Меню

Қашқадарё

29.02.2024 5439

Муккасидан кетган энергетик ичимликлар ишқибози инфекцияга чалинди

Икки йил давомида кунига икки литрдан энергетик ичимликлар ичиб юрган англиялик эркак шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилди, деб ёзади LADBible манбаси.

Энди Хаммонд, ўзининг айтишича, ўсмирлик давридаёқ энергетик ичимликларга одатланиб, кунига бир банкадан ичган.

"Уларни 15 ёшимдан буён ичаман. Гап ҳаттоки таъми менга ёқишида эмас, ундан ҳам кўпроқ одатланиб қолганимда", деган 36 ёшли эркак.

Энергетик ишқибозининг одати шу даражага етганки, у кейинги икки йилда бу турдаги ичимликлардан кунига икки литрдан ичган. Натижада Энди Хаммонд "Рождество" байрами куни ҳушини йўқотган ва шифохонага тушган. Шифокорлар унинг буйракларида тош ва инфекция борлигини аниқлаган, ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам сабаб беморнинг аҳволи барқарорлашган.

"Менинг икки нафар фарзандим бор, буйрак инфекцияси бутун организмимни заҳарлаши мумкинлигини биламан. Барчаси ёмон тугаши мумкин эди, бироқ мен омадли бўлганимдан мамнунман", дея тан олган бемор.

Бошдан кечирган воқеаларидан сўнг Энди Хаммонд энергетик ичимликлардан воз кечган ва фақат сув билан фойдали овқатлар ейишга ҳаракат қилмоқда экан. 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!