Меню
Қашқадарё
МУРОЖААТЛАР ҚАНДАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАЯПТИ?
Инспекциянинг вилоят бошқармаси ўз фаолиятини 2018 йилнинг 1 августидан бошлаган бўлса, ўтган давр мобайнида ваколати доирасида қатор назорат тадбирларини олиб борди. Шу билан бир қаторда, аҳоли вакиллари ва тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, қонуний асосда ҳал этилаётир.
Масалан, шу кунга қадар фуқаролардан 40 дан ошиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг кўпчилиги сувдан адолатли фойдаланиш, давлатга уруғлик дон сотиш, ердан фойдаланиш ва шу каби масалалар билан боғлиқ.
Шунга асосан бошқарма ходимлари жойига бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Мисол учун, Касби туманидаги “Акромова Нигора” фермер хўжалиги раҳбари Х.Мусаев инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи номига хат билан мурожаат этиб, 20 гектар майдонга уруғлик учун ғўза эккани, бироқ етиштирилган пахта хом ашёси тўлиқ уруғликка қабул қилинмаётганидан норозилигини билдирган.
Ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам фермер 20 гектар ер майдонига келгусида уруғлик пахта ҳосили етиштириш мақсадида ғўза экканлиги, бироқ агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажармагани натижасида даланинг бир қисмини бегона ўт босиб, олинган ҳосил уруғлик учун яроқсиз ҳолга келиб қолгани аниқланди.
Фермерга парваришланган 20 гектар майдондаги ғўзанинг 15 гектаридан олинган ҳосил уруғликка яроқли эканлиги, қолган 5 гектар майдондан олинган ҳосил эса уруғлик учун яроқсизлиги тушунтирилди.
Шунингдек, Қарши туманидаги “Ирисов Тоштемир” фермер хўжалиги раҳбарининг ғўза майдонларини сувлаш учун сув берилмаётгани ҳақидаги мурожаати ўрганилиб, фермернинг ташвиши бекорга эмаслиги аниқланди. Ҳудудда сувни ўрнатилган тартиб асосида тақсимлаш, бу борада адолат мезонларига қатъий риоя қилиш бўйича масъул ташкилотларга кўрсатма берилди. Фермернинг даласига сув етиб бориши таъминланди.
Қолаверса, сувнинг қуйи оқимида жойлашган хўжаликлар томонидан келиб тушаётган худди шу каби кўплаб мурожаатлар умумлаштирилиб, уларнинг муаммоларига ечим топиш, сувнинг охирги истеъмолчиларга қадар етиб боришини таъминлаш мақсадида Қарши бош канали, М-3, Пистали ва бошқа асосий каналларда мунтазам равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Моҳира МУҲАММАДИЕВА,
инспекция вилоят бошқармаси мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош инспектори