Меню

Қашқадарё

29.03.2022 1315

МУРҒАК ҚАЛБЛАРГА ЭЪТИБОР

Иккинчи жаҳон уруши йилларида турли миллатларнинг етим қолган болаларини асраб олиб, ўз фарзандидек парваришлаб, таълим-тарбия берган тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи ҳақида билмайдиган одам бўлмаса керак. Айни пайтда мамлакатимизда мана шундай оилалар сони ортиб бормоқда. Президентимиз ташаббуси билан меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билимли ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказиш мақсадида жорий қилинган тизим ота-она меҳридан мосуво бўлиб келган мурғак қалблар ҳаётида тамомила янги саҳифа очаётгани қувонарли.  Мана шу тизим бўйича вилоятимизда ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Масалан, Қамаши туманидаги 4-Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 138 нафар боланинг 92 нафари оилавий болалар уйларига берилди.

34 йиллик меҳнатларим эътироф этилди

Маълумки, Президентнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди.  Ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида Китоб туманидаги 2-оилавий болалар уйи тарбиячиси Шахло Обидова ҳам бор. У II даражали Соғлом авлод учун ордени билан мукофотланди.

- Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйида етакчи, тарбиячи, раҳбар лавозимларида 34 йил меҳнат қилганман, - дейди Шахло Обидова. – Бу маскан ёпилгандан сўнг тарбияланувчиларнинг барчаси Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйига ўтказилди. Болаларга ўрганиб қолган эканман, телефон орқали гаплашиб турардим. Бир куни улар менга телефон орқали Президентимиз томонидан оилавий болалар уйи ташкил қилинаётганлигини айтиб, “Онажон, илтимос бизларни Сиз асраб олинг. Сиз билан бирга яшашни хоҳлаймиз”, деб қолишди. Шунда синглим билан маслаҳатлашиб оилавий болалар уйи очдик ва 6-17 ёшлардаги 9 нафар ўғил  болани асраб олдик.

Шахло Обидованинг таъкидлашича, бугун бу болалар Китоб туманидаги Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган пайтида ўзлари хоҳлаб борган тўгаракларига қайтадан йўналтирилиб, уйда ҳам турли спорт анжомлари ёрдамида спорт билан шуғулланишмоқда. 3 нафари эса тумандаги 4-мактабда фан тўгаракларининг фаол аъзосига айланган.  

- Бу юксак мукофотга сазовор бўлганимни эшитиб, тўғриси жуда қувондим, - дейди Шахло Обидова. – Айниқса, мукофотни Президентимизнинг ўзлари топширишлари ва менга “Жуда савоб иш бошлабсиз. Менинг қароримни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаганингиздан жуда хурсандман. Бу мукофот меҳнатларингизнинг маҳсули. Сиздай оналар кўпайсин. Бу болаларингиз ҳам яхши инсонлар бўлиб, халқ хизматида бўлишсин”, деб айтганларидаги таассуротларимни сўз билан ифода этолмайман. Шунингдек, мукофот олган ҳар бир хотин-қиз ҳақидаги маълумотлар Президентимизнинг эсларига қолганлигидан қойил қолдим.  Болаларимни барчасини эл корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялаш учун бор имкониятимни ишга соламан ва, албатта бунга эришаман.

Бир йўла 7 нафар фарзандли бўлдик

Шаҳрисабз шаҳрилик Дилобар Қўллиева фарзандсизликдан азият чекарди. Ажралиб кетай деса турмуш ўртоғини кўзи қиймайди. У билан жуда аҳил ва иноқ яшайди. Бу оила ахири бир тўхтамга келди.  Бола асраб олиш учун ҳокимиятдаги ҳомийлик ва васийлик кенгашига ариза билан мурожаат этиб, барча керакли ҳужжатларни йиғиб навбатга туришди.

Президентимизнинг оилавий болалар уйлари ташкил этиш борасидаги ташаббуси бу оилага ҳам қувонч олиб келди. Улар бир эмас, 7 нафар фарзандни ўз тарбиясига олишди.

- 2021 йилда ҳокимиятдан қўнғироқ қилиб чақиришди, бордик. Улар Меҳрибонлик уйлари ёпилаётгани ва оилавий болалар уйлари ташкил этилаётганини айтиб, тартиб-қоидаларини тушунтиришди, - дейди 7-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Дилобар Қўллиева. – Турмуш ўртоғим билан оилавий болалар уйи очишга рози бўлдик ва Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйига бордик. Болаларни биз танламадик, уларнинг ўзлари мени фарзандликка олинг, дея келиб бизни қучоқлаб олишди.

