Меню
Қашқадарё
Мушукда ўтказилган буйрак трансплантацияси унинг эгасига қарийб 11 минг долларга тушди
Россиянинг Иваново вилоятида яшовчи тадбиркор мушугига буйрак кўчириб ўтказиш учун 800 минг рубль (116 миллион сўм) маблағ сарфлади, дея хабар берди ҳудудий телерадиокомпания "Россия 24" телеканали эфирида.
Ўтган йили унинг хонаки жониворида буйрак билан боғлиқ муаммо кузатилганди, текширувлар давомида эса мушукка бошқа тана аъзоси кўчириб ўтказиш зарурлиги аниқланди. Уй ҳайвонининг қони жуда кам учрайдиган группага мансублиги жараённи қийинлаштирди.
"Унинг қон группаси "А-В" бўлиб чиқди. Тушуниб олиш учун айтадиган бўлсам, бундай қон группаси дунё бўйича 1 фоиз мушукларда учрайди", дейди жонивор эгаси Максим Зенов.
Операциядан бир йил ўтди, мушук ўзини яхши ҳис қилаяпти. Энди Максим ўзи яшайдиган ҳудудда ҳайвонлар учун ўз ичига жарроҳлик бўлими, ультратовушли текширув хонаси ва юқумли касалликлар стационарини олган клиника очишга қарор қилган. Тадбиркор бунинг учун аллақачон зарур аппарат ва жиҳозларни харид қилган ҳамда Москвадан мутахассис топишга ҳам улгурган.
Ветеринар врачлар ташхисига кўра, буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини бошдан кечирган 11 ёшли Пеструша лақабли мушук яна кўп йиллар ўз хўжайинини хурсанд этади.