Меню
Қашқадарё
МУРАККАБ ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИ
Юртимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар бугун янги босқичда. Натижалар эса кўп куттираётгани йўқ. Масалан, кадрлар соҳасидаги ўзгаришлар сабаб ҳозирда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалида замонавий юқори технологик лапароскопик даво усули кенг қўлланилмоқда. Жорий йилдан бошлаб сальпингоовариоэктомия, тубэктомия, кистэктомия, холецистэктомия, ошқозон ва 12 бармоқ ичак ярасининг тешилишида ва панкреонекроз хасталигида лапароскопик жарроҳлик усулидан фойдаланишга ўтилди. Торакоскопия кенг қўлланилмоқда. Кейинги уч ой давомида 45 дан ортиқ лапароскопик аппендэктомия амалиётлари бажарилган.
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва нутқида, турли учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, унинг сифатли тиббий хизматга бўлган талабини қондириш ниҳоятда зарурлигини таъкидлайди, - дейди республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали директори Шаҳризод Боймуродов. - Айниқса, Президентнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган вазифалар, соҳага қаратилган эътибор ва берилаётган имтиёзлар, ажратилаётган замонавий тиббий асбоб-ускуналар ноёб технологик имкониятларни яратмоқда. Шошилинч ҳолатларда диагностика ва даволашнинг янги истиқболли усулларини ишлаб чиқиш, ривожлантириш ва амалиётга татбиқ қилиш имкониятларини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, даволаш жараёнининг самарасини оширибгина қолмай, стационар даволаш муддатларини ва бунинг натижасида келиб чиқадиган сарф-харажатларни ҳам кескин камайтирмоқда.
Филиал шифокорларининг сўнгги энг катта ютуқларидан бири бачадон миомаси билан хасталанган беморларда лапароскопик оператив усул орқали бачадон ампутациясини ўтказиш бўлди. Бу усулда авваллари фақатгина пойтахтда хорижий ва маҳаллий мутахассислар иштирокида амалиётлар ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 15 ноябрь куни вилоятимизда маҳаллий шифокорлар томонидан биринчи марта бажарилди.
- Шу турдаги очиқ операциядан сўнг қоринда 18-20 сантиметр чандиқ қолса, лапараскопик усулдаги аралашувдан сўнг улар катталиги атиги 0,5-1 сантиметрни ташкил этади, - дейди Шаҳризод Боймуродов. - Яна шуниси билан эътиборлики, қорин ички аъзоларида ҳам чандиқ ҳосил бўлмайди, ичаклар тортилиши кузатилмайди. Лапароскопик жарроҳлик амалиётлари давомида эндовидеотизимнинг қўлланилиши энг муҳим янгиликлардан бири бўлди. Натижада операцияда иштирок этувчи барча тиббиёт ходимлари жараённи монитор орқали кузатиш имконига эга бўлди.
Филиал раҳбарининг маълумотларига кўра, ушбу жарроҳлик амалиётларида иштирок этаётган мутахассислар республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида беш ойлик ўқув курсида таҳсил олиб, эндохирург сертификатини олишган. Шунингдек, улар жорий йилда ушбу марказда Туркия, Озарбайжон, Германия ва Россия давлатларидан келган етук шифокорлар томонидан ўтказилган маҳорат дарсларида иштирок этишган. Шаҳризод Боймуродов эса шу йўналишда бир неча марта Германия, Италия тиббий муассасаларида бўлиб, малака ошириб қайтган.
- Лапароскопик оператив усул орқали бачадон ампутацияси амалиётининг ўзимизда ўтказишга эришилгани биз учун жуда катта ютуқ бўлди, деб ўйлайман, - дейди муассаса гинекология бўлими мудири Улуғбек Султонов. - Бу усулнинг афзалликлари жуда кўп. Масалан, бемор очиқ ҳолда операция қилинганда, жароҳати йиринглаши мумкин, шунингдек, операциядан кейинги оғриқ синдроми кучлироқ бўлади. Ўзлаштирилган янги усул эса беморнинг тез тикланиб, ижтимоий фаолиятга қайтишини осонлаштиради. Бу жамиятга ҳам фойда. Энг муҳими, воҳадошларимиз энди бундай мураккаб амалиётлар учун ортиқча пул сарфлаб чет эл ёки пойтахтдаги клиникаларга боришлари шарт эмас.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида номи қайд этилган фармон ҳамда у билан тасдиқланган ҳуқуқий ҳужжатлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янги босқичга кўтариш, соҳада илмий-тадқиқот фаолияти кўламини кенгайтириш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда операция жараёни.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.