Меню

Қашқадарё

17.07.2020 1744

ҚЎНҒИРТОҒ БАҒРИДАГИ "ТОҒ"

Бу ерда эпидемия ўчоғи пайдо бўлмаслигига ким кафолат беради?

Фотонигоҳ

Қўнғиртоғ ҳақида гап кетаркан, кўпинча буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг айтганлари ёдимга келади. Шоир болалиги ҳақида эслаб, "Айниқса, баҳор пайтларида бу ерларга ёғин кўп тушар, Қўнғиртов этаклари минг хил ўт-ўлан, чучмомаю қизғалдоқлар билан, қуёнтўпиғу исмалоқ билан, каррагу ҳазорисфанд билан, қўзигуллар билан қопланар, атроф-теварак жаннатий бир манзара касб этарди. Сел сувлари тўпланиб қолган кичик-кичик кўлларни "қоқ" дейишарди. Унинг тоза сувини одамлар ташиб ичишар, бола-бақра чучмомаю исмалоқ, замбуруғ териб, Қўнғиртов этакларида кунларини кеч қилар эди", деб ёзган эди.

 Албатта, ижодкор гўзаллик шайдоси-да, ҳеч ким кўрмаган, эътибор бермаган манзараларни топади, тасвирлайди. Дунёни гўзал суратда кўргиси келади, эзгуликдан илҳом олади.

Шундай деяпману, буюк шоиримиз ҳаёт бўлганида ва шу кунларда Қўнғиртоғ томонларга йўли тушса, нималарни ёзарди, деб ўйга толаман. "Жаннатий бир манзара" ўрнида тоғдай уюлиб ётган чиқинди, ахлат уюмларини кўрганида, қай аҳволга тушарди ва неларни ёзарди? "Дўзахий бир манзара" дерди-да!

Бу ерда тоза сув ичиш тугул, одам кўнгли айнимай аранг ўтиб олса ҳам катта гап. Бу жойда фақат дайди итлар кунни кеч қилиши мумкин.

Агар бу тарафларда чиқинди полигони қурилган десак, бу "полигон" на белгиланган талабларга жавоб беради, на чиқинди утилизация қилинади. Бир жойга ахлат уюмларини ғарамлайвериш катта эпидемия ўчоғини яратишига тарихдан, жаҳондан кўп мисол келтирса бўлади.

Бир ўйлаб кўринг-да, Абдулла Орипов ўзи тасвирлаган гўзал манзаралар муҳитида улғайиб, шундай улуғ бир даражага етибди. Энди ахлат, чиқинди "тоғ"ларини, улар орасида изғиб юрган дайди кучукларни кўриб ўсган одамдан келажакда нимани, қандай эзгуликни кутса бўлади?

Майли, буюклар етишиб чиқмаса ҳам, лекин бу ердаги ҳолат ўта ачинарли ҳолатда-ку. Наҳотки бунга жим қараб туриб бўлса? Ўйлаймизки, бизда ободонлаштириш, "Тоза ҳудуд" деган идоралар, уларни ишлашга жилдирадиган ҳокимият тизими ҳали ҳам бор ва улар масалага эътибор қаратишади.

БОБУРБЕК олган суратлар.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!