Меню

Қашқадарё

07.12.2017 1985

МУРОЖААТГА ЭЪТИБОР – ИНСОН ОМИЛИГА ЭЪТИБОР

Дастлаб ўз ҳудудида ҳўкиз ўғирланганидан хабар топган элликбоши Қобил бобони ҳўкизи топилишига ишонтириб, аминга бориб учрашишни маслаҳат беради. (Маълум “тортиқ” эвазига, албатта)

- Йўқолмасдан илгари бормиди? Қандақа ҳўкиз эди? - дейди амин бобонинг арзини тинглаб.

- Ола ҳўкиз...

- Яхши ҳўкизмиди ё ёмон ҳўкизмиди?

- Қўш маҳали...

- Яхши ҳўкиз биров етакласа кета берадими?

- Бисотимда ҳеч нарса йўқ...

- Ўзи қайтиб келмасмикин?.. Биров олиб кетса қайтиб кела бер, деб қўйилмаган экан-да! Нега йиғланади? А? Йиғланмасин!

Шундан сўнг амин ҳам “суюнчи”ни олгач, “пристав”га хабар беришни ваъда қилади. Қобил бобо гўёки “пристав” аралашса, ҳўкизи топилиши аниқдек бу ваъдага бир неча кун қувониб юради. Бироқ бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтиб ҳам ҳўкиздан дарак бўлавермагач, яна аминнинг олдига, унинг бир қанча таъна-дашномларини эшитиб, сўнгра “пристав”га боради. Аввалига “пристав”нинг таржимони, сўнг ўзи уни роса “шилиб”, яна аминга, амин эса элликбошига қайтаради. Элликбоши уни яна калака қилиб, кўнчиликка бориб, у ердаги териларни кўздан кечиришни маслаҳат беради.

Бу ҳикояни келтиришимнинг боиси, бугун ҳам Қобил бобо сингари кўплаб юртдошларимиз ўзларини қийнаётган турли масалалар юзасидан турли идораларга, корхона ва ташкилотларга мурожаат этишади. Бироқ ҳеч бир раҳбар ёхуд масъул шахснинг уларни “Ўғри”даги элликбоши, амину “пристав”лар каби қарши олишга, мурожаатларини беэътибор қолдиришга ҳақи йўқ. Акс ҳолда тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши муқаррар. Чунки Бош қомусимизнинг 35-моддасида “Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”, дея қатъий белгилаб қўйилган.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ушбу тамойилга асосан, юртимизда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Дастлаб Конституциямизда акс этган юқоридаги нормаларнинг тадрижий ва мантиқий давоми сифатида 1994 йил “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлса, ўтган йиллар мобайнида бу Қонун бир неча маротаба такомиллаштирилиб, янги таҳрирларда қабул қилиниши ҳам мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш доимий эътиборда эканлигини англатади.

Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ҳаётбахш тамойил асосида жорий этилаётган мурожаатлар билан ишлашнинг янгича тизимлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилаяпти. Хусусан, Президентимизнинг виртуал қабулхонаси ишга туширилиб, ҳал этилмаган муаммоси бор ҳар бир фуқаро бевосита давлат раҳбарига мурожаат этиш имконига эга бўлди. Барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш амалиёти жорий этилди, ҳар бир туман ва шаҳарда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фуқароларнинг йиллар давомида ҳал этилмай келинаётган муаммоларига ечим топишда муҳим роль ўйнаяпти. Ўз ўрнида мурожаатлар билан ишлашнинг ушбу механизми, раҳбарларга бўлган талабни ўн, юз чандон оширди. Дунё тажрибасида янгилик бўлган бу амалиёт Халқ қабулхоналарига ва Виртуал қабулхонага келиб тушган ҳамда тегишлилиги бўйича давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш имконини бермоқда.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси иш бошлаганидан буён 1 декабрь ҳолатида аҳолидан 24 минг 366 та мурожаат келиб тушди, - дейди вилоят Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси Давлат Имомов. – Ушбу мурожаатларнинг 19 минг 247 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, 3 минг 399 та мурожаат эгаларига зарур тушунтиришлар берилган бўлса, 36 та мурожаат тугатилган. 81 та мурожаатлар эса аноним хусусиятга эгалиги боис рад қилинган.

Яна бир жиҳат шуки, фуқаролар Халқ қабулхоналарига нафақат шахсий муаммолари, балки ҳудудларни ривожлантириш, одамларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга оид таклифлар билан ҳам келмоқда. Бу эса юртдошларимизнинг мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга бўлган дахлдорлик туйғуси ўсиб бораётганидан далолат беради.

- Уйимиз олдидаги йўл таъмирга муҳтож бўлиб, ёғин-сочинли кунларда жуда қийналардик, - дейди Қарши тумани Батош маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Ойимгул Турдиева. – Бу борада бир неча бор мутассаддиларга қилган мурожаатларимиз беэътибор қолаётган эди. Шу боис вилоят Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Шундан сўнг тез орада туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан йўлнинг аҳволи ўрганилиб, ҳақиқатан ҳам таъмирлаш талаб этилади, деб топилди ва қисқа фурсат ичида бу иш амалга оширилди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг барчаси бизга бир ҳақиқатни англатади: Конституциямизда белгилаб қўйилгани каби давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилмоқда. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизга чуқур жорий қилинмоқда. Бу эса мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкинлигидан далолат беради.

Яна шуни ҳам таъкидлашни истардимки, бугун ҳеч бир фуқаро Қобил бобонинг кўйига тушмайди, давлат идоралари эшигидан изза, калака бўлиб қайтмайди. Чунки, юртимизда фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборда ва бунинг қонуний асослари Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!