Меню
Қашқадарё
МУНТАЗАМ МУТОЛАА ТИББИЁТ ХОДИМИГА НЕЧОҒЛИК МУҲИМ?
Кўрик-танлов
Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Сайидо Насафий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида соғлиқни сақлаш бошқармасида тиббиёт ходимлари ўртасидаги "Энг яхши китобхон" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги, 2019 йил 7 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорлари ҳамда давлат раҳбари раислигида 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган беллашувда танловнинг шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган биринчи босқичи ғолиблари ўзаро баҳс олиб борди.
Даставвал китоблар савдоси ва кўргазмаси ташкил этилди.
Биринчи шартда китобхон иштирокчилар шахсий кутубхоналари акс этган фотолавҳаларни ҳакамлар ҳайъатига тақдим этишди. Иккинчи шартда ҳар бир иштирокчига ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг иккитасидан парча келтирилди ва қайси асардан эканлигини топиш талаб этилди. Сўнг қизиқарли ва тезкор саволлар, тўртинчи шартда эса мавзуга доир тест топшириқларига жавоб беришди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, қизиқарли кечган беллашувда вилоят перинатал маркази шифокори Равшан Раҳимов биринчи, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази навбатчи ҳамшираси Муниса Холбоева иккинчи, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази врач-эпидемиологи Хушмурод Баҳринов учинчи ўринга сазовор бўлишди.
- Тиббиёт ходими аввало кенг фикрлайдиган тафаккур соҳиби, том маънода зиёли инсон бўлмоғи зарур, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази раҳбари Холёр Қодиров. - Бунинг учун эса мунтазам равишда мутолаа зарур. Бугунги танлов адабиётга ихлосманд тиббиёт ходимларини гўё мутолаа оламининг сирли гумбази остида бирлаштирди.
Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.ХЎЖАЕВ