Меню

Қашқадарё

27.07.2017 1956

МУРОЖААТЛАР БИЛАН ИШЛАШДАГИ МАСЪУЛИЯТСИЗЛИГИ УЧУН АЙРИМ РАҲБАРЛАР ИШДАН ОЛИНДИ

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгаши депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари масъуллари, корхона-ташкилотлар раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқбол вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятида устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар сезилмаётгани, парламент ва депутатлик назоратининг самарали амалга оширилмаётганини танқидий  баҳолаган эди.

Шу муносабат билан сессияда Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, депутатларнинг иш самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида кенгаш раиси, шаҳар ҳокими Жамшид Фозиловнинг маърузаси тингланди.

Сессия кун тартибига киритилган иккинчи масала - Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни ижросининг Қарши шаҳрида таъминланиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Таъкидланишича, шаҳар ҳокимлигига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарши шаҳар Халқ қабулхонасига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар тизимли равишда ўрганилиб, уларда кўтарилган муаммоларга дарҳол ечим топиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрилмоқда. Барча даражадаги корхона ва ташкилотлар раҳбар ҳамда масъул ходимларига мурожаатлар билан ишлаш, келтирилган ҳолатларни мурожаат эгаси билан биргаликда ўрганиб, асосли ҳал этиш, ҳар бир мурожаатга қонунда белгиланган вақтда жавоб қайтариш бўйича қатъий талаб қўйилган. Бу борада бепарволикка йўл қўйгани учун "Қаршишаҳаргаз" идораси ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаси раҳбарлари эгаллаб турган вазифасидан озод этилгани маълумот ўрнида айтиб ўтилди.

Шунингдек, сессияда Қарши шаҳар ички ишлар бўлими, Давлат солиқ инспекцияси, тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг ҳамда шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарининг ҳисоботлари тингланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатларнинг муносабатлари эшитилди. Депутатлар томонидан билдирилган қатор таклифлар инобатга олиниб, улар бўйича тегишли қарор лойиҳалари тайёрланиши ва навбатдаги сессия кун тартибига киритилиши белгиланди.

Сессияда сиёсий партиялар ва депутатлар фаолиятида устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар йўқлиги, депутатлик назорати самарали амалга оширилмаётгани танқид қилинди. Сиёсий партиялар уюшмаган ёшларга умуман эътибор қаратмаётгани, кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш масаласи эътибордан четда қолаётгани, қонунлар қабул қилишда жамоатчилик, сайловчиларнинг кенг иштироки таъминланмаётгани таъкидланди. Депутатларнинг иш услубини ўзгартириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш каби муҳим масалалар бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Кун тартибига киритилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессиялар вилоятимизнинг барча туманларида бўлиб ўтмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!