Меню
Қашқадарё
МУНОСИБ МЕҲНАТ ШАРОИТИ
Ўтган йилнинг 24 декабридан эътиборан кучга кирган мазкур қонун давлат, нодавлат ташкилотлари масъуллари, хусусий мулк эгалари ва ҳар бир раҳбар билиши лозим бўлган муҳим ҳужжатдир. Чунки унда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, янги киритилган нормалар давлат органлари томонидан қонун талабларини бажаришда ҳар хил аралашувларнинг олдини олиш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш ва ишчи-ходимларнинг меҳнат шароитларини доимий равишда яхшилашга ҳамда уларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш соҳасида ижтимоий ҳимояни таъминлашга қаратилган.
Янги таҳрирдаги мазкур қонунда халқаро ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажрибалари ўз аксини топди. Хусусан, унда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлиги соҳасидаги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари ва тавсиялари, Европа иттифоқи мамлакатлари, Япония, Жанубий Корея ва бошқа давлатларнинг тажрибалари инобатга олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва халқаро ҳамкорликни амалга ошириш белгиланган.
Қонунга киритилган қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги зиммасига меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси ўтказилишини таъминлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг махсус текшируви ўтказилиши ва ҳисобга олинишини таъминлаш вазифалари юкланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларнинг дастлабки тарзда ишга кираётганда ва меҳнат фаолияти давомида мажбурий тиббий кўрикларни ўтказиш тартибини, ишлаб чиқариш муҳити омилларининг зарарлиги ва хавфлилиги, меҳнат жараёнининг оғирлиги ва тиғизлиги кўрсаткичлари бўйича санитария қоидаларини, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимларга бериладиган сутни, даволаш-профилактика озиқ-овқатини, газланган тузли сувни (иссиқ цехларда ишловчилар учун) бериш нормативларини ҳамда касб касалликларини ва ходимларнинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлиги даражасини аниқлаш учун йўлланма бериш тартибини белгилайди. Илгари амал қилиб келган қонунда эса меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ушбу давлат органларининг ваколатлари аниқ кўрсатилмаган эди.
Республикамизда янги қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро талаблардан келиб чиқиб, қонуннинг янги таҳририга меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида хизматларни кўрсатиш бўйича янги институт, яъни “Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари” тўғрисидаги 13-модда киритилган.
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб келаётган ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш, меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, ташкилотларда меҳнат муҳофаза қилинишини бошқариш тизими аудитини ўтказиш меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар сирасига киритилди.
Энди касаба уюшмалари вакилларининг ташкилотлар раҳбарларидан ва бошқа мансабдор шахсларидан меҳнат шароитлари ва муҳофазаси тўғрисида, шунингдек, ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текширишда иштирок этиши, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилган ҳолларда ишларни тўхтатиб туриш, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларнинг бузилишини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритиши ва бошқа меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ходимлар манфаатини кўзлаб зарур чора-тадбир белгилаши учун қонуний асос яратилди.
Мухтасар айтганда, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар шубҳасиз, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқий асосларнинг такомиллашишига, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажаришда иш берувчи билан биргаликда ходимнинг ҳам масъулияти ошишига, ишлаб чиқаришда содир бўладиган бахтсиз ҳодисаларнинг ва касб касалликларига чалинишларнинг олди олинишига, натижада корхона ва ташкилотлар иқтисодий кўрсаткичларининг ўсишига муносиб замин яратди.
Исмат ОЧИЛОВ, Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг вилоятдаги масъул тарғиботчиси