Меню

Қашқадарё

08.05.2020 1362

МУСИБАТЛИ КУНЛАР ХОТИРАСИ ВА САОДАТЛИ КУНЛАР ШУКРОНАСИ

Шавкат МИРЗИЁЕВ:

Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.

 

9 май - Хотира ва қадрлаш куни

 Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эрназар бобо Ҳасановни йўқлаб Ғузор туманининг Совлиғор қишлоғига йўл олдик. У киши истиқомат қиладиган хонадонга кириб борар эканмиз, бизни отахоннинг ўзи қарши олди.

Тўғриси, оқсоқол ёшига нисбатан анча тетик ва ҳаракатлари енгил, юзида самимият уфуриб турар, ҳатто ҳазил-мутойибани ҳам ўрнига қўйиб қўяркан. Суҳбатимиз шинамгина супада давом этди.

- Деҳқончиликни, меҳнатни яхши кўраман, - дейди Эрназар бобо ҳовлидаги турли хил мевали дарахтлар, экинларга ишора қилиб. - Киши қанча кўп меҳнат қилса, шунча соғлом бўлади. Мен бунга ҳаётимда кўп бора амин бўлганман. Ҳозир ҳам ётсам ётиб қоламан, юрсам, меҳнат қилсам бинойидекман. Урушдаги жароҳатим асорати - бир қулоғим яхши эшитмайди, саломатлигимдан бошқа шикоятим йўқ.

Уруш ҳақида гап очилганидан фойдаланиб, бободан фронтдаги воқеалар ҳақида сўрадим.

Эрназар бобо аввалига оғир тин олди. Сезиб турибман, жанг майдонидаги ҳолатларни хотирлаяптию, уларнинг ҳаммасини ҳам айтгиси келмайди. "Қўявер, болам, ундай воқеаларни кўрманглар ҳам, эшитманглар ҳам", дейди у. Аммо ҳамон ёзиб олишга шай турганимни кўриб, яна секингина гап бошлайди.

- 1941 йилда "Уруш бошланибди" деган хабар бизнинг қишлоқда ҳам яшиндек тарқалди, - дея ўша суронли йиллар воқеалари ҳақида маъюс тортиб сўзлайди отахон. - Кўп ўтмай ҳарбий хизматга яроқли йигитлар бирин-кетин фронтга жўнаб кета бошлашди. Мен ҳам улар қаторида жангга шайлангандим, аммо аввалига ёшим етмагани сабабли олишмади, шу боис орадан бир йил ўтиб, 1942 йилда фронтга жўнадим. Икки ойча давом этган тайёргарликдан сўнг Москва яқинидаги бир ҳудудга олиб боришди. Ўша пайтларда фашистлар Москва шаҳрига етиб келишига 46 километр қолган бир палла эди. Ҳаёт-мамот жанглари кетаётганди. Тушундимки, уруш мен ўйлаганимдан, тасаввур этганимдан-да даҳшатлироқ экан. Буни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Ҳар куни, ҳар лаҳза ўлимни ҳис этиб яшаш, сафдошларингни бирин-кетин йўқотавериш, уларнинг кўз олдингда аянчли ўлим топиши, ўқ ёмғирлари, бомбаларнинг даҳшатли гумбурлаши - буни инсон онги ва қалби ҳазм этиши қийин. Аммо урушнинг манзараси шу.

Агар душман Москвага бостириб кирса, бу биз учун мағлубият, дегани эди. Шу боис, Совет қўшинлари пойтахтни жон-жаҳди билан ҳимоя қилар, сафида ўзбек аскари Эрназар Ҳасанов бўлган қисм ҳам куну тун аёвсиз жангларда иштирок этиб,  фашистларнинг олдинга қадам босишига изн бермайди. Ниҳоят, сабр-матонати, куч захиралари тугай бошлаган фашистлар ортга чекинади.

- Кўп ўтмай бир қанча ҳудудларни душмандан озод қила бошладик, - дея ўз хотираларини давом эттиради  Эрназар бобо. - Шахсан ўзим кўплаб  шаҳарлардан фашистларни қувиб чиқаришда иштирок этганман. Масалан,  бизнинг қисмимиз Орловский ҳудудини душмандан тозалашда қатнашди. Бу жангларда бир қанча дўстларим, сафдошларимни йўқотдим. Уларнинг кўпчилиги кўз олдимда душман ўқидан, бомба портлашидан ҳалок бўлишган. Хуллас, шундан сўнг Польшани озод қилиш учун жангга киришдик. Бу ҳудуд стратегик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлгани боис, душман уни тиш-тирноғи билан ҳимоя қилар, биз ҳам ён бермасдик. Жуда оғир жанглар кечаётган эди. Ана шу жангларнинг бирида бошимга ўқ тегиб, ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келганимда ҳарбий госпиталда ётган эканман.

Жароҳатдан сўнг тўрт ой даволаниб, соғлиғи бироз тикланган Эрназар Ҳасанов яна жанг майдонига қайтади. Энди у бошқа ҳарбий қисм сафида, душманга нисбатан янада чексиз нафрат ила урушга киради.

