Меню

Қашқадарё

04.02.2017 3258

МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ

Маълумки, инсон манфаатларини, адолатни таъминлаш учун аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан билиш зарур. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги кенг кўламли ва изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.

Фармон давлат идоралари вакилларини халқ билан анча яқинлаштирди, тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятини оширди. Ўз-ўзидан ҳудудларда мавжуд камчиликлар, муаммолар, аҳолини қийнаб келаётган масалалар қалқиб чиққан бўлса, айрим кишиларнинг таклиф ҳамда мулоҳазалари кўплаб соҳа ва йўналишларни қайта кўриб чиқиш, йўналишни тўғри ўзанга буриш кераклигини ҳам кўрсатиб берди. Булардан ким фойда кўради? Албатта, халқ, жамият, давлат.

Ўтган йилнинг 25 сентябрида Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий тизимини яратиб берганди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси қисқа даврдаги фаолияти давомида аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди. Ўтган давр мобайнида юз минглаб фуқароларимиз виртуал қабулхона орқали давлатимиз раҳбари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганининг ўзиёқ мазкур қабулхона фуқароларимиз қалбидан нечоғлик чуқур жой олганини, уларга ҳар жиҳатдан маъқул бўлганини кўрсатиб беради. Чунки интернет тармоғидаги мазкур қабулхона мурожаатлар билан ишлашда, ечимини кутиб ётган муаммоларни ҳал этишда муҳим воситага айланди.

Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан бир вақтнинг ўзида 3 та янги тузилма ташкил этилиши назарда тутилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ишлар бошқармаси ҳузуридаги фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасини ташкил этиш ҳамда республикамиздаги ҳар бир шаҳар ва туманда Президентнинг халқ қабулхоналарини очиш белгиланди.

Ушбу тузилмаларнинг асосий вазифаси сифатида халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг бутунлай янги ва самарали тизимини жорий қилиш, уларнинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўла-тўкис ҳимоя қилишга қаратилган самарали механизмни ҳаётга татбиқ этиш кўрсатилди.

Бунинг натижалари қандай бўлади? Аввало, халқ қабулхоналари мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлайди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига доир қатор тизимли камчиликларни аниқлаш, баҳолаш имконини яратди. Ҳудудларда аҳолини қийнаётган муаммоларни рўй-рост кўрсатиб берди.

Келиб тушаётган мурожаатларнинг характери ва мазмун-моҳиятига қараб, қайси ҳудудда қандай муаммо борлигини, фуқароларни нима кўпроқ ташвишга солаётгани яққол кўринди. Бу келгусида тегишли ҳудудларни стратегик ривожлантиришнинг мақсад ва вазифаларини ҳам аниқлаштириб олиш имконини беради.

Маълумки, одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш – аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, фармонда эндиликда давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар фуқаролардан тушаётган аризалар билан ишлашни ташкил этиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этиши белгиланди.

Қарор ижроси ҳар биримизнинг ҳаётимизда акс этмоқда. Айни кунларда вилоят прокуратураси, вилоят божхона, давлат солиқ бошқармалари ва бошқа кўплаб идоралар масъул ходимлари иштирокида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида аҳоли, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, уларни қийнаётган масалаларга жойида ечим топилмоқда. Шунга мувофиқ ҳудуд ривожидаги истиқболлар белгиланмоқда.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Чироқчи туманида бўлишиб, халқ билан мулоқотда бўлаяпти. Аҳолини қийнаётган муаммолар, ҳудудда ечимини кутаётган масалаларни атрофлича ўрганишаяпти. Ушбу мулоқот натижалари келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш учун белгиланган муҳим йўналишларни мукаммаллаштириш учун ҳам асқатади. Аҳамиятлиси, бу каби мулоқотлар бошқа ҳудудларда ҳам узлуксиз давом этади.

Мухтасар айтганда, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили арафасида қабул қилинган ушбу фармон халқни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда замон талабларига жавоб берадиган механизм яратишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!