Меню

Қашқадарё

31.08.2017 1964

МУКОФОТ МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ

Мен мазкур соҳа мутахассиси сифатида ўз фаолиятимни истиқлолнинг илк йилларида бошлаганман. Ўзим ишлаётган Муборак нефть-газ заводида ўтган даврда рўй берган мислсиз ўзгаришларни кўрдим, уларда менинг ҳам ҳиссам борлигидан қувонаман. Табиий газ, газ конденсати ва нефть маҳсулотлари қазиб олиш ҳамда суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу корхонада айни вақтда 5500 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. 2014-2016 йилларда корхонамиз томонидан 1 миллион 344,8 минг тонна нефть, 87,3 миллиард куб метр табиий газ, 1 миллион 498,7 минг тонна газ конденсати қазиб олинди ва 67,6 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаришга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш ҳажми ошишида янги конларнинг ўзлаштирилиши ҳам муҳим аҳамият касб этди. Фаолиятим давомида мамлакатимиздаги Бухоро-Хива нефть-газли минтақасида жойлашган Чулқувар, Жанубий Алан, Жануби-Ғарбий Юлдузқоқ, Шимолий Дарвоза, Шимолий Култак каби газ конларида ҳамда Достон, Ғарбий Сабо, Хожимат, Ақназар, Шимолий Ақназар, Ўртаработ, Чандир, Гавана, Қаландар, Ғарбий Кўкча сингари нефть-газ конлари очилиши ва ишга туширилишида бевосита иштирок этганимдан фахрланаман.

Сўнгги уч йилда корхонамиз тасарруфидаги конларда 27 та нефть, 38 та газ қудуқлари бурғуланиб фойдаланишга топширилди. Ушбу қудуқлардан кунига қўшимча 207 тонна нефть, 10 миллион 258 минг куб метр газ ва 329 тонна газ конденсати қазиб олинмоқда.

Айтишим жоизки, йирик конлардан бири саналган Шимолий Ўртабулоқ конида амалга оширилган ишлар самарасида бу жойдан нефть қазиб чиқариш ҳажми 7,6 минг тоннадан ошиши таъминланди. Бунга структуранинг чекка қисмларида янги қудуқларни бурғулашни ташкил этиш натижасида эришилди. Бу ишга ўз таклифим билан ҳисса қўшганимдан мамнунман.

Дарҳақиқат, юртимизда ҳалол ва фидойи меҳнат қилиб, жамият ривожига улуш қўшган ҳар қандай касб эгаси қадрланади, кези келганда, муносиб тақдирланади. Истиқлолимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан мукофотланганим фикримнинг ёрқин тасдиғи бўла олади. Албатта, бу кўп йиллик фаолиятимга берилган юксак эътироф, ишонч намунасидир. Шу билан бирга, бу мукофот менга масъулият ҳам юклайди. Кўрсатилган бундай ҳурмат-эътиборга лойиқ бўлиш, янада жонбозлик кўрсатиш – фаолиятимнинг бош мезони бўлиб қолди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!