Меню

Қашқадарё

09.07.2016 2373

Муборак тумани: ЧЎЛ БАҒРИДА ЯШНАЁТГАН ГЎША

Бир вақтлар Муборак тумани ҳам нафақат вилоятда, балки республикада энг қолоқ “район” даражасига тушиб қолганди. Ҳудуд инфратузилмаси эса бутунлай абгор аҳволда эди. Бир амаллаб туманга борган киши аҳён-аҳёнда кўриниб қоладиган юк машинасига илашиб ортга қайтарди. Хуллас, имкониятлар чекланган, шароит ночор эди. Шу боис яқин-яқингача Муборак деганда юртдошларимиз кўз ўнгида чўл, яшаш, кун кечириш қийин бўлган жой гавдаланарди.

Мустақиллик қўлга киритилгач, вазият ижобий тарафга ўзгарди. Жойларда яшаш сифатини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, фақат инсон манфаатига хизмат қиладиган кенг ислоҳотларни амалга ошириш бош вазифа қилиб белгиланди. Бунинг самарасини чўл бағридаги обод гўшада кечаётган туб янгиланишлар, ҳайратомуз ўзгаришлар мисолида кўриш мумкин.

МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШГАН САНОАТ

Албатта, Муборак ҳақида гап кетганда, энг аввало, икки гигант саноат корхонаси – Муборак газни қайта ишлаш заводи ва “Муборакнефтгаз” МЧЖ эсга келади. Ушбу субъектлар бугун мамлакатимиз нефть ва газ саноатида, ёқилғи-энергетика тармоғида беқиёс ўрин эгаллайди. 70-80-йилларда қурилган ва анча пайтгача тўлиқ четдан келган мутахассислар томонидан идора қилинган мазкур корхоналар фаолиятида истиқлол йилларида кескин ўзгаришлар бўлди. Айниқса, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларнинг жалб этилиши, диверсификация ва модернизация ишларининг олиб борилиши маҳсулдорлик ошишига сабаб бўлди.

Жумладан, мустақилликдан кейинги даврда Муборак газни қайта ишлаш заводининг йиллик қуввати 16 миллиард куб метрдан кўпроқни ташкил этувчи 3 та навбати қуриб ишга туширилди.  2012-2013 йилларга келиб пропан-бутан аралаш газларини ишлаб чиқариш қурилмасининг қуввати йилига 258,3 минг тонна сиқилган газ ва 125 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденцати ишлаб чиқариш даражасига етди. Ҳозирги вақтда корхонада йилига 33,5 миллиард куб метр тозаланган ва қуритилган табиий газ, 417 минг тонна техник олтингугурт,  186 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати, 258 минг тонна суюқ углеводородли суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имкони мавжуд. Бу ерда олинаётган биргина олтингугурт маҳсулоти саноатда сульфат кислота, қоғоз, резина, гугурт, турли хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда қўлланади. Шунингдек, элементар олтингугурт кимё-фармацевтика маҳсулотлари олишда, тиббиётда ва қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Буларнинг барчаси Муборак тумани учун   муҳим кўрсаткич. Зотан мазкур ишлаб  чиқариш субъектларида туманнинг минглаб кишилари доимий иш ўрни ва барқарор юқори даромад билан таъминланган.

Туманда охирги пайтда саноатнинг бошқа тармоқларида ҳам жонланиш кўзга ташланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2013 йил 2 августдаги “2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори туман саноатини юксалтириш, энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган қувватларни ишга туширишда муҳим омил бўлди. Ушбу қарор асосида ишлаб чиқилган дастурга асосан шу кунгача ҳудудда умумий қиймати 180 миллион долларлик 20 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Натижада 400 нафардан зиёд кишининг доимий иш ўрни билан таъминланишга эришилди. Мазкур лойиҳаларнинг асосий қисмида тайёр саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилгани эътиборлидир. Масалан, ўтган даврда тумандаги “Лочин оқшоми” масъулияти чекланган жамияти томонидан темир-бетон буюмлари, “Миртемир” фермер хўжалиги ташаббуси билан полипропилен қоплар, “Бахт гули” хусусий корхонасида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

- Биз таклиф қилган лойиҳа ҳам ушбу дастурга киритилгани айни муддао бўлди, - дейди тумандаги “Одил Райимқулов Комилович” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одил Райимқулов.  – Бир неча йилдан бери содда ускуналарда иккиламчи қайта ишлаш асосида полиэтилен қувурлар тайёрлаб келаётгандик. Сўнг ишлаб чиқаришни янгилашни мақсад қилдик. Лойиҳамиз тасдиқлангач, чет элдан қарийб 100 минг долларлик замонавий технология олиб келтириш бўйича келишувга эришдик. Йил якунига қадар ишлаб чиқаришни тўлиқ ташкил этамиз. Бунинг натижасида корхонамизда тайёрланадиган маҳсулот тури ва сифати тубдан ошади. Келгусида иситиш ва суғориш тизимлари учун 30 хил ўлчамдаги полиэтилен ва полипропилен қувурлар ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз. Бундан  ташқари, қўшимча 10 та иш ўрни яратамиз.

