Меню

Қашқадарё

20.06.2017 2320

МУЗЕЙДАГИ ЯНГИ ЭКСПОЗИЦИЯ: ўтмиш манзараларининг равшан акси

Айни кунларда Шаҳрисабз марказидаги Чўбин мадрасасида бўлган кишини музей ходимлари янги экспозицияни томоша қилишга таклиф этадилар. 9 бўлимдан иборат бўлган мазкур томошагоҳ ўзида Соҳибқирон даври, унинг ҳаёти ва фаолиятига оид буюмлар, суратлар, ашёларни жамлаган бўлиб, ўша давр ҳаёти ҳақида маълумот олишда энг яхши манба бўла олади.

- Аслида мазкур экспозицияни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ҳам – шу, - дейди музей директори ўринбосари Аҳмад Тошев. – Бу ерга келувчиларнинг ҳар бирида Соҳибқирон шахсияти, у яшаган давр, салтанат тузуми, уруш-юришлар ҳақида тўла тасаввур ҳосил бўлади. Айниқса, экспозицияни тайёрлашда мактаб, коллеж ва лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари учун қизиқарли таассуротларга бой бўлишини, уларнинг китоблардан ўқиб-ўрганаётган билимларини мустаҳкамлашларини назарда тутдик.

Экспозиция жойлашган бино кираверишида дастлаб Шаҳрисабз шаҳрига топширилган Амир Темур орденига кўзингиз тушади. Бундан ташқари, шаҳри Кешнинг ЮНЕСКО рўйхатига олинган шаҳар эканлигидан далолат берувчи гувоҳнома ҳам шу ердан жой олган. Экспозициянинг биринчи бўлими эса “Амир Темурнинг ёшлиги” деб номланган. XIV асрга хос ўйинчоқлар, жанг қуроллари витриналардан ўрин эгаллаган бўлса, деворларда Темур шажараси тасвири, воҳамиз ва республикамизнинг бошқа ҳудудларида яшовчи рассомлар томонидан чизилган Амир Темур ҳаётига доир суратлар, портретлар илинган. Уларни томоша қилган кишининг кўз ўнгида олти аср илгариги замон, ҳаёт тарзи, аждодларимиз яратган, фойдаланган турли-туман ашёлар бирма-бир намоён бўла бошлайди. Ҳуштаклар, от, инсон ҳайкалчалари кўринишидаги ўйинчоқлар, болаларга мўлжалланган жанг қуроллари, Соҳибқироннинг гўдаклик чоғида онаси Такина Хотун ва опаси билан бирга тасвирланган сурат кишида бирмунча кенг тасаввур уйғотишга қодир. Деворларда Амир Темур шахси ҳақида  жаҳоннинг номдор инсонлари билдирган фикрлар битилган мармар лавҳалар. Бу ёзувлар ҳам ўзбекча, ҳам инглизча битилган. Бурчакда турган ўймакор эшик Амир Темур ўзига устоз, пир деб билган шайх Шамсиддин Кулол мақбарасига тегишли. Ўша олис даврлардан бери ўз кўринишини сақлаб келаётган бу эшик бугунги кунда музейнинг ноёб экспонатларидан бирига айланган. Ундаги нақшлар қадим усталарнинг маҳоратидан сўзлайди.

Кейинги бўлим “Амир Темурнинг жисмоний тарбияси” деб аталади. Бу хонада тарихий асарларда таърифланган, миниатюраларда тасвирланган халқона ўйин – чавгон ашёларини томоша қилиш мумкин: хоккей таёғига ўхшаган, аммо ундан бирмунча узунроқ (отда ўйналгани учун) чавгон таёғи, матодан тайёрланган чавгон тўпи, эгар, узангилар аслзода аждодларимиз севиб ўйнаган миллий ўйин тарихидан маълумот беради. Девордаги миниатюра суратида акс этган чавгон ўйини эса аслзода йигит-қизларнинг ўзаро мусобақалашувидан бир лавҳа. Кишининг хаёлини олис мозийга етаклаб, кенг даштликлар, отлар сурони, шодон қийқириқларни қулоққа етказгандай таассурот уйғотади. Маълумки, Амир Темур салтанат тепасига келмасидан илгари Марказий Осиё мўғуллар ҳукмронлиги остида эди. Бу истибдод туркий халқларнинг бой маънавий-маданий меросига, иқтисодий-сиёсий мавқеига катта зарар етказди. “Мўғул истибдоди” бўлими ўша замон ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилишга қаратилган. Халқдан солиқ тўплаш жараёни акс эттирилган суратларни томоша қилиб, зулм, истибдод нақадар аянч оқибатлар келтиришини, эрксизлик энг катта бахтсизлик эканини ҳис этиш мумкин.

