Меню

Қашқадарё

17.12.2016 1796

МУРОЖААТЛАР ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА

 

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмайди. Мурожаатлар билан ишлаш тартиби қонуний асосда белгилаб берилган. Бироз аввал Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ишга туширилди. Бу янгилик халқ билан яқинроқ мулоқот ўрнатиш имконини берди, десак хато бўлмайди. Ушбу виртуал қабулхонага келиб тушаётган шикоят, ариза ва таклифлар тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, кўтарилган масалалар қисқа муддатда ҳал этилмоқда.

Биргина мисол. Ўтган даврда вилоят солиқ идоралари томонидан 42 та мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказилди ва улар қаноатлантирилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, аксар мурожаатларда вилоятимиздаги айрим савдо шохобчаларида сотувчиларнинг ҳисоб-китобни пластик карточкада амалга оширишдан бош тортгани билдирилган. Шунингдек, савдо қоидаларига риоя қилмаслик, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳолатлари қайд этилган.

Жумладан, Муборак туманида яшовчи фуқаро И.Жонимқулованинг мурожаатида айтилишича, туман ҳудудида фаолият юритувчи бир қатор савдо дўконларида ун маҳсулотлари хариди учун тўлов   пластик карточка орқали қилинганда товар нархига 20 фоизгача устама қўйиш ҳолати кузатилган. Одатда бундай вазиятда солиқ идоралари томонидан белгиланган тартибда қисқа муддатли текшириш ўтказилиб, қоидабузарлик юзасидан зарур чоралар қўлланилиши талаб этилади. Бироқ ҳолат бўйича асословчи маълумотларнинг етарли эмаслиги сабабли ўрганиш олиб боришнинг имкони бўлмади. Ўз навбатида, мазкур ҳудуддаги чакана савдо шохобчаларига пластик карточка орқали савдо қилганда маҳсулот нархини асоссиз оширмаслик шартлиги кўрсатилган огоҳлантириш хатлари юборилди.

Қарши шаҳрилик Б.Турсунов томонидан йўлланган мурожаатда эса вилоятимиз марказидаги баъзи автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида тўлов терминаллари ишлатилмаётгани, бензин ноқонуний тарзда йўл ёқаларида сотилаётгани баён қилинади. Аҳволни ўрганиш мақсадида Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан бир қанча тадбиркорлик субъектларида режадан ташқари қисқа муддатли текширув ўтказилди. Натижада айрим шохобчаларда қоидабузарликлар аниқланди. Мисол учун, “АSВ-КО” МЧЖга қарашли АЁҚШда  шохобча  оператори томонидан кунлик савдодан тушган нақд пуллар назорат-касса машинасига кирим қилинмаган.      Ҳолат юзасидан  айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 119-моддаси 1-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда молиявий жарима ҳамда МЖтКнинг 164-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, солиқ ва ички ишлар идоралари ходимлари ҳамкорлигида Қарши шаҳрининг Насаф, Каманди, Алишер Навоий кўчаларида рейд тадбирлари ташкил этилди. Текширишлар давомида 4 та ҳолатда бензин савдоси билан ноқонуний шуғулланаётган фуқаролардан 309 литр ёнилғи олиб қўйилди, келгусида уларга қонунда кўзда тутиланган тартибда чора кўрилиши белгиланди.

Худди шунингдек, Касби  туманида яшовчи фуқаро  Х.Макшванов ҳам Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига асосли сабаб билан мурожаат қилган. Унинг билдиришича, дори сотиб олиш учун дорихонага кирган ва харид учун сотувчига пластик карточка тақдим қилган. Аммо сотувчи ҳисоб-китобни пластик карточка орқали амалга оширишдан бош тортган ва харидордан нақд пул талаб қилган.

Мазкур мурожаатда келтирилган ҳолат юзасидан Қарши шаҳрида жойлашган “Ҳаётбахш” хусусий фирмасига қарашли дорихонада режадан   ташқари қисқа муддатли текширув ўтказилди. Унда харидорга харид чеки бермаганлик ва кунлик савдодан тушган нақд пулларни назорат-касса машинасига кирим қилмаганлик ҳолатлари аниқланди. Мурожаат муаллифига қоидабузар бу қилмиши учун тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши маълум қилинди.

Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг қонуний манфаатлари ётганлигини унутмаслик лозим. Ўзбекистон      Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ана шундай ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати бўлиб хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Фирдавсий Жабборов,

вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати бош мутахассиси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!