Меню
Қашқадарё
МУДИНДА НИМА ЎЗГАРДИ?
Асосан апрель, май ойларида бошланган бу борадаги ишлар аксар манзилларда якунига етмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 июль куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган селектор йиғилиши баёни билан тасдиқланган “Обод қишлоқ” дастурига киритилган қишлоқларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунлаш графиги”га кўра, 9 та қишлоқда бажарилиши белгиланган тадбирлар 1 сентябрга қадар якунланиши белгиланган. Косон туманидаги Мудин қишлоғи ҳам улардан бири.
Хўш, Мудинда қандай ишлар бажарилди? Нималар қолиб кетди? Аҳолининг турмуш тарзида, ижтимоий ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй берди? Дастур доирасида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу манзилга йўл олдик.
Аввало айтиш жоизки, Мудин Қарши шаҳри ва Косон тумани марказининг ўртасида жойлашган. Қишлоқдан чиққан одам нари борса 20 дақиқа ичида туман марказига ҳам, вилоят марказига ҳам етиб келиши мумкин. Йўлкира нархи ҳам қиммат эмас – 2-3 минг сўмни ташкил этади. Шаҳарнинг ичида ҳам кўпчилик у ёки бу ҳудудга бориш учун шунча пул сарфлашини инобатга олсак, мудинликлар учун бозор, тиббиёт муассасалари ёки марказдаги бошқа ижтимоий ёки сервис хизматларидан фойдаланиш муаммо туғдирмайди. Қолаверса, қишлоқдаги деярли ҳар кўчада тадбиркорлар томонидан қурилган бир эмас, бир нечталаб савдо дўконларига дуч келасиз. Сартарошхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари мавжуд.
Қишлоқда иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Хусусан, қишлоқ марказидаги 32-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси учун ўтган йили янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган икки қаватли замонавий бино ҳар қандай кишининг кўзини қувнатади.
- Боғчамиз 90 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 60 нафар тарбияланувчи бор, - дейди муассаса раҳбари вазифасини вақтинчалик бажараётган Чарос Қудратова. – Бу ерда барча шарт-шароитлар замонавий. Ички хоналардан ташқари ҳовлида ҳам болажонларнинг ўйнаши учун очиқ ва ёпиқ майдонлар мавжуд.
Қишлоқдаги ички йўллар борасида ҳам муаммо унчалик кўзга ташланмайди. Аксарият йўлларга аввалдан асфалть қоплама ётқизилган ёки шағал тўшалган.
Кўринадики, 1025 та хонадон мавжуд, 5 минг 124 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Мудин қишлоғида ижтимоий шарт-шароитлар чекка ва олис манзилларга қараганда анча яхши, муаммолар ҳам шунга яраша кўп эмас.
Мудинда аҳолининг энг асосий муаммоларидан бири тоза ичимлик сувидир. Айни пайтда аҳоли сувни сотиб олиб ичишмоқда. Бундан ташқари, қишлоқда бирорта ҳам ишлаб чиқариш корхонаси мавжуд эмас. Аҳолининг, айниқса ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш учун ҳеч бўлмаганда икки-учта ана шундай кичик корхоналарни, цехларни ишга тушириш, ҳудуддаги тадбиркорларни бу борада ташаббус кўрсатишга ундаш, уларга кўмак кўрсатиш лозим.
Демакки, мутасаддилар томонидан обод қилиш учун айнан Мудин танланган экан, энг аввало ана шу икки асосий муаммога эътибор қаратиш лозим эди. Мудинга тоза ичимлик суви олиб келинса, қишлоқда янги корхоналар иш бошласа, ҳудуддаги йигит-қизлар иш билан таъминланса, ана унда “Обод қишлоқ” дастурининг аҳамияти, моҳиятини теран англарди ерлик аҳоли. Одамларнинг кайфиятига, ҳаётига, турмуш тарзига ўзгача таъсир этарди бу ишлар.
Энди “Обод қишлоқ” дастурини Мудинда амалга ошириш бўйича тумандаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан имзоланган ва ҳоким томонидан тасдиқланган манзилли дастурга кўз югуртирамиз: савдо шохобчаси ташкил этиш, мини маркет ташкил этиш, гўзаллик салони ташкил этиш, сартарошхона ташкил этиш (савдо шохобчаси ва мини маркет, гўзаллик салони ва сартарошхона алоҳида-алоҳида белгиланган), ҳаммом ташкил этиш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш, дорихона ташкил этиш!..
Эътиборлиси, тайёрланган дастурда буларнинг барчаси маҳаллий тадбиркорлар томонидан қилиниши кўрсатилган эди ва бугунгача ҳеч бири амалга оширилгани йўқ. Чунки, бу ишларни тадбиркорлар аллақачон, ҳеч қандай дастурларсиз ҳам қилиб бўлишган эди. Шундай экан, эҳтиёж бўлмаган нарсаларни рўйхатга тиркаб, сонни ўстиришдан кимга наф?
