Меню

Қашқадарё

22.01.2021 1795

МУРОЖААТГА МУНОСАБАТ ШУМИ?

Ёхуд тўрт энлик жавоб хати билан муаммони ҳал этиб бўладими?

Инсон ҳуқуқлари

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш давлатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Шундай экан, ҳар бир идора, ташкилот мутасаддилари ҳам ана шу  сиёсат моҳиятини теран ҳис этиб, фуқаролар мурожаати билан ишлашда масъулиятни ошириши лозим. Аммо айрим ташкилотлар мутасаддилари бу ишга ҳамон панжа орасидан қараб, фуқаро мурожаатини чуқур ўрганиш, у кўтарган муаммони амалий ҳал этиш чораларини кўриш ўрнига хонасидан чиқмасдан туриб, мурожаатга икки энлик хат билан жавоб бериб қўя қолишаётгани ачинарли ҳолдир.

Натижада эса фуқаро ўзи дуч келган муаммони ҳал этолмай, йиллаб гоҳ у ташкилот, гоҳ бу ташкилот эшигида сарсон-саргардон юришга мажбур бўлмоқда.

Мисол учун, Қарши шаҳрида яшовчи Муҳаррам Ишонқулова Ислом Каримов кўчасидаги хонадонлардан бирида истиқомат қилган. 2016 йилда у ва қўшнилари яшаган уй-жойлар бузилиб, ўрнида янги, кўп қаватли уйлар барпо этилиши белгиланган. Фуқароларга эса шу ерда "дом" қурмоқчи бўлаётган "XXI аср" хусусий фирмаси масъуллари янги уйдан квартиралар ажратишини билдирган.

Шундан сўнг фуқароларнинг уй-жойлари нархланиб, янги квартира қиймати келишилган. Уйнинг қандай ҳолатда, қачон топширилишига қадар шартномада ўз аксини топган.

Хусусан, М.Ишонқулова ва қурувчи ташкилот раҳбари ўртасида имзоланган шартномага кўра, фуқарога ваъда қилинаётган квартира 2017 йил якунига қадар тайёр ҳолатда топширилиши керак эди.

Аммо 2019 йил кириб келади ҳамки, "XXI аср" хусусий фирмаси томонидан қурилаётган кўп қаватли уй тўлиқ битказилмади. Бу орада йиллаб ижарада яшаган, қанча саргардонликларни бошидан ўтказган фуқаролар, шу аснода, Муҳаррам Ишонқулова ҳам деярли "коробка" ҳолатидаги хонадонга кўчиб киришга мажбур бўлди. Шундан сўнг, чала қолган барча таъмирлаш ишларини ўзи бажариб, ҳатто зарур анжомларни ҳам сотиб олиб ўрнатади. Ваҳоланки, шартномага кўра, бу ишлар қурувчи ташкилот зиммасида эди.

Бу ҳам етмагандек, қурилиш ташкилоти раҳбари хонадонларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, уйни газ таъминотига улаб беришни  ҳам пайсалга сола бошлади. Шундан сўнг тоқати тоқ бўлган М.Ишонқулова "XXI аср" хусусий фирмаси ўз зиммасидаги вазифаларни бажармаётгани хусусида Қарши шаҳар прокуратурасига мурожаат этиб, муаммони ҳал этишда амалий ёрдам беришини сўраган.

Фуқаронинг 2020 йил 17 июндаги мурожаатига Қарши шаҳар прокуратураси томонидан йўлланган жавоб хатида, прокуратура томонидан мурожаатда келтирилган масалалар бўйича ўрганиш ўтказилгани, ўрганиш давомида уй-жойнинг кеч топширилишига қурилиш ишларининг вақтида якунланмагани, фуқаро эса айни пайтда янги уй-жойда яшаб келаётгани аниқлангани айтилиб, "XXI аср" хусусий фирмаси билан фуқаро ўртасидаги низоли масалалар бўйича фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига мурожаат этиши мумкинлиги тушунтириб ўтилган.

Шунингдек, М.Ишонқулованинг худди шу масалада Қарши шаҳар ҳокимлигига қилган мурожаатига шаҳар ҳокимлиги мутасаддиси ҳам қурувчи ва фуқаро ўртасидаги низолар  бошқа бир қатор ташкилотлар томонидан ҳал қилиниши мумкинлигини айтиб, хат юборади. 

