Меню
Қашқадарё
МУЗЛАТИЛГАН СУВ – САЛОМАТЛИК ГАРОВИ
Ҳозирда истеъмол қиладиган сувимиз экологик номутаносибликлар боис ифлосланиб, унинг таркибида эриган ҳолда зарарли ва заҳарли моддалар: қатор оғир металлар тузи, турли органик бирикмалар ва бошқа шунга ўхшаш организм учун хавфли бўлган моддалар бўлиши мумкин. Бундай сувни истеъмол қилиш кишилар ҳаётига салбий таъсир кўрсатиб, бўғимларда, қон томирларининг деворларида ҳамда ҳазм аъзоларининг шиллиқ қаватида чўкмалар ҳосил қилади. Бу эса қатор касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Хусусан, кундалик ишлатадиган ичимлик сувимизнинг асосий қисмида водород атоми ўрнини дейтерий эгаллаган. Маълумки, дейтерий оғир элемент ҳисобланади. Агар истеъмолдаги сувда бу элемент юқори бўлса, организмга кучли заҳар сифатида таъсир кўрсатади. Табиийки, бундай сувнинг вужудда ўзлаштирилиши анча оғир кечади. Соҳа мутахассисларининг олдида турган муаммолардан бири ҳам ичимлик сувини ҳар хил қўшимча заҳарли моддалардан тозалашдир.
Бугунги кунда сувни тозалашнинг турли технологик усуллари ҳаётга жорий этилган. Биз айтмоқчи бўлган усул уй шароитида, жуда қулай ва осон бажарилади. Бунинг учун сувни керакли даражада музлатиб, сўнг қайта эритиш кифоя. Бу ўтказилган илмий кузатишлар давомида аниқланган. Шу усул орқали истеъмол учун яроқли, шифобахш сув олиш мумкин. Бунда дастлаб одатдаги ичимлик суви 1-2 дақиқа давомида қайнатилади. Шундан сўнг қайнатгичнинг оғзи ёпилган ҳолда унинг ҳарорати 20-25 даражага тушгунча совуқ сувда ушлаб турилади. Сув оғзи кенг, туби тор идишларга, масалан, пиёла ёки стаканларга солиниб, совутгич музхонасига қўйилади ва тўла музлаганидан кейин у олиниб, хона ҳароратида эритилади. Идишда ёнғоқ катталигидек муз қолганда сувдан ажратилиб олиб ташланади. Ундан фойдаланиш мумкин эмас, чунки бу муз таркибида юқорида қайд қилганимиз, зарарли моддалар тўпланган бўлади. Шундай қилиб, эритиб олинган сув кераксиз моддалардан тозаланди ва уни истеъмол қилиш мумкин. Бу сувнинг фойдалилик хусусиятлари камида 8 соат сақланади.
Киши бир сутка давомида ўз тана оғирлигининг 1 фоизига тенг бўлган (масалан, тана вазни 50 килограмм бўлган одамда 500 грамм) миқдорда эритиб олинган сувни кунига 3-4 марта овқатдан ярим соат олдин 30-40 кун давомида ичиб борса, кузатилган қатор касалликлар енгиллашади. Бу жараён 8-9 ой давом эттирилганида эса янада яхшироқ натижаларга эришиш, ҳатто касалликлардан бутунлай қутулиш мумкин. Яъни юрак уриши ва нафас олишнинг тезлашиши, ошқозон ичак йўллари касалликлари, қон босими кўтарилиши ёки пасайиши, жигар, асаб тизими касалликлари, организмда ёғ алмашинуви ва бошқаларга даво топиш мумкин. Дарвоқе, ушбу сувни бирданига ичмасдан, бўлиб-бўлиб, яъни ҳўплаб ичилса янада фойдали бўлади. Маслаҳатимиз, соғлом одамлар ҳам юқорида айтилган меъёр миқдорининг тенг ярмини ичиб юришса, ўзларини касалликлардан ҳимоялайди.
Ўлкамизда етиштириладиган мева-чевалар ҳамда полиз маҳсулотлари таркибидаги сув ёки улардан тайёрланган шарбат ҳам музлатилганида қайд қилинган тоза сув кристаллари сингари структура тузилишига эга бўлади. Шунинг учун ёз пайтларида ва умуман киши чанқаганида тоза ҳолда мева-чевалар ва сабзавотлардан ёки уларнинг шарбатидан истеъмол қилишса, саломатликлари учун кони фойда бўлади.
Баъзилар истеъмолда дистилланган сув ишлатишини айтишади. Бу тўғри эмас. Чунки дистилланган сув тайёрлашда, у узоқ вақт юқори ҳароратда қайнатилиб, буғ ҳолига келтирилганидан кейин совитилади. Ушбу жараён давомида сув тозаланади ва ундаги айрим шифобахш хусусиятлар ҳам йўқолади. Бу сувдан турли дори-дармонлар, ҳар хил эритмалар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Аммо истеъмолда кўп ишлатиш тавсия этилмайди.
Муҳими, уй шароитида ҳам тоза ичимлик суви тайёрлашимиз мумкин экан. Бу жуда оддий ва осон усулки, сизу бизнинг соғ ва узоқ умр кўришимиз учун хизмат қилади.
Ш.ҚУРБОНОВА, биолог