Меню

Қашқадарё

15.08.2017 1924

МУЛОҚОТЛАР САМАРАСИ

Шу билан бирга, тан олиш керак, Президентнинг Қарши шаҳри Халқ қабулхонасига бўлаётган мурожаатлар ва уларни кўриб чиқиш борасида ўтказилаётган таҳлиллар ва мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида"ги намунавий Низом талаблари ижросини таъминлаш борасида камчиликлар, қонунбузилиш ҳолатлари учраб турибди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларида юборилган мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилмаслиги, муддат бузилишига йўл қўйиш каби ҳолатлар бор. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Қарши шаҳар Араловул маҳалласи Хоразмий кўчаси 18-уйда яшовчи фуқаро Шарипов Баҳриддиннинг газ истеъмолидан нореал қарздорлик келиб чиққанлиги ҳақидаги мурожаати "Қаршишаҳаргаз" филиалида келиб тушган куни эмас, балки 5 кун ўтказиб рўйхатга олинган. Ёки Отчопар маҳалласи Бунёд кўчаси 17-уйда яшовчи фуқаро С.Раҳмонованинг жорий йил 4 апрель куни "Қаршишаҳаргаз" идораси бошлиғи номига худди шу мазмундаги масала юзасидан ёзган аризаси 28 апрель куни рўйхатга олинган. Ваҳоланки, юқорида номи келтирилган Низом талабларига кўра, корхона раҳбари бир иш кунидан кечиктирмай ушбу мурожаатларга кўриб чиқиш бўйича резолюция қўйиши керак эди.

Шунингдек, Низомнинг 21-бандида қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига келиб тушган мурожаатлар 5 кун муддатдан кечиктирмай давлат органининг раҳбари ёки таркибий  бўлинманинг раҳбари томонидан имзоланган хат билан тегишли органга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма равишда хабар қилинади, деб кўрсатилган бўлса-да, бу қоидага ҳам амал қилмаслик ҳоллари кўплаб учрамоқда. Масалан, фуқаро Ф.Каримованинг Халқ қабулхонасига қилган мурожаати тегишлилиги бўйича 2017 йил 6 март куни Қарши шаҳар ҳокимлигига юборилган, аммо у шаҳар Архитектура ва қурилиш бошқармасига  кўриб чиқиш учун 2017 йил 25 мартда, яъни 19 кундан кейин жўнатилган.

Ариза ёки шикоят масаланинг мазмуни бўйича ҳал этиш шарт бўлган давлат органига келиб   тушган кундан эътиборан 15 кун мобайнида, қўшимча ўрганиш ва текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши Низомнинг 38-бандида аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу Низомнинг 40-бандида айрим ҳолларда давлат органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан мурожаатни кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиши мумкинлиги ҳам белгилаб қўйилган бўлса-да, бу борада ҳам қонунбузилиш ҳолатлари кузатилади. Масалан, фуқаро Э.Сафарованинг "Ёшлар" массивини таъмирлашни сўраб Қарши шаҳар Халқ қабулхонасига ёзган аризаси жорий йилнинг 31 март куни шаҳар ҳокимлигига юборилган ва ушбу мурожаатни муаллиф иштирокида кўриб чиқиб, натижаси ҳақида Халқ қабулхонасига, ариза муаллифига берилган жавоб хати илова қилинган батафсил ахборотни 10 кунлик муддатда  тақдим этиш сўралган. Сўралган ахборот-ку тақдим этилмаган. Боз устига мурожаатчига жавоб хати 2 май куни, яъни белгиланган назорат муддати ҳам, қонуний  1 ойлик ижро муддати ҳам қўпол равишда бузилган ҳолда  икки ой ўтгач юборилган. Бундай   мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш натижалари бўйича берилаётган ахборот ва жавоб хатларидан кўринадики, айрим кўтарилган масалалар атрофлича, тўлиқ ва холисона ўрганилмаган. Натижада бундай ёндашув  такрорий мурожаатларни келтириб чиқараяпти. Масалан, Қарши шаҳар Отчопар маҳалласи Бунёд кўчаси 17-уйда яшовчи фуқаро С.Раҳмонова назоратчи Г.Мирзаевнинг айби билан унга катта миқдорда нореал қарздорлик ёзилгани ва "пеня" ҳам ҳисоблангани, шунингдек, ортиқча ёзиб юборилган 1322 кубометр газ учун тўловни айбдор ойлик маошимдан бир ой ичида амалга ошираман, деб ёзиб берган тилхатни илова қилган ҳолда таъминот идораси бошлиғи номига ариза берган. Бироқ бу мурожаат эътиборсиз қолдирилган, ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Қарши шаҳар Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан ўтказилган мониторингда аниқланишича, С.Раҳмонованинг ушбу мурожаати "Қаршишаҳаргаз" филиалида 2017 йил 28 мартда рўйхатга олинган  ва  ижро учун  йўналтирилган бўлса-да, мурожаатлар умуман ўрганилмаган ва муаллифга жавоб хати берилмаган. Ваҳоланки, Низомнинг 29-бандида кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиниши ва муаллифга жавоб хати берилиши лозимлиги, 32-бандида эса мурожаатда кўтарилган барча масалалар қонун талабларига мувофиқ кўриб чиқилган ва мурожаат қилувчига жавоб юборилган тақдирда кўриб чиқилган ҳисобланиши кўрсатилган.

         Яна бир ҳолат. Аксарият мурожаатларни ўрганиш жараёнида мутасаддилар томонидан мурожаат этган шахсларнинг иштироки таъминланмаяпти. Халқ қабулхоналарига мурожаатлар нитажаси юзасидан юборилаётган маълумотлар ҳам талабга жавоб бермайди. Айрим раҳбарлар шунчаки, номигагина жавоб ёзиш билан масъулиятни зиммасидан соқит қилишга ҳаракат қилишади. Масалан, Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари фуқаро М.Эргашеванинг мурожаатини юзаки ўрганиб, саёз, асослантирилмаган жавоб бериш билан кифояланишган. Аслида эса мурожаатда кўрсатиб ўтилган камчиликлар умуман ўрганилмаган. Натижада, М.Эргашева такрорий ариза билан мурожаат қилган, аммо такрорий мурожаат ҳам ўрганилмаган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, агар ҳар бир идора ва ташкилотда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайдиган масъуллар уларга ўз вақтида, қонуний ечим топишга астойдил, муайян талаблар асосида ёндашса, келтирилган важлар рад этилганда сабаблари тўлиқ асослантириб берилса, фуқароларнинг қайтадан мурожаат этишига эҳтиёж қолмасди. Аксинча ҳеч бир томон бундан наф олмайди.

Сайфулла АЗИЗОВ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарши шаҳар Халқ қабулхонаси мудири

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!