“Мослашув жараёни қандай кечди, ахир бир эмас 7 нафар фарзанднинг тарбияси сизларни қийнаб қўймадими?” - дея сўрайман Дилобар Қўллиевадан.

- Болали уй бозор, боласиз уй мозор, деб бежизга айтилмаган, - дейди у. –  Тўғриси, аввалида бироз чўчидик.  Аммо эр-хотин кундалик муаммоларга қарамай, олий мақсад сари интилдик.  Асосийси, болаларга меҳр билан ғамхўрлик қилаяпмиз. Болалар ҳам шунга жавобан бизни ая, дада, деб мослашиб кетишди.

Хонадонда уларнинг эмин-эркин яшашлари, оилавий муҳит тафтини ҳис қилиб улғайишлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Муҳими, бу болалар энди ота-она меҳру муҳаббатидан баҳраманд бўлишаяпти, ўзларини тенгқурларидан асло кам сезишмаяпти.

Вилоятимизда 16 та оилавий болалар уйи ташкил этилди

Президентимиз ташаббуси билан жорий қилинган ана шу янги тизим самарасида вилоятимизда 16 та оилавий болалар уйи ташкил этилиб, вилоят ҳокимлигида болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти, туманларда эса болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбалари ташкил этилди.

 Оилавий болалар уйи яратиш тўғрисидаги қарор 2007 йилда қабул қилинган эди, – дейди болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Инобат Каримова. – Лекин бу иш амалга ошмай келаётганди. 2021 йилдан мазкур тизимга эътибор кучайтирилди, бу эса яхши самара бераяпти.   Тўғри, Меҳрибонлик уйларида ҳар қанча зўр шароит яратилгани билан, барибир, бу даргоҳ ота-она, оиланинг ўрнини боса олмайди. Оиладаги ота тарбияси, она меҳрининг ўрни бошқа. Мени қувонтиргани вилоятимизда саховатпеша инсонларнинг кўплиги, меҳр-оқибатли, бағрикенг юртдошларимиз болаларни фарзандликка, васийликка олиш, оилавий болалар уйи очишни истаб бизга мурожаат қилаётганидир.

Эслатиб ўтамиз, оилавий болалар уйи очмоқчи бўлганлар никоҳдан ўтган, 35-50 ёшдаги фуқаролар бўлиши керак. Улар тегишли ҳужжатларни тахтлаб, туманларидаги болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбасига топширишади. Шундан сўнг рўйхатдан ўтказилиб навбатда қўйилади.

- Умуман олганда, бошланиш  жараёни ҳар доим қийин бўлади, - дейди Инобат Каримова.  - Шуни ёдда тутиш лозимки, оилага асраб олиш босқичида уйга келаётган бола ўз фарзандига ўхшамаслиги, у доимо ота-онасининг кутганидан фарқ қилиши мумкин. Кўпинча бу фарқлар яхши томонга бўлмайди.

Меҳрибонлик уйидан ташқари вилоят  ИИБ Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармаси (ҲООБ) вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига келиб тушаётган, қаровсиз қолган болалар ҳам оилавий болалар уйларига берилмоқда. Айни пайтда Касби туманидаги 2-оилавий болалар уйидаги 5 нафар бола ижтимоий марказларда келиб тушган болалардир.

- Қарши туманидаги оилавий болалар уйида тарбияланаётган 5 нафар ўғил болани асраб олган оиланинг аввал ҳам беш нафар фарзанди бўлиб, уларнинг ҳаммаси олий маълумотли, - дейди Инобат Каримова. - Айни пайтда бу олижаноб инсонлар асраб олган болаларини ҳам қўшимча дарсларга йўналтириб, олий ўқув юртига ўқишга тайёрлашмоқда.

  Халқимизда азал-азалдан етим-есирлар, ҳолидан хабардор бўлиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган қадриятлардир. Қувонарлиси, бу қадриятлар бугунги кунда ҳам йўқолиб кетмаган, аксинча, тобора ривожланиб бораяпти.  Ва албатта, мурғак қалбларга кўрсатилаётган бу каби эътибор, болажонларнинг эртанги кунга бўлган ишончини ошишига хизмат қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!