқға қўймас, фикр эгалари, инсоф соҳиблари ҳар вақт нафс ўлчовидан ташқари ҳаракат қилмас..."
...Хўп, ана, Сиз айтганча ҳам бўлақолсин. Реклама бўлса, реклама-да... Мен аввало ўзимнинг болаларим, сўнг қопқоқ қидириб юрган юзлаб ёшларимиз учун бир реклама матнини ёздим. Эшитиб кўринг-чи...
Укажонларим, сингилжонларим!
Мен битта "қопқоқ"ни биламан.
Уни очсангиз, ҳақиқий лаззатни, муҳаббатни, мукофотни ҳис қиласиз.
Чанқоғингизни бир лаҳзада босадиган бундай неъматни етти иқлимни кезиб ҳам топа олмайсиз.
Эртакдаги Оловиддин сингари дунёнинг хоҳлаган мамлакатига, истасангиз - беҳиштмонанд ороллар, истасангиз - осмонўпар биноларга кон мегаполисларга саёҳат қилиб, олам мўъжизалари билан танишиш бахтига муяссар бўласиз бунда.
Танингизга ва руҳиятингизга битмас-туганмас энергия, завқ-шавқ, роҳату фароғат, ҳузур ва ҳаловат бахш этадиган, симирганингиз сари бутун вужудингиз, ҳар бир ҳужайрангиз мазза қиладиган, бир қопқоқнинг ўзидаёқ бутун умрингизга татийдиган минглаб "суперютуқ"лар чиқадиган, сизни ҳақиқий бойваччага айлантирадиган, дунёдаги барча омаднинг калити ва хазиналарнинг харитаси бўлган, қўйин-қўнжингизни дуру жавоҳирларга тўлдирадиган, фаровон ҳаётингизга, мунаввар истиқболингизга, бахту саодатингизга ишончли кафил бўла оладиган, қалбингизга қувонч, хонадонингизга асл баракани олиб кирадиган, тийиқсиз нафсни жиловлашни ўргатадиган, ҳаётда энг тўғри йўлни кўрсатадиган беназиру бетакрору беминнат мўъжизанинг ўзи бу...
Йўқ, бу "жинчироқ" эмас. Уни ишқалаб ўтирманг!
Уни очинг. Ва... варақланг...
Нуриддин ЭГАМОВ