- Янги қисмда ҳам ўзбеклардан ёлғиз ўзим эдим, - дейди Эрназар бобо. - Аммо бу ерда бир генерал билан танишиб қолдим. Менинг ўзбек эканлигимни билган генерал ёнига чақириб, "Ўзбекистоннинг қаеридансан?", дея сўради. Ғузордан, Совлиғор қишлоғидан эканлигимни айтдим. Генералнинг юзи бирдан ёришиб кетди. Билсам, Иванов фамилияли бу генерал урушдан аввал Ғузор туманининг Қоракўл совхозида ишлаб кетган экан. У киши менга кўп бора далда берди. Қолаверса, бир озарбайжонлик йигит билан ҳам яхши чиқишиб, оғир вазиятларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашга, ҳамжиҳатликда жанг қилишга ҳаракат қилардик. Польша озод этилгандан сўнг биз - аскарларда ғалабага бўлган ишонч янада ортиб, душманга тинимсиз зарба беришда, ҳужум ортидан ҳужум қилишда давом этдик. Ҳарбий қисмимиз ҳам душманни Германиянинг Кёнигсберг (ҳозир Россиянинг Калининград) шаҳрига қадар чекинтириб борди. Ғалабани ҳам Германияда нишонлаганмиз.

Эрназар Ҳасанов ғалабадан сўнг ҳарбий хизматни давом эттириб, урушда вайрон бўлган ҳудудларни қайта тиклаш ишида қатнашди. 1946 йилда бир ойлик таътил олиб, ўз қишлоғига келди. Кўрсаки, фронтдан минглаб километр узоқда бўлса-да, унинг қишлоғига ҳам қаттол уруш ўз таъсирини ўтказган экан. Қишлоқ хўжалиги абгор ҳолга келиб қолган, бор будини фронтдаги жангчиларга ёрдам учун жўнатган оилалар айрилиқ азоби билан бирга, йўқчилик жафосини ҳам чекишарди. Буни кўрган аскар йигит тезроқ хизматни тугатиб, издан чиққан халқ хўжалигига ёрдам бериш иштиёқи билан ортига қайтди.

- 1947 йилда ҳарбий хизматни тўлиқ тугатиб келдиму ғаллачилик звеноси бошлиғи сифатида ишга киришдим, - дейди у. - Куну тун меҳнат қила бошладим, бошқаларни ҳам шунга ундардим. Ишимиз самара бериб, шу йили яхши ҳосил олдик. Мени катта ишонч билдириб, ғаллачилик бригадаси бошлиғи этиб тайинлашди. Энди халқнинг ишончини оқлаш керак эди. Ишга янада қаттиқроқ шўнғидим. Ҳосил ҳам шунга яраша йилдан-йилга ошиб бораверди. Кейин пахтачилик бригадасига бошлиқ этиб тайинлашди. Шу йилнинг ўзидаёқ биринчи маротаба ҳар гектар ердан 35 центнердан ҳосил олдик. Менга мукофот ва орден беришди.

Изланиш ва интилишдан тўхтамайдиган Эрназар Ҳасанов қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун нафақат кўп меҳнат, балки кўп билим ҳам зарур эканлигини англади. Шу боис, Самарқанддаги қишлоқ хўжалиги учун мутахассислар тайёрлайдиган билим юртига ўқишга киради. Уч йил ўқиб қайтса, ҳудуддаги 13 та кичик колхоз бирлаштирилиб, битта катта колхозга айлантирилган  экан. У ана шу катта колхозда агроном сифатида иш бошлайди.

- Нафақага чиққунимга қадар гоҳ пахтачилик, гоҳида ғаллачилик бўйича агроном бўлиб ишладим, - дейди Эрназар бобо. - Кўплаб ютуқларни қўлга киритдим, кўп бора меҳнатларим юқори эътироф этилди. "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном" унвонини ҳам олганман. Уч ўғил, икки қизни тарбиялаб, вояга етказдим. Икки катта ўғлим рус тили ўқитувчиси, кичиги ўзимнинг касбимни танлаган - агроном.

Эрназар бобо бугунги тинч, осуда кунлар ҳақида тўлқинланиб сўзлар экан, фарзандлари, невара-чеваралари ана шундай фаровон кунларда яшаётганидан бахтиёрлигини таъкидлайди.

- Тилимда ҳам, дилимда ҳам биз кўрган ўша уруш даҳшатларини бошқа авлод кўрмаслигини сўраб, дуо қилиб ўтираман, - дейди бобо. - Фарзандларимнинг юз-кўзларидаги хотиржамлик умримга умр қўшади. Уйимга невара-чевараларим, қўни-қўшнилар, турли меҳнат жамоалари тез-тез йўқлаб келишади. Бошим осмонга етади бундай лаҳзаларда. Ҳар йили Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида Президентимиз мукофотини олаяпмиз. 2017, 2018 ва 2019 йилларда байрам муносабати билан Тошкент шаҳрида ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этдим. Ҳар гал Президент Шавкат Мирзиёев билан шахсан учрашиб, юртимиз тинчлиги,  халқимизнинг фаровон ҳаёти учун раҳмат айтдим. 2018 йилда бир гуруҳ уруш қатнашчилари сафида Россиянинг сўлим оромгоҳларида дам олиб қайтдим. Айтинг, биз - қарияларга бундай эъзоз, бундай эътибор яна қайда бор?! Буни кўриб, яшаганинг сари яшагинг келади-да! Тетиклигим, бардамлигимнинг яна бир сабаби ҳам ана шунда.

Эрназар бобо сингари инсонлар орамиздаги тирик қаҳрамонлардир. Уларнинг жанггоҳлардаги жасорати, ибратли ҳаёт йўли бугунги ва келажак авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!