Меню

Қашқадарё

23.07.2019 1948

МУТАХАССИСЛАРИМИЗ ТУРКИЯДА АБУЛ МУИН НАСАФИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ БЎЙИЧА ИЗЛАНИШ ОЛИБ БОРМОҚДА

Маълумки, буюк ватандошимиз Абул Муин ан-Насафий калом илми алломаси, фақиҳ ва усулиётчи олим сифатида шуҳрат қозонган сиймо саналади. Шу боис аллома илмий меросини ўрганишга дунёда қизиқиш баланд. Мисол учун, "Баҳрул калом" асарининг қимматли қўлёзмаларидан бири Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, иккинчиси Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонаси қўлёзмалар бўлимида, учинчиси Бағдоддаги "Мактабат ал-авқоф-да"да, тўртинчиси Қоҳирадаги машҳур "Дору-л-кутуб" қўлёзмалар бўлимида сақланади. Ушбу қўлёзманинг оддий хатда кўчирилган бошқа бир нусхаси Искандариянинг (Миср) "Мактабат ал-баладиййа" номли кутубхонасида сақланмоқда.

Шундай нодир асарлар намуналарини Туркияда ҳам топиш мумкин. Жумладан, Насафийнинг "Қасийд ал-қавоид фи илм ал-ақоид" асари бир қўлёзма нусхаси Истанбул университети кутубхонасида, "Маноҳиж ал-аиммати фи-л-фуруъ" китоби нусхаси Истанбулдаги "Лолалий" кутубхонасида сақланса, кўплаб китоблари турк тилига ўгирилиб, ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.

Юртимиз мутахассисларининг Туркияга сафари бундан минг йил олдин ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома илмий мероси бўйича изланишлар олиб бориш, асарлари қўлёзмалари билан танишиш, улардан нусха олиш, харид қилиш ҳамда келгусида ҳамкорлик масалаларига қаратилди.

Дастлабки учрашув Анқара университети илоҳиёт факультети профессор-ўқитувчилари иштирокида бўлиб ўтди. Муассаса профессор ўқитувчилари Али Шаъбон, Сўнмес Кутлу, Исмоил Ҳаққий Абул Муин Насафий меросининг бугунги кундаги мафкуравий аҳамияти бўйича фикр-мулоҳазаларини баён қилишди.

- Туркияда Абул Муин Насафий асарлари қарийб юз йилдан ошиқ вақтдан буён ўрганилгани бизга фахр бағишлади, - дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Саидмухтор Оқилов. - Қўҳна Насафдан етишиб чиққан буюк аллома меросига қизиқиш юқори эканлиги бизни ҳайратга солди. Ишонаманки, илмий сафаримиз натижалари Абул Муин Насафий мероси бўйича тадқиқотларга кенг йўл очади.

Тадбирда алломанинг "Табсират ал-адилла" асари ўзбек тилидаги таржима нашрининг тақдимоти ўтказилди. Иштирокчилар университетнинг қўлёзмалар фонди билан танишишди.

- Бу ердаги мавжуд манбалар рақамлаштирилган, электрон базаси, қўлёзмалардан фойдаланишнинг барча имкониятлари яратилган, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири Эргаш Даминов. - Менга маъқул жиҳати, аждодларимиз, хусусан, имом Мотуридий ва Абул Муин Насафий асарлари, уларга бағишлаб қилинган тадқиқотлар алоҳида бўлимда сақланар экан.

Шундан сўнг кун мавзуси Анқарадаги Туркия стратегик тафаккур институтида ташкил қилинган "Тафаккур дунёсининг меъмори: Абул Муин Насафий" деб номланган давра суҳбатига кўчди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим мудири, исломшунос олим Эргаш Даминов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти Саидмухтор Оқилов, Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, шунингдек, Туркиянинг Стратегик тафаккур институти директори Муҳаммет Саваш Кафкасвали, Диёнат ишлари собиқ мудири, профессор Меҳмет Гурмеш, Анқара университети профессори Сўнмез Кутлу ва бошқа мутахассислар Абул Муин ан-Насафий қолдирган бой илмий-маънавий мерос нафақат ўз замони учун, балки ҳозирги даврда ҳам амалий аҳамиятга эга таълимот сифатида ҳар томонлама чуқур ўрганишга лойиқ эканини қайд этишди. Келажакда икки давлат олимлари ҳамкорликда олиб борадиган тадқиқотлар йўналишлари келишиб олинди.

Делегация аъзолари Туркиянинг ISAM (Ислом тадқиқотлар маркази) кутубхонасида бўлиб, алломанинг асарлари, илмий тадқиқотлар билан танишдилар. Мавжуд асарлардан нусха олиш, харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди.

Туркия сафари давом этмоқда.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!