Шундан сўнг, Муҳаррам Ишонқулова яна Қарши шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилиб, "XXI аср" хусусий фирмаси шартнома шартларини бажармаётгани, яъни унга тўрт йил аввал тайёр ҳолатда топширилиши керак бўлган уйнинг қурилишини ҳали ҳам тугатиб бермагани, аксарият таъмир ишларини ўзи бажаргани, ҳозир ҳам кўп қаватли уй табиий газ тармоғига уланмагани, электр шчитлари қўйилмагани, қолаверса, кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилмагани, бунинг учун уйни давлат стандартларидан ўтказиш кераклиги, бироқ қурувчи ташкилот бу ишни пайсалга солиб келаётгани, шу боис Қарши шаҳар ҳокимлиги махсус комиссия ташкил қилиб берса, комиссия уйнинг талабга мувофиқлигини ўрганиб, шу асосда кадастр ҳужжати тайёрлаб берилишида ёрдам кўрсатишини сўраган.

Қизиғи, фуқаронинг бу мурожаатига ҳам шаҳар ҳокимлиги айнан аввалги жавоб хатининг нусхасини фақат саналаринигина ўзгартириб, қайта юборган.

Жавобдан қониқиш ҳосил қилмаган фуқаро муаммони ҳал қилишда шаҳар ҳокимлиги амалий ёрдам кўрсатиши лозимлиги, йўқса шу масалада юқори ташкилотларга чиқишга мажбур бўлишини айтиб, Қарши шаҳар ҳокимлигига яна мурожаат этади. Орадан бир неча кун ўтиб эса ҳокимликдан "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуннинг 1-хатбошисига асосан сиз билан ёзишмалар тўхтатилганлиги ва кейинги мурожаатларинингиз кўрмасдан тугатилиши ҳақида огоҳлантирамиз" деган жавоб келган.

Ҳокимлик вакиллари ўз айтганини қилди.    М.Ишонқулованинг мурожаатлари кўриб чиқилмаслиги тўғрисида шаҳар ҳокимининг тегишли қарори чиқарилиб, у электрон тизимга жойлаштирилган ва шу асосда фуқаронинг кейинги мурожаатлари кўрилмасдан қолаверган.

Тоқати тоқ бўлган Муҳаррам Ишонқулова ва  бошқа фуқаролар улар яшаётган кўп қаватли уй газ таъминотига уланмагани, бу борадаги мурожаатларидан натижа бўлмаётгани, ҳеч бўлмаса вақтинча суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишга рухсат беришни сўраб Қарши шаҳар газ таъминоти бўлимига мурожаат қилади. Бироқ яна ўша гап. Шаҳар газ таъминоти бўлими ҳам муаммони ўрганиб ўтирмасдан, шунчаки кўп қаватли уйларга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилмаслиги ҳақидаги қуруқдан-қуруқ жавоб хати билан чекланишган. Шуни  айтсалар керак-да, "Танаси бошқа дард билмас" деб.

Муҳаррам Ишонқулова ва бошқаларнинг юқоридаги муаммо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги халқ қабулхонасига қилган мурожаати мутасаддилар иштирокида жойига чиқиб ўрганилди. Натижада, "XXI аср" хусусий фирмаси томонидан Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчасида қурилган 38-б уйнинг қурилиши ва унинг уйи "снос"га тушган фуқароларга топширилишида бир қатор қонунбузилишларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, ташкилот раҳбари уйни шартномада кўрсатилган муддатда, яшаш учун тайёр ҳолатда топширмаганлигидан ташқари, қурилиш жараёнида ҳам бир қатор камчиликларга йўл қўйган.

Энг қизиғи, фуқароларнинг шунча мурожаатига бефарқ қараган Қарши шаҳар ҳокими қурилиши якунланмаган бинони доимий фойдаланишга топшириш ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор чиқарган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли далолатнома тузилиб, у "XXI аср" хусусий фирмаси раҳбари А.Ашуров томонидан тасдиқланган ҳамда Қарши шаҳар ҳокимининг ўша вақтдаги  ўринбосари У.Авазов ва бошқа масъуллар томонидан имзоланиб, шу асосда бино фойдаланишга топширилган. Балки "Зўрнинг кучи тегирмон юритар" деганлари ҳам шудир.

Хуллас, ўрганиш давомида мутасаддилар кўп қаватли уйнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши жараёнида кўплаб қонунбузилишларга йўл қўйиб, кейин эса фуқароларнинг ҳақли эътирозларига "Отангга бор, онангга бор" қабилида жавоб йўллаб юраверишган.

- Айни пайтда мазкур қонунбузилишга йўл қўйган мутасаддиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан вилоят прокуратурасига тегишли таклиф киритилди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев. - Ўйлаймизки, ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармасдан фуқароларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқаришга сабабчи бўлган масъул ходимларнинг ҳаракатларига вилоят прокуратураси томонидан муносиб баҳо берилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!