Меню
Қашқадарё
МУДҲИШ ХАТО
Аммо бир куни...
Касал тўсатдан яна каравотига михланиб қолди. Соғайиб келаётган бемори соғлиғининг бунчалар жадал орқага кетишини тушуна олмай шифокор жуда ҳайрон эди. У елди-югурди, касаллик хуружининг сабабини аниқлаш мақсадида текширувлар ўтказиб, беморига янгидан-янги дорилар тавсия этди.
Бир сафар шифокор беморини тиббий кўрикдан ўтказаётган эди:
- Фойдаси йўқ, дўхтир, - деди у сўниқ кўзларини шифтга тикиб. – Мен ҳаммасини билдим. Хонангизда турган касаллик тарихимни ўқиб кўрганман...
Кейинчалик шифокор ўз касбдошлари даврасида бу беморини кўп эсларди. Шифокор ҳамиша бир хил тарзда: “У мени икки марта ҳайратга солган. Биринчи марта яшаб кетишига мутлақо ишончим бўлмаган бир пайтда оёққа туриб, иккинчи марта эса ортиқ соғайиб кетишига батамом ишонч ҳосил қилганимда...”, дея гап бошлар эди.
ЯНГЛИШ ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Шоир уни кўриб турганидан хурсанд эмаслигини яширишга уринмади. Эҳтимол, қиз шоирни тез-тез безовта қилиб турса керак, буни писанда қилиб ўтгандай бўлди.
- Ҳаммаси асабга тегар даражада чайнаб ташланган гаплар... – деди у қизнинг ғўра шеърларига наридан-бери кўз югуртириб. – Сизга неча марта айтдим, ҳар нарсанинг ўз қонун-қоидаси бўлади. Сиз шеърият қоидаларини бузаяпсиз. Шеърларингизда на вазнлар тенг келган, на туроқ жойида, кечирасизу... ва на маъноси бор!
Шоир охирги сўзларини чертиб-чертиб, беписанд ва масхараомуз оҳангда айтди. Қизнинг икки юзи қизариб, титраб кетганини кўрди, шекилли, гапининг исботи сифатида қоғоздаги шеърлардан бирини баланд овоз билан, атай қўпол қилиб ўқишга тушди:
- Мен сиз учун жонимни беришга тайёрман,
Ҳамда тайёрман изларингизни кўзимга суртишга.
Меҳрингизга муштоқ қалби вайронман,
Арзитмайсиз битта ширин сўзингизга...
Бу пайтда қизнинг шундоқ ҳам нозиккина жуссаси тобора кичрайиб борар, хижолатдан йиғлаб юборгудай ҳолатда турарди.
- Синглим, ёмон, жудаям ёмон ёзилган! - ниҳоят узил-кесил фикрини айтди шоир. – Шеър бунақа ёзилмайди!
Қиз секин ўрнидан турди.
- Хайр, - деди эшитилар-эшитилмас. – Мен яна келаман...
Эшикни овоз чиқармасдан ёпишга уриниб, йўлакда кетиб бораркан, қизнинг ёдига шеърларини унутиб қолдиргани тушди. Изига қайтишга мажбур бўлди. Эшикни қайта тақиллатишга юраги бетламади чоғи, бироз иккиланиб тирқишдан мўралади. Шунда... Шунда у жудаям кўнгилсиз бир ҳолнинг гувоҳи бўлди: шоир қизнинг ҳозиргина қолдириб кетган шеърларини ғижимлаб, ёнидаги ахлат қутисига улоқтирган эди...
...Қиз зиналардан ғамгин одимларкан, кўзларидан томчи-томчи ёшлар думалаб тушар, титраб кетаётган лабларини қаттиқ тишлар эди.
- Яхши шеърларни сиз ёзасиз. Ўзингиз яхши шеърлар ёзаверинг ўша гўзалларингизга бағишлаб... Энди сизга атаб ёмон шеърлар ёзмайман. Ортиқ севмайман сизни, севмайман!.. – ич-ичида шоирни янирди у...
НОТУГАЛЛИК
Бекатда шундоққина қаршисига келиб ўтирган аёлга анчадан бери термулаётган эркак чиқиши керак бўлган автобусини ўтказиб юборганини ҳам сезмади. Унинг юраги орзиқишми, энтикишми, хуллас, ўзи аллақачонлар унутиб қўйган фараҳбахш бир туйғудан безовта, аҳён-аҳён нигоҳини олганини айтмаса, аёлга киприк қоқмасдан термулар эди.
“Қаерда кўрганман бу аёлни?! Бунчалик маъсум чеҳра... Сумкасидан чиқиб турган қоғозларига қараганда чизиш билан боғлиқ аллақайси идорада ишлар, эҳтимол... Юзларининг рангидан офтобга кам чиқадиганга ўхшайди. Қош чимиришлари ўзига жуда ярашар экан. Жилмайса янада гўзал бўлиб кетса керак... Худо ҳаққи, шу туришида у қайсидир қушчага ўхшаб кетади! Рост, мен уни қаердадир кўрганман. Қаердадир... Ёнига бориб шу ҳақида сўрасаммикин?.. Йўқ-йўқ, бу хато иш бўларди. Уни қаердадир кўргандирман, борингки, кўп бора учратиб тураман ҳам дейлик, аммо бу билан нима ўзгаради?! Бегона эркакнинг дабдурустдан берилган бундай беўхшов саволи жаҳлини чиқариши тайин-ку! Балки у сендан фарқли ўлароқ омадли бир инсоннинг умр йўлдошидир. Файзли бир оиланинг бахтли бекасидир, ким билсин... Тўхта, ё ундан эртанги об-ҳаво ҳақидаги фикрини сўрасаммикин?.. Ғирт аҳмоқлик! Менимча, бир нотаниш аёлга сўз қотиш учун бундан ёмонроқ баҳона бўлмаса керак...”
