Меню
Қашқадарё
МУШТАРИЙ МИНБАРИ
Тавсия
ТАКРОРИЙ ЭКИНЛАР ЕРНИ ҲАМ, ДЕҲҚОННИ ҲАМ БОЙИТАДИ
Авваллари пахта ёки буғдой ҳосили йиғиштириб олингач, экиндан бўшаган майдонлар кейинги мавсумга қадар қақраб, бўш ётар эди. Ундан яна бир ёки икки маротаба ҳосил олиш имконияти ҳақида кўпчилик ўйлаб ҳам кўрмасди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аграр соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, деҳқончилик маданиятининг юксалиши натижасида ердан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигига эришиш борасида катта тажрибалар қилинди. Муайян ердан йилига уч маротаба ҳосил олаётган деҳқону фермерларимиз амалиёти ўрганилди. Аҳамиятли жиҳати, бундай такрорий ва алмашлаб экишлар тупроқнинг унумдорлигини оширишга хизмат қилишини аста-секин кўпчилик англаб етмоқда.
Мана шундай амалиётлардан бирининг натижаси: олимларимиз пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтининг Қашқадарё илмий-тажриба станцияси даласида йил давомида бир ерга кетма-кет бир неча маротаба экин экиб, ҳосил олиш бўйича тажриба ўтказишди. Дастлаб кузги буғдойдан бўшаган далага (5-7 июль кунлари) мош экилди. Ўсимликнинг ўсиб ривожланиши учун барча агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилди. Октябрь ойига бориб, ҳар гектар ердан ўртача 21,3 центнердан мош дони, 52,5 центнердан кўк масса олинди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, мошнинг пояси ҳам чорва учун тўйимли ем-хашак ҳисобланади. Кўк масса таркибидаги ҳазм бўладиган протеин миқдори маккажўхори барги ва унинг поясидагига нисбатан икки-уч баравар кўпдир.
Хуллас, тажриба даласи такрорий экиндан бўшагандан кейин майин шудгор қилиниб, оралиқ экин сифатида жавдар экилди ва дарҳол суғорилди. Март ойи бошида эса азотли ўғит билан озиқлантирилиб, яна бир маротаба сув қуйилди. Шу ой сўнгига бориб, экин донга кириб қолган вақтда ем-хашак сифатида йиғиштириб олинди. Ер эса шудгорланиб, кейинги экинга тайёрланди.
21 апрель куни худди шу ерга чигитга соя қўшиб экилди. Ғўза ва соя ниҳоллари қийғос униб чиққандан сўнг, ғўзадан гектарига 90 минг туп, соядан 25-26 минг туп атрофида кўчат қолдирилиб, ягана қилинди. Сўнг белгиланган тарзда барча агротехник тадбирлар амалга ошириб борилди.
Кузга бориб тажриба даласида ғўза ҳосилини аниқлаш учун икки маротаба қўл терими ўтказилди. Ҳамкор экин – соя эса пахтанинг биринчи теримидан сўнг қўл кучи билан йиғиштириб олинди. Ҳосилдорлик ғўзадан гектарига 40 центнер, соядан эса 6,2 центнерни ташкил этди.
Эътиборли томони, мош ва соя каби дуккакли ўсимликлар ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб, тупроқни бойитади. Бунинг ҳисобига ернинг унумдорлиги янада ошади.
Кўринадики, ердан тўғри ва самарали фойдаланиш эвазига бир йилда бир неча маротаба ҳосил олиш мумкин. Бу кўплаб илмий тажрибалар ва илғор фермер хўжаликлари амалиётида ҳам кузатилмоқда. Агар бу илмий тажриба оммалашса, аҳолини тўйимли ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва ҳайвонларини эса сервитамин, минерал моддаларга бой озуқа билан таъминлаш имконияти янада ошади.
Яраш БЎРИЕВ,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди
Таклиф
Чигиртка қадим-қадимдан инсоният учун катта хавф туғдириб, офат саналиб келган. Бу зараркунанда ҳамма ерда учрайди. Улар ёпирилган жойларда чорва моллари ва инсон истеъмол қилиши учун яроқли бирон-бир ўсимлик қолмайди.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда чигирткаларга қарши курашиш мақсадида махсус отрядлар тузилиб, кимёвий кураш усуллари олиб борилади. Бироқ бу усул анчагина сарф-харажатни талаб этиши билан бир қаторда, экин майдонларидаги айрим фойдали ҳашаротларни ҳам нобуд қилиши сир эмас. Устига-устак, “Ёмон қовуннинг уруғи кўп” деганларидек, чигирткаларнинг турлари ҳам йил сайин кўпайиб бормоқда.
Агар “ёмон қовун”нинг уруғи кўп бўлар экан, уни йўқотиш учун курашгандан кўра, яхши “қовун”га айлантирсак-чи. Менимча шундай усул билан чигирткалардан батамом қутулиш мумкин. Масалан, улардан чорва учун ем, озуқа сифатида фойдалансак.
Мутахассисларнинг фикрича, чигирткадан олинадиган уннинг озуқавий қиймати жуда юқори экан. Айтайлик, мол гўштида 17 фоиз, балиқда 21 фоиз протеин бўлса, чигирткада бу кўрсаткич 75 фоизга тенг. Демакки, чорва ёки парранда учун ундан тайёрланган ем жуда катта озуқавий қийматга эга бўлади. Дунёнинг айрим давлатларида бу борада чигирткадан муҳим хомашё сифатида фойдаланишади. Масалан, 2015 йилда Россиянинг Челябинск давлат агромуҳандислик академияси олимлари чигирткадан уй жониворлари учун махсус оқсилли озуқа ишлаб чиқарган эди.
Олимлар ушбу маҳсулотни қайта ишловчи махсус дастгоҳни яратган бўлиб, у чигирткаларни қуритиб, майдалайди. Ҳарорат ёрдамида чигирткада бўлиши мумкин бўлган барча микроблар ўлдирилади.
Бу усулни бизда ҳам жорий этиш мумкин. Муҳими, ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хомашё етарлича топилади.
Хусусан, чигирткалар айни етиладиган апрель ойида Ғузор туманининг айрим ҳудудларида улар уюлиб қолади. Айниқса, эрта тонг ва кечки пайтларда карахт аҳволда ётадиган бу ҳашаротни истаганча йиғиб олиш мумкин.
Ана шундай маҳалда қишлоғимиз кўнгиллилари билан бу борада кичик тажриба ўтказдик. Ҳар бир киши қўлига кичик кураклар олиб, чигирткаларни қопга йиға бошлади. Бир киши беш дақиқада ўртача 50 килограммдан чигиртка йиғди. Уларни қуритиб, аҳоли молларига, паррандаларига беришди. Натижада молларнинг семириши жадаллашди, товуқларнинг тухум бериш маҳсулдорлиги ошди. Шу боис уни чорва учун озуқа сифатида қишга ғамлаб қўйганлар ҳам бўлди. Муҳими, қишлоғимиз атрофи ушбу зараркунандадан бирмунча тозаланди.
Агар бу тажриба саноат усулида амалга оширилса, унинг аҳамияти янада юқори бўлар эди. Менимча, олимларимиз, тадбиркорларимиз мана шу ҳақда ҳам ўйлаб кўрадиган пайт келди.
Эрниёз ХОЛМИРЗАЕВ,
Ғузор туманидаги 39-ўрта мактаб ўқитувчиси