Меню

Қашқадарё

15.02.2022 1392

Мурувват уйидаги ҳолат ишчи гуруҳи томонидан чуқур ўрганилмоқда

Брифинг

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Қарши “Мурувват”  ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйининг аҳволи, у ерда болаларга бўлаётган муносабат ҳақида “Қўли боғланган ва “унутилган”: Қарши ногирон болалар уйи кузатув камераларидаги тасвирлар” бўйича видео лавҳа тарқалди. Ушбу ҳолатни чуқур ўрганиш мақсадида вилоят ҳокими назорати остида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Масалага очиқлик киритиш мақсадида Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида бўлиб ўтган брифингда ҳолат бўйича ишчи гуруҳ аъзолари томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларга маълумот берилди.

Қарши шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи тиббий-ижтимоий муассаса ҳисобланиб, айни пайтда у ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган 300 нафар бола истиқомат қилади.  "Мурувват" уйида тиббий ходимлар ва педагоглар ҳамкорликда фаолият юритади. Айни пайтда бу ердаги ишчи-хизматчиларнинг сони 397 нафарни ташкил этади.

- Ҳолат бўйича ишчи гуруҳ томонидан чуқур ўрганиш олиб борилмоқда, - дейди Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи Шоира Ҳайдарова. – Лекин ҳали ўрганиш ишлари ниҳоясига етгани йўқ. Маълумки, руҳиятида нуқсони бўлган ҳар бир болани бошқариш жуда қийин. Шу сабабли қонунчилигимизда уларни бошқариш учун рухсат этилган усуллар бор. Шундай бўлса-да, хатоликларга йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Ўрганиш ишлари ниҳоясига етганидан сўнг охирги натижалар бўйича пресс-тур ташкил этилади ва ҳолатга очиқлик киритилади.

Маълумот учун: Сирдарё вилояти ногиронлиги бўлган аёллар учун интернат уйи директори лавозимида ишлаб келган Дилшод Файзуллаев жорий йилнинг 15 февралидан уч ой синов муддати билан Қарши “Мурувват”  ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи директори вазифасини бажарувчи лавозимида иш бошлади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!