Аммо бу ердаги ўша йилларга хос буюмлар ҳам диққатингизни дарҳол ўзига тортади. Зеро, уларнинг ҳар бири олис аждодлар закосининг маҳсули. Масалан,  мустахара деб аталган сув идишларини ёки мева чайишга мосланган, бутун юзасида кичик-кичик тешиклари бўлган хумчаларни мароқ билан кузатиш мумкин. Музей ходими эса улар ҳақида маълумот беришга ошиқади. Айтишича, мустахаранинг дарвешлар белбоғида олиб юрадиган, от ё туяда сув ташишга мўлжалланган бир томони текис турлари ҳам бўлган.

Мўғул истибдодига нуқта қўйиш учун курашган Соҳибқирон фаолиятидаги  энг муҳим жанглардан бири сифатида тарихчилар 1365 йилда бўлиб ўтган машҳур “Лой жанги”ни тилга оладилар. Нима деб ўйлайсиз, ушбу жангни бор ҳиддатию шиддати, ғалабасию йўқотишлари билан тўлалигича тасаввур этиш осонми ёки мушкул? Тарих дарсликлари ёки китобларда ўқиганларингизни хотирга олсангиз ва экспозициянинг “Лой жанги” бўлимида бир зум бўлсангиз, кифоя: жанг суронлари, отлар пишқириғи, жангчилар “урҳо-ур”и, жанговар ноғоралар товуши сизнинг бу жанг ҳақидаги тасаввурларингизни тўлдириши тайин. Бўлимда 3D формати кўмагида ана шундай тасаввур ҳосил қилинади. Мўъжаз бўлманинг иккала томонига ишланган жанг тасвири эса бу тасаввурни ранглантиради. Тақдири азал Амир Темурдек адолатли ҳукмдорни майдонга олиб чиқаётганининг белгиси сифатида қўлга киритилган улкан ғалабалар, муваффақиятлар, пири комил Саид Бараканинг Соҳибқиронга давлат рамзларини топшириши акс этган суратлар, даврга хос жанг қуроллари – қиличлар, палахмон тошлари, камон ўқлари, чўқмору ханжарлар жанг лавҳаларини янада тўлдиради. “Рости - рости” битиги туширилган узук нусхалари, дубулға ва совутлар, буларнинг бари улкан салтанатни юзага келтириш йўлидаги машаққатларни тасаввур қилишда кўмакка келади. Қурол-аслаҳалар орасида ўша давр жангчисининг ажралмас ҳамроҳи – ичига 200 миллиграммга яқин сув кетадиган, эгарга боғланиши учун ўртасида махсус тешик қолдирилган идиш эътиборни тортади. Сополдан ясалган бу мўъжаз идишдаги ҳар томчи сув жангчига қувват, дармон бергани ҳақида ўйга толасиз.

Витриналардан бирида Амир Темурнинг турк султони Йилдирим Боязидга ёзган ва султоннинг унга жавобан йўллаган мактублари ўрин олган. Бу икки Шарқ ҳукмдорининг ўзаро алоқалари, тўқнашуви ва Темур ғалабаси акс этган суратлар ҳам Соҳибқирон салоҳиятини яққол кўрсатиб беради.

Маълумки, Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳр ўлкаси гуллаб-яшнади, юксак тамаддун йўлини босиб ўтди. “Амир Темур – буюк   бунёдкор” бўлимида ўша даврда яратилган муҳташам кошоналар, саройлар, мақбараю мадрасалар, бино-иншоотлар макетлари жой олган. Кеш марказида жойлашган кўҳна иморат – Дор ут-тиловат мажмуасининг икки улкан устуни ҳам шу ердан ўрин олган. Улар Темурнинг тахти турган шоҳсупанинг икки томонидан ўрин олиб, гўё бу салтанатнинг қудратидан гувоҳлик бериб турган каби таассурот уйғотади. “Куч - адолатда” бўлимидан Соҳибқирон салтанатининг тузилиши, вақф ҳужжатлари, ўша даврдан ҳикоя қилувчи машҳур тарихий китоблар нусхалари, буюмлар, тарихий асар саҳифаларига ишланган, Амир Темурнинг тилла суви югуртирилиб чизилган миниатюра сурати жой олган. “Амир Темур – илм-фан ҳомийси”, “Буюк Ипак йўли”, “Амир Темур дипломатияси” каби бўлимларда ҳам ҳар бир сурат,  тарихий буюм томошабинга олис мозий билан юзма-юз бўлишида бир восита вазифасини ўтайди.

- Апрель ойидан то ҳозирга қадар экспозициямизни 15 мингдан зиёд  саёҳатчи томоша қилди, - дейди музей директори Наби Хушвақтов. – Уларнинг 80-85 фоизини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Экспозиция нафақат уларда, балки барча-барчада катта таассурот қолдирмоқда, бу эътирофлардан маълум.

Хуллас, экспозиция томошасидан бир олам таассурот ва завқ билан қайтдим. Катта меҳнат эвазига бино қилинган бу томошагоҳ қизиқувчиларни ўз бағрига чорлаб турибди. Зеро, у бизнинг олис мозий сари саёҳатимизни ташкиллаштириб, кўпгина ўтмиш сирларидан воқиф этишга ҳозир. Биздан кутилгани эса бор-йўғи зиёрат...

 

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!