Манзилли дастурнинг ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва реконструкция қилишга қаратилган бандида эса Мудин ҳудудидаги 57-сонли мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш, қишлоқ оилавий поликлиникасини капитал таъмирлаш ҳамда қўшни Ниҳол маҳалласи ҳудудидаги (!) 38-сонли мактабгача таълим муассасасининг қўшимча биносини қуриш қайд этилган. Бу ишлар учун қарийб 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши белгиланган.
Шунингдек, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, кўча чироқлари ўрнатиш, ичимлик суви ва электр энергияси таъминотини яхшилаш ва шу каби ишлар ҳам манзилли дастурдан ўрин олган. Бу ишларнинг барчаси маҳаллий бюджет, масъул ташкилотлар ҳамда марказлашган маблағлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Энди қилинган ишларга назар ташлаймиз.
Айни кунга қадар қишлоқ ҳудудидаги 6 та трансформатор капитал таъмирланиб, 4,5 километр ҳаво кабеллари янгидан тортилибди. Ички кўчалардан бирида 1 километр йўлга асфалть ётқизилиб, уни 4 километрга етказиш учун ишлар давом этаётган экан. Ҳудуддаги 57-сонли мактабда реконструкция ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникасида капитал таъмирлаш ишлари якунланиш арафасида. Шунингдек, қўшни Ниҳол маҳалласи ҳудудидаги 38-сонли мактабгача таълим муассасасида эса қурилиш ишлари энди бошланган.
- Бу ерда “Обод қишлоқ” дастури асосида муассасанинг 70 ўринли янги биносини қуриш режалаштирилган, - дейди Косон тумани мактабгача таълим бўлими мутахассиси Бахтиёр Рўзимуродов. – Бинонинг лойиҳа қиймати 1 миллиард 720 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари қишлоқдаги айрим кўчаларда ички йўлларни кенгайтириш, йўл бўйларидаги ноқонуний қурилишлар, ҳовли деворларни бузиб, ўрнини текислаш каби ишлар ҳам амалга оширилмоқда. Дастур доирасида қилинаётган барча ишлар - шу!
Ўз ўрнида айтиш жоизки, мактаб, боғча ёки тиббиёт муассасаларини қуриш, таъмирлаш бунгача ҳам бўлган. Бу ишлар ҳар йилги инвестиция дастурлари асосида амалга ошириб келинмоқда.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Обод қишлоқ” дастурининг мақсади эса энг аввало олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлаш, мазкур қишлоқ ёки маҳаллаларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, туман мутасаддилари ушбу дастурнинг моҳиятини яхши англаб етишмаган кўринади.
Яна бир гап, туман ҳокими томонидан тасдиқланган манзилли дастурда Мудин қишлоғида қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун жами манбалар ҳисобидан 10 миллиард сўмдан ошиқ маблағ сарфланиши белгиланган эди. Бироқ, “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳнинг вилоят штаби, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бошқармаси, молия бошқармаси каби масъул ташкилотларга қайта-қайта қилган мурожаатларимиздан сўнг қўлга киритган маълумотимизга кўра, 2018 йил 15 август ҳолатида Мудиндаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджет, республика бюджети ҳамда халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан жами 2 миллиард 516 миллион 150 минг сўм маблағ ажратилибди. Тушунишимизча, унинг ҳам асосий қисми қишлоқдаги ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш ишларига сарфланмоқда. Аҳоли учун эса янги иш ўринлари яратилагани йўқ. Эски муаммо – тоза ичимлик суви масаласи ҳал бўлмади, бўлмайдигандек ҳам кўринмоқда.
- Анча йил олдин қишлоғимизга Осиё тараққиёт банкининг лойиҳаси асосида ичимлик суви қувурлари тортилган эди, - дейди Мудин МФЙ раиси Очил Узоқов. – Бир-икки маротаба сув келдию, кейин узилиб қолган, ҳозир у умуман ишламайди. Марказий қувурга ҳам сув келмай қўйган. “Обод қишлоқ” дастурида қишлоққа 13,5 километр қувур тортилиб, ичимлик суви таъминоти яхшилиниши белгиланган эди, бироқ сувни айнан қаердан олиб келиш бўйича манба йўқлиги боис, бу иш ҳал бўлмай турибди.
Қарангки, масъул вакиллар манзилли дастурни ишлаб чиқишаётганида қишлоқда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 13,5 километр қувур тортиш, бунинг учун 1 миллиард 250 миллион сўм маблағ керак бўлишини ҳам аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб, режага тақаб қўйишгану, сувни қаердан олиб келиш ҳақида ўйлаб ҳам кўришмаган бўлса?!
Хуллас, Мудинда ана шундай гаплар. Биз ҳолатни қандай бўлса, борича кўрсатишга ҳаракат қилдик. Бу ерда 1 сентябрга қадар “Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар якунланиб, қишлоқ янги қиёфа касб этиши керак эди. Аммо унинг қанчалик янгиланганию, қишлоқ одамлари ҳаётида, турмуш тарзида қанчалик ўзгаришлар бўлганини баҳолаш мутасаддиларнинг виждонига ҳавола.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар