Меню
Қашқадарё
"МУТЛАҚО ОРТДА ҚОЛИБ КЕТГАН ОДАМ..."
Сараланган сатрлар
Азалдан шоир кўпу, чинакам шеър камёб. Бўлмаса денг, Навоий замонида биргина Ҳиротнинг ўзида мингдан зиёд профессионал қаламкаш қоғоз қоралаган экан - бугун уларни ким танийди, ким тан олади? Ҳатто ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро ҳам Ҳусайний тахаллуси остида ашъорлар битгани маълум - аммо биз Бойқарони Темурийлар салтанати айнан унинг даврида инқирозга учрагани, мастликда неварасини ўлимга ҳукм этгани, фитналарга ишониб, дўсти Алишерни сургун қилганини кўпроқ эсга оламиз...
Демак, адабиёт, бадиий тафаккур майдонида от сурадиган бисёр бўларкану, маррага етиш - абадий қолиш ҳаммага ҳам насиб қилавермас экан.
Замонавий ўзбек адабиётида ана шундай ҚОЛАДИГАН асарлар битган ижодкорлардан бири халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Ориповдир. У суҳбатларидан бирида шундай деган эди: "Қадимда чинакам овчию саёҳатчиларда ажойиб бир одат бўлган экан. Улар ўрмонними, тоғними тарк этганларида ўзлари паноҳ топган ғорда ёки ўнгирда чақмоқтош ва бироз туз қолдириб кетарканлар. Токи бу жойга кейинчалик йўли тушган одам улардан фойдалансин. Шеърларимиз ҳам келгуси авлод учун ўша чақмоқтошу бир чимдим туз қадар зарур бўлармикан?! Мана шу жиҳат мени кўп ўйлатади".
Ўтаётган вақт ва китобхон ҳукми шоир қолдирган адабий мерос ҳали кўп асрлар сўз санъати муҳибларини ҳис-ҳаяжонга чулғаши, тафаккур этишга ундашини тасдиқлаётир.
Қуйида Абдулла Ориповнинг турли мавзулардаги суҳбатлари, мақолаларидан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Улар шоирнинг ҳаёт, ижод ва инсон ҳақидаги қарашларини ифода этгани билан қадрлидир.
* * *
Ижодкор одам учун "дам олиш куни ва таътил" деган гап ҳеч қачон бўлган эмас. Масалан, бирор-бир шоир: "Бугун якшанба, мен бугун шеър ёзмайман. Бугун мен ҳаётдан узилганман", деб айтмайди-ку. Ижодкор учун ижод - бу фалончи кундан пистончи кунгача бўлган ижодий командировка эмас.
* * *
Табиатга жуда яқин эдим. Ғирромлик нима эканлигини билмайдиган одамлар ичра вояга етгандим. Ўша ерлардан узоқлашганимдан сўнг, бу дунёнинг ғирромликларига дуч келдим. Бу менга жудаям қаттиқ таъсир қилган. Шунинг учун шеърларимда мунг, алам, пессимизм кўп учрайди.
* * *
Одамлар илҳомни "қанот қоқиб кетган фаришта", деб ўйлайди. Бекор гап! Мен учун илҳом - изтироб. Илҳом - фожиа, ғам. Қалбни қўзғатган нарсани илҳом, деб атаса бўлади. Қизиқ, нимага уни гўзал қилиб "илҳом", дейилади. Ахир, у одамнинг қалбини тилиб, уни мувозанатдан чиқаради. Ана шу илҳом бўлади!
* * *
Одамзод қалбини Аллоҳ шундай яратганки, у мисоли бир тўлмаган косага ўхшайди, уни ярим қилиб яратган. Севимли ёзувчим Лев Толстой айтган эди: "Ёзувчи, олимларга ҳайкал қўйишади. Ўша ҳайкал қўйишганда, кўкрагидан тепасига қўйишсин, унинг пасти ҳеч кимга керак эмас. Кўкрагидан юқорида эса юрак, онг, тафаккур бор". Одамзод умр бўйи кўкрагидан пастига қулоқ тутиб, ҳаётини ўтказади. Одамларнинг феъл-атворида, хатти-ҳаракатларида нафс мавжуд. Шунинг учун у фаришта эмас. Тўғри, онг ва тафаккурнинг ўзи мукаммалми, деб сўраш мумкин. Йўқ, улар ҳам мукаммал эмас. Ана шу онгнинг ўзида ҳасад, хусумат вужудга келади. Ҳозир ер юзида кечаётган барча салбий жараёнлар инсоннинг номукаммал эканлигидан.
* * *
Жаҳон тарихидаги эврилиш шуни кўрсатадики, жамият ҳаётидаги ҳар бир катта ўзгариш ҳаёт қатламларини яна бир карра "шудгор" қилади. Маълумки, шудгордан кейин тупроқ остидаги турли қурт-қумурсқалар юзага чиқиб қолади. Шу сабабли шудгорни ҳар хил қуш галалари босади. Бундай ҳолатлардан чўчимаслик керак. Ҳамма гап шудгорнинг ўзида.
* * *
Ўз кучи ва келажагига ишонмайдиган одамнинг кўнгли тор бўлади, бошқаларнинг муваффақиятини ҳазм қилолмайди. Ҳасад ана шунақа чиркин касаллик. У, асосан, талантсизлар кўнглида кўкаради.
* * *
Ижодкорнинг учта душмани бор: мол-давлат, мансаб, шон-шуҳрат. Ижодкор мана шу учта нарсани енгиши керак. Мол-давлат ва мансаб бир-бирига моҳиятан яқин туради. Лекин шон-шуҳрат хавфлироқ.
* * *
Прозада ҳам ёзиш ниятим бўлган, ҳозир ҳам йўқ эмас, лекин ўқувчини зериктириб қўйишдан қўрқаман. Шеър бошқа, проза бошқа. Шеър менга ўз ётоғимга, наср эса меҳмоннинг уйига ўхшаб кўринади.
* * *
Нимадандир сиқилсам, кайфиятимда сўниқлик пайдо бўлса, кўнглим Қашқадарё кенгликларини қўмсаб қолади. Бу диёрнинг соддадил, самимий, жўмард одамлари кўз ўнгимдан кетмайди. Қитмирликни билмайдиган, фақат меҳнат билан умргузаронлик қиладиган эзгу инсонлар ҳақида ўйлаганимда дастлаб кўз ўнгида мен болалигимдан билган ўша одамлар гавдаланади.
* * *
Америкалик Роберт Фрост деган шоир бор. Унинг бир шеъри ёдимда қолган. Қафасдаги маймунга бир масалани ечишга беришади. У ечолмайди. Кейин у каталакда ҳар ёнга сакрай бошлайди. Бу билан маймун, кўриб қўйинглар, ақл биринчи ўринда эмас, чаққонлик биринчи ўринда туради, демоқчи бўлади. Айрим "модерн" шеърларни ўқисам, ана шу муқом эсимга тушади. Айтмоқчиманки, умр қисқа, уни тажрибалар учунгина исроф қилиб қўймаслик керак. Адабиётдаги муваффақиятни фақат шаклий изланишларгина таъминламайди. Улар нечоғлик замонавий ва илғор бўлмасин, шеърда руҳ ва мазмун муҳимдир.
* * *
...нега ўз даврининг энг бадавлат шахсларидан бири, мамлакатнинг бош вазири Навоий ҳазратлари "Топмадим", "Кўрмадим" сингари радифларни тинмай такрорлаганлар? Қалби карахт китобхон: "Оббо, ҳазратимга нима етишмаган экан?" каби саволларни ўйлаб топиши мумкин. Дарҳақиқат, бир қарашда бу иштибоҳ тўғридай туюлади. Лекин молу дунёнг бисёр бўлсаю, атрофингдаги ҳаво нотоза, эзгуликнинг кўзида ёш қалқиб турса, Навоий дод демай ким дод десин?! Демак, чақалоқ бежиз йиғламайди. Инсоният муттасил равишда комилликка қараб интилиб келмоқда. Одам болаларининг бир оёғи Ойга етгани билан иккинчи оёғи ҳамон тубанликдан узилган эмас.
* * *
Бизнинг Шарқда сочига оқ оралаган ҳар қандай одамнинг изидан устоз, деб югуриш айб саналмайди. Албатта, бу ҳам ахлоқ белгиси бўлиши мумкин. Бироқ ўша мўйсафид эзгуликка хайрихоҳ бўлмаса-чи? Худо сақласин, унинг ичи қора бўлса-чи? Демак, устозлик маънавий юксаклик билан уйғун ва туташдир. Нимаики ибрат бўлса, ўша биз учун устоздир. Ижодкорга эса биринчи устоз, албатта, китоб. Пушкин жон бераётиб китоб жавонига боққанча: "Алвидо, дўстларим!" деган экан.