Айни пайтда қунишибгина йўл тарафга тикилиб ўтирган аёл эркакнинг қарашларидан қаттиқ азият чекарди.
“Тавбаа... – ўйларди у ҳам ичида. – Бу эркак бунча қаттиқ термулмаса. Уни қаерда кўрганлигимни ҳеч эслаёлмаяпман, аммо тайинки, биз олдин ҳам бир-икки бор дуч келганмиз. Суҳбатдош ҳам бўлган чиқармиз. Бироқ қаерда?! Билмадим... Ким билсин, ўзи ҳам айни дам менга термулиб туриб шуни эслашга уринаётгандир. Эсим қурсин, ишдан чиқишдан олдин шундоққина ойнага қараб сочимнинг турмагини тузатмаган эканман-да. Эрталаб бироз ўзимга қараб олсам ўлармидим?! Кўринишим ҳам бир аҳволдадир... Ҳозир ойнага қарасам, нотўғри тушуниши аниқ... Одми уст-боши, самимий чеҳрасидан бинойидеккина одамга ўхшайди. Тўхта-тўхта! Сенинг уйдан пардозсиз чиқишингнинг, унинг чеҳрасидаги самимиятнинг, умуман бу барча ўйлаётганларингнинг нима аҳамияти бор ўзи, нима кераги бор?! Кўриниб турибди, у шунчаки тасодиф сен билан тўқнаштирган бир ўткинчи-ку! Эркакларнинг... Эркакларнинг аёлларга суқланиб боқиши эса тонг отиб-кун ботгани каби одатий бир ҳол... Романтик бўлмай ҳар бало бўл, 40 йил ўлмасдан ёлғизликда яшаб келган вужудинг бадбин бирор ҳиссиётга ўч бўлиб қолдими ё?! Оилали эркак ҳақида сураётган хаёлларингни қара!.. Аммо қаерда кўрганман уни?.. Бунчаям қаттиқ термулади... Эсиз, билагимда соатим бўлмаганда ундан соат неча бўлганини сўрар эканман...”
Автобус келди. Аёл ўрнидан туриб эркакнинг хаёлчан чеҳраси, изтироб ҳамда самимият жамланган маъюс кўзларига сўнгги бор ўкинч ва ҳасрат ила қараб қўйди-ю, тез-тез юриб тиқилинч автобусга шўнғиди.
Сал кейинроқ уларнинг ҳар иккиси – автобус тутқичидан тутиб тик турганча силкиниб-силкиниб бораётган аёл ҳам, такси ушлаш учун йўлни кесиб ўтаётган эркак ҳам бир нарса ҳақида: бир-бирларини қаерда кўрган бўлишлари мумкинлиги ҳақида ўйларди. Ваҳоланки, улар бир-бирларини олдин учратган эмасдилар. Фақат айнан бир-бировлариникига ўхшаш тақдир эгаси эдилар, холос.
Баъзан шунақа, ўзинг бир умр кутган инсонингни бир лаҳзада топиб, бир лаҳзада йўқотасан. Бу қисқа вақт мобайнида танишга ҳам улгурмай қоласан уни. У билан тақдиринг кафтдаги чизиқлар каби бирровгина туташ келади-ю, журъатсизлигинг сабаб яна кафтдаги чизиқлардай тўзиб кетади... “Умр йўлинг бекатларидан сергакроқ ўт, эй мўмин инсон! Зотан Бахт сенга энг оддий тусда, энг одатий ҳолларда йўлиқиши мумкин...” дея шивирлагандай бўлади шарафсиз кунлар...
КИНОЯ
Афтидан пакана киши йўл четидаги устанинг хизматидан фойдалансамми-йўқми дея ўйланарди. Бир муддат шундай ғўддайиб тургач, истамайгина яқин келди.
- Кўриб беринг, тумшуғида... нимадир... – деди устага бир пой туфлисини узатиб.
Уста унинг қўлидан туфлини оларкан, бўш курсичани ёнига суриб қўйди. Бироқ пакана киши ямоқчининг олдида ялпайиб ўтиришга ор қилдими ё абгор курсичадан оҳорли шимини аядими, ҳарҳолда, унамади, тек қотди.
Шу лаҳзада унинг яқинроқда қолдирган машинаси ёнида яна бир машина тўхтади. Ичидан пўрим костюм-шимли одам тушиб, қаршисидаги бозорча сари юрди. Машинадан тушган одамни таниган мижознинг эса ўзини тутишида ғалати ўзгаришлар содир бўлган: у талмовсираб гоҳ қўлини уста дастгоҳидаги туфлисига чўзар, гоҳ бунга сабри чидамасдан ҳалиги одам томонга талпинар, қисқаси бир оёқда лапанглаб, ажабтовур иккиланиб қолганди.
Ниҳоят, буни пайқаган бояги одам тўхтади:
- Қулмурод?! – деди кулиб.
- Ҳа.. Бу... Мен... Бекбўта ака! – ҳамон қийшангларди мижоз.
- Бу дейман, ишингни топибсан-ку?!
- Йўғе-ей...ҳалиги, мих-х...
- Қўй бу расво ишингни! Майишиб турмай ҳожатимни чиқарсанг-чи, аканг айлансин!
- Ҳозир-ҳозир...
...Уста хизмат ҳақини беришни унутган мижозни қайтаришни истамади. У бозорча сари ғоз юриш қилиб бораётган найнов ва пилдирабгина унинг ортидан эргашган паканага боқиб мийиғида кулиб қўйди.
Байрам АЛИ