Меню
Қашқадарё
Мушак чиқаришга ёрдам берадиган препаратлар - юракка зарба
Даниянинг Копенгаген университети шифохонаси олимлари анаболик восита (мушак массасини ўстириш учун қўлланиладиган препарат)лар уни қабул қилиш тўхтатилганидан бир йил ўтиб ҳам соғлиққа зарар етказишда давом этиши мумкинлигини аниқлашди. Тадқиқот натижалари Истанбулда ўтган 25-Европа эндокринология конгрессида тақдим этилган.
Анаболик воситалар - тестостерон (табиий эркаклар жинсий гармони)га тақлид қилувчи синтетик гармонлар. Улар мушаклар массасини кўпайтириш ва спортдаги натижаларни яхшилаш учун қўлланади, бироқ қўшимча таъсирларга эга. Булар эркакларда кўкрак ўсиши, соч тўкилиши, тестостерон даражаси пасайиши, жинсий қувват сустлашиши ва юрак хасталиклари, инсульт, жигар ёки буйрак етишмовчилиги хавфи ортишини ўз ичига олади. Лекин, уларни қабул қилиш тўхтатилгач, бир йил ўтгандан кейинги таъсири ҳақида кам нарса маълум.
Янги тадқиқотда олимлар жисмоний машғулотлар билан шуғулланувчи 18 ёшдан 50 ёшгача бўлган 64 нафар эркакни ўрганишди. Улардан 28 нафари анаболик воситаларни қабул қилади, 22 нафари аввал фойдаланган бўлса, 14 нафари эса ҳеч қачон истеъмол қилмаган. Тадқиқотчилар компьютер томографияси асосида анаболик воситаларнинг собиқ қабул қилувчилари юрак соҳасида қон айланиши худди амалдаги фойдаланувчиларники каби ёмон эканлигини аниқлашди.
Бундан кўринадики, ҳатто анаболик воситаларнинг собиқ фойдаланувчилари ҳам уни ҳеч қачон истеъмол қилмаганларга нисбатан кўпроқ юрак касалликларига чалинишга мойил бўлади.
"Аввалги тадқиқотлар анаболик воситаларни қабул қилиш тўхтатилганидан кейин юрак фаолияти қарийб нормал ҳолатга қайтишини кўрсатган. Бироқ бизнинг натижалар собиқ фойдаланувчилар улар истеъмолини тўхтганидан бир йил ўтиб, юрак хасталиклари юқори хавфига дучор бўлишини кўрсатди", дея тушунтирган олимлар.