* * *
Бир фазогир Она сайёрамиз беқиёс даражада гўзал, унинг тароватини умуман тасвирлаб бўлмайди, деганди. Шубҳасиз, фазогир ҳақ. Бироқ ана шу гўзалликни ижод орқали - мусиқий оҳанглар, жозибали ранглар, сеҳрли сўзлар воситасида ҳар ҳолда тасвирлаш мумкин. Ушбу жиҳатлар, айниқса, адабиётнинг асосий вазифасига киради.
Саид Аҳмад ака ҳазил-мутойибага ғоят ўч эди. У вақти келиб ўзига ҳайкал қўйилиши ҳақида ўйлаганми-йўқми, буни билмайман, лекин гоҳи суҳбатларимизда "Агар менга ҳайкал ўрнатмоқчи бўлсаларинг, шоҳсупасини ясаб қўя қолинглар, ўзим ҳар куни унинг устида икки-уч соат тик туриб бераман", деб мутойиба қиларди.
* * *
Яқинда бир "сариқ" матбуотда ўқиб қолдим, гўёки ер юзидаги бирорта тилда тиззанинг орқа томони номи йўқ эмиш. Ваҳоланки, бизнинг тилимизда буни "тақим" дейдилар. Чунончи, кўпкарида улоқни тақимга олишади, қизнинг сочи тақимига тушган, дейишади ва ҳоказо. Чумчуқни ҳам қассоб сўйсин экан-да...
* * *
...ҳаётим давомида мени икки гуруҳ муттасил таъқиб этиб кузатиб келади. Бири хайрихоҳлар, иккинчиси ҳасадгўйлар. Улар қайси даврда яшаган бўлмасин (шўролар давридами ёхуд ҳозирми), ранги-турқлари ўзгарган эмас.
* * *
Мустақиллик давридаги адабиётни шўро тузумидаги асарлар билан муқояса қилиш ҳам китобхон кўзини очади. У кечаги ёлғону бўҳтон асосида қурилган тузумнинг асл қиёфасини кўра бошлайди. Шўро мафкурасидан таъм олган бир асарда қуйидагича лавҳа бор: "эмишки, пахта даласида Ўроқвой Деҳқонойни учратиб севги изҳор қилади. Деҳқоной айтадики, олдин планни бажариб олайлик, сўнг муҳаббатдан сўз очасиз". Гарчи у бир қарашда латифадек туюлса-да, ўша замоннинг мафкураси эди.
* * *
Мен шоир бўламан деб ўйламаганман. Бир гал, у пайтда иккита-учта китобим чиққан эди, Шайх ака (Мақсуд Шайхзода) фамилиянгиздаги "ов"ни олиб ташлансангиз-чи, деб қолди. Мен эса нима керак, қўйинг, шундоқ кетаверсин дедим. Шунда у киши шундай вақт келадики, шу ишни қилмаганингизга ачинишингиз мумкин, деди ҳалимлик билан. Энди ўйласам, Шайх ака авлиёсифат одам экан, жуда узоқни кўра олган экан...
* * *
Менинг ўзимга неча марта шундай дейишди. "Эй, шоирим, ҳаётдан орқадасиз, орқадасиз, сиз шеър ёзиб, шуни ҳаёт деб юрибсиз, бу ҳаёт эмас! Сиздай одамнинг кассада миллион-миллион пули бўлиши керак. Сиз бу ерда абадий яшайман, деб шеър ёзиб юрибсиз. Аслида, мутлақо ортда қолиб кетган одамсиз..." Бундай қараганингизда, улар ҳақдай туюлади. Бугунги кунни ўйлаб яшаш, буям балки катта жасоратдир. Эртани ўйлаб яшаш эса романтикадир, қандайдир дарвешликдир. Булардан қайси бири керак? Ўйлаб ўйингизга етолмайсиз. Лекин ҳар ҳолда ҳалол бўлиш керак.
* * *
Албатта, китоб ўқиган, ўқийдиган одамнинг фариштаси бўлади. Улар оғзига келган ҳар қандай гапни ҳам айтавермайди. Мулоҳазакор, оқ билан қорани ажрата оладиган, шеърни, китобни қадрлайдиган кишилар бўлашади. Бизнинг ҳақиқий дўстларимиз, танқидчиларимиз ана ўшалар.
Б.ЎКТАМ тайёрлади.