Меню

Қашқадарё

08.11.2019 1492

МУТАСАДДИЛАРНИНГ ЭЪТИБОРСИЗЛИГИ, ЎЗ ВАЗИФАСИНИ ТЎЛАҚОНЛИ БАЖАРМАГАНИ - МУАММО ВА КАМЧИЛИКЛАРНИНГ АСОСИЙ САБАБИ

Фаолиятга назар

Аввал хабар берганимиздек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, аҳоли муаммоларини ҳал этишга қаратилган ўрганишлари давом этмоқда.

Дастлаб Қарши шаҳрининг 1-, 2- ва 3-миттитуманларида ҳудуд ободлиги, кўп қаватли уйларнинг мавсумга тайёрлиги, аҳоли яшаш шароитлари кўздан кечирилганди.

Эътиборлиси, бу жараёнда одамларнинг саломатлиги масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмаси маълумотига кўра, 29-31 октябрь кунлари 6 мингга яқин аҳоли вакиллари тиббий кўрикдан ўтказилган. Кўрик натижасида 180 дан зиёд кишида турли касалликлар аниқланди. Шундан 6 беморга стационар тартибда даволаниш учун йўлланма берилиб, қолганлар амбулатор шароитда даволаниши белгиланди.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан аҳоли рози эмас. Чунки кўп қаватли уйларда қиш мавсумига тайёргарликни қониқарли деб бўлмайди. Болалар майдончаларидаги ҳолат ҳам кишини  ўйга толдиради.

Айтиш жоиз, яқин вақтда ширкатларга мотороллер ва бошқа зарурий асбоб-анжомлар олиб келиниши режалаштирилмоқда. Шундан кейин ҳам камчилик ва муаммолар юзага келса, кўплаб ширкат раҳбарлари вазифаларидан озод этилиши маълум қилинди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи йўл-йўлакай ижтимоий тармоқлар орқали келган мурожаатларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, ёғингарчилик туфайли жойларда "дарё" ва "ботқоқ"лар юзага келгани, шунингдек, нашримизнинг 1 ноябрь сонида чоп этилган "Ёшлар меҳнат гузари" ва коворкинг маркази нега ҳувиллаб ётибди" сарлавҳали мақола нусхаси ҳавола этилиб, "Кўзбўямачиликлар жонга тегди, ҳали ҳам раҳбарлар кўзини очмаяпти. Ҳоким келади, ҳар нарсани гапираверманглар, унинг ҳам миллионта дарди бор, дейишади. Ҳокимнинг биз - аҳолидан бошқа яна нима дарди бўлади" мазмунидаги фикрлар акс этган мурожаатлар бўлган. Шунга кўра, "Ўз вазифамизга совуққонлик билан қарашдан воз кечмас эканмиз, ҳафсаласи пир бўлган аҳоли фаолиятимиздан қониқиш ҳосил қилмайди", деди вилоят раҳбари.

Дастлабки ўрганиш натижалари кенгайтирилган йиғилишда атрофлича муҳокама қилинди. Муаммо ва камчиликларга мутасаддиларнинг эътиборсизлиги, ўз вазифасини тўлақонли бажармагани асосий сабаб сифатида кўрсатилди.

Шуларни ҳисобга олиб, Қарши шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори О.Чўлиев, Қарши шаҳар қурилиш бўлими бошлиғи Ш.Бўронов эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. Қарши шаҳар ҳокимининг ўринбосари У.Авазов жиддий огоҳлантирилиб, унга ишни тўғри ташкил қилиш, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш учун 1 ой синов муддати берилди.

Бундан ташқари, Қарши шаҳрида ноқонуний савдо фаолиятининг олдини олишга лозим даражада эътибор қаратмагани учун Қарши шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи К.Қурбоновнинг ишда қолиш-қолмаслик масаласини кўриб чиқиш вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғига топширилди.

Лоқайдлик ва бепарволик Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаси биносида ҳам кўзга ташланди. Ободонлаштириш бошқармасининг ўзи ободонлаштиришга муҳтож эканига гувоҳ бўлинди. Бошқарма раҳбариятига камчиликларни бартараф этиш учун муддат берилиб, ҳам бошқарма биноси, ҳам шаҳар ободлигига қараб хулоса қилиниши алоҳида таъкидланди.

Янги раҳбар ташаббуси билан янги лойиҳага старт берилганини ҳам қайд этиш жоиз. "Меҳр улашамиз!" лойиҳаси асосида кам таъминланган, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз оналар, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилиб, бу борадаги дастлабки байрамона тадбир Нишон туманидаги Талимаржон шаҳарчасида бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотлар ҳам анча самарали кечаяпти, дейиш мумкин.

Ғузор тумани ҳокимининг қарорига асосан, Хўжагузар маҳалласида яшовчи Умид Холиқовга болалар истироҳат боғи қуриш учун ер ажратилган. Аммо, ушбу ер майдони "Шўртаннефтгаз" МЧЖ тасарруфидаги "Шўртан" футбол клуби билан низоли бўлганлиги сабабли тадбиркорнинг қурилиш ишлари тўхтаб қолган эди.

Қабул давомида вилоят ҳокими Ғузор тумани ҳокими С.Бабақулов, "Шўртаннефтгаз" МЧЖ раҳбари Ш.Жабборов ва тадбиркор билан алоҳида суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди. Муаммо шу жойнинг ўзида ҳал этилди.

Тадбиркорнинг айтишича, 1 миллиард 200 миллион  сўм ўз маблағи ҳамда 800 миллион сўм банк кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган истироҳат боғи 2020 йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

6 ноябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Деҳқонободга борди. Туман аҳолиси билан ўзаро мулоқот жараёнида бу ерда бир ой ичида қолипли нон ишлаб чиқарувчи цех фаолият бошлаши, "Шўртангазкимё" мажмуаси ҳисобидаги лампа цехи ковракни қайта ишловчи корхонага айлантирилиши маълум қилинди. Туман марказидан 51 километр узоқликдаги Оқиртма қишлоғи аҳолиси учун уларнинг мурожаатига мувофиқ ҚВП ва маҳалла идораси қуриб бериладиган бўлди.

Ўрганишлар ва улар доирасидаги турли тадбирлар давом этмоқда.

Н.Х¤ЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!