ЙЎҚНИ ЙЎНДИРАДИ

Маълумки, Муборак туманининг иқлим шароити, жўғрофий жойлашуви қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларини бирдек ривожлантиришга монелик қилади. Шунга қарамасдан, мубораклик миришкору соҳибкорлар имконсиз ишнинг ўзи йўқлигини амалда кўрсатиб келишмоқда. “Йўқни йўндиради” сифати айнан шу туман аҳолисига нисбатан кўп ишлатилиши бежиз эмас. Мустақиллик туфайли ҳудуд аҳли аграр соҳада ҳам ўзининг тиришқоқлиги, илғорлигини тўла намойиш этиб, ютуқлари салмоғини оширишдан тўхтамаяпти. Мисол учун, тумандаги “Бахт” фермер хўжалиги аъзолари 2 йилдирки 1 гектардан ошиқроқ қақроқ ерда қовун ва қовоқ етиштириш билан шуғулланиб, ҳавас қилгулик натижаларга эришаяпти.

- Биз яратувчан, бунёдкор халқмиз, истиқлол эса бизга ўзимизни кўрсатишга фурсат берди, кенг имкониятлар эшигини очди, - дейди фермер хўжалиги раиси Шуҳрат Аҳмедов. – Бизнинг шароитда томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлиги аввал кимнинг хаёлига келибди, дейсиз. Маълумки, қониб сув ичган  қовун ширали бўлади. Томчилаб суғориш ҳисобига бу муаммони бартараф этдик, сув сарфи эса деярли 10 баробар камайди. Маҳсулотимизни бозорга чиқардик. Хўжалигимизда чорвачилик ҳам асосий тармоқлардан. 50 бош қорамол, 500 бошдан ортиқ қўй-эчки боқаяпмиз. 3 йилча аввал нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлагандик. Қолаверса, 100 та асалари оиласини парвариш қилаяпмиз. Ўтган йили фаолиятимизни 170 миллион сўм даромад билан якунладик. Бунда соф фойда қарийб 70 миллион сўмни ташкил этаяпти. Шу ерда тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Мойли экинлардан кунжут ва кунгабоқар экишни йўлга қўймоқчимиз. Сўнгра хомашёни қайта ишлаб, истеъмол ёғи ишлаб чиқариш режамизда бор.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида юртимизда фермерлик ҳаракатини ривожлантириш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар Муборак туманида ҳам ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Айни вақтда ҳудудда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қарийб юз фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келаяпти.

КЎПМИЛЛАТЛИ МАҲАЛЛА

Миллатлараро ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат қарор топган жойда тинчлик ҳукм суради, осойишталик бор жойда эса ривожланиш, тараққиёт бўлади. Муборак туманининг кўп миллатли аҳолиси ҳам буни яхши англаган ҳолда  тинч-тотув ҳаёт кечириб, яхши ва ёмон кунларида елкадош, бир-бирига суянч бўлиб келмоқда.

- Маҳалламизда 11 миллат кишилари аҳил ва иноқ истиқомат қилаяпмиз, - дейди Ёшлик маҳалласи раиси Сафаргул Қиличева. – Ўзбек, туркман, озарбайжон, қрим-татар, рус ва арман миллатига мансуб кишилар бир оила вакилларидек бўлиб кетганмиз. Урф-одатларимиз, дунёқарашимиз ўхшаш. Ўртамизда қариндошлик ришталари боғланган. Ўзим туркманман. Қизимни ўзбек оиласига берганман. Айни вақтда маҳалламизда 837  оила аъзолари ўз касби-кори, меҳнати ортидан тирикчилик қилади. Маҳалламизда оилавий тадбиркорлик билан шуғулланувчилар жуда кўп. Кимдир ҳунармандлик буюмлари ясайди, кимдир хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Ҳудудимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, улар бандлигини ошириш ҳам  доимий диққат марказида.

МАВЖУД САЛОҲИЯТДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА

Бундан чорак аср аввал шундоқ ҳам етишмовчилик шароитида яшаган муборакликларнинг бойиш, мулк қилиш ҳақида ўйлашга ҳаққи йўқ эди. Ўз моддий аҳволини сал ўнглашга уринган  киши борки, буржуазия тарафдорига чиқарилган, сургун қилинган. Сўнгги йигирма йилда Муборак тумани аҳолиси ҳаётида нима ўзгарди, деб сўралса, ҳеч иккиланмай, одамларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгарди, уларда мулкка эгалик ҳисси тўла шаклланди, дейиш мумкин. Айнан шу жиҳат ҳудуд ривожи бардавом бўлиши, тараққиёт сари олға одимлашга асосий туртки бўлди. Бугун туманда ишбилармонлар сафи кенгайиб бораётгани, шунинг баробарида турмуш фаровонлашаётгани истиқлол берган имкониятлар мевасидир.

Маълумотларга қараганда, ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Муборак туманида тадбиркор дегани йўқ эди ҳисоби. Чунки кўпчилик бор-будини бизнесга тикиб, таваккал қилишдан ҳайиқарди. Вақт ўтгани сайин ишнинг кўзини биладиган инсонлар майдонга чиқа бошлади. Бугун эса уларнинг сони 630 дан ошиб кетди. Туман иқтисодиётининг ажралмас бўлагига айланиб улгурган мазкур тадбиркорлик субъектларининг 45 таси саноат соҳаси, 142 таси қишлоқ хўжалиги, 211 таси савдо ва умумий овқатланиш, 142 таси қурилиш, 27 таси транспорт ва алоқа ҳамда 67 таси бошқа йўналишларда фаолият кўрсатаяпти. Сўнгги пайтда кичик бизнес вакилларининг ҳудуд ялпи ички маҳсулотидаги улуши ҳам сезиларли ортган. Ишбилармонлар доимий эътиборда, қўллаб-қувватловда. 2016 йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларига 15 миллиард 899 миллион сўм кредитлар ажратилгани соҳа ривожи йўлидаги муҳим қадам бўлди.

- Тадбиркор бугун ҳеч нарсадан қўрқмайди, унинг эркин фаолият юритиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, - дейди шу туманлик якка тартибдаги тадбиркор Наргиз Алламуродова. – Давлатимиз биз, ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказилишига йўл қўймайди. Шундай шароит бўлгандан кейин ишлагинг, ғайрат қилгинг келади. Мен ҳам яқинда тадбиркорликка қўл урдим. Туман марказида гўзаллик салони очдим. Қизларни ишга олдим. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Яна бир қанча хизмат турларига талаб тушаяпти. Тез орада мўъжазгина тамаддихона ва келинлар либоси салонини ишга туширишга тайёргарлик кўраяпман.

Таъкидлаш ўринлики, мубораклик ишбилармонлар илғорликда бошқаларга ўрнак бўла олади. Хусусан, маҳаллий тадбиркорлар иссиқхона шароитида маҳсулот етиштиришга инновацион асосда ёндашгани аҳамиятли. Бунда туман “Иссиқлик электр маркази” томонидан узатилаётган иккиламчи иссиқ сувдан самарали фойдаланилаяпти. Марказга яқин жойда иссиқхона қуриш учун тадбиркорларга қарийб 86 гектар ер майдони ажратилди. Ҳозиргача 7 тадбиркор томонидан 5,9 гектар майдонда иссиқхона барпо этилиб, маҳсулот олиш ҳам бошлаб юборилди. 2015 йилда ушбу иссиқхоналарда 150 тонна помидор ва бодринг етиштирилиши туман аҳолиси дастурхонини қиш-баҳор ойларида ҳам ушбу сархил маҳсулотлар билан таъминлаш имкониятини берди.

ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР – ЮРТ ТАЯНЧИ

Бугун етук билимга эга, ўзига ишонган ёшларнинг кўпчилиги ривожланган шаҳарларга интилади. Шу орқали тезроқ юксакликка чиқишни мақсад қилади. Шундай иқтидорли ёшлар ҳам борки, аввало ўзи туғилиб ўсган ҳудуд ривожига ҳисса қўшишга ўзини бағишлайди. Чекка бир туманда фаолият кўрсатиб, катта ютуқларга эришиш мумкинлигини Нодира Умирова мисолида ҳам кўриш мумкин. У 2014 йилда “Йилнинг энг фаол ёш ўқитувчиси”   танловининг  республика босқичида 1-ўринни эгаллади. “Ёш мутахассислар” II Республика Форумида ғолибликни қўлга киритиб, Халқаро меҳнат ташкилоти малака ошириш курси грантига эга бўлди ва махсус сертификат билан тақдирланди.

- Шу диёрда туғилганимга беадад шукрлар айтаман, - дейди у. – Чунки бугун нимагаки эришган бўлсам, бари мустақиллик шарофатидандир. Болалигимданоқ чет тилларни, компьютерни ўрганишга қизиқишим юқори бўлган. Устозларим кўмагида ушбу билимларни пухта эгалладим. Фаолиятим давомида кўплаб дастурлар ишлаб чиқдим. Уларнинг аксариятидан бугун таълим муассасаларида информатика фанини ўрганишда қўлланма сифатида фойдаланилмоқда. Изланишларим натижасида компьютер процессори ҳамда хона ҳароратини ўлчайдиган термометрни яратдим. Ушбу кашфиётим одамлар оғирини енгил қилаётганидан хурсандман. Вилоят ва республика миқёсидаги бир қанча танловларда қатнашдим. Уларда ишларим, фаолиятим юқори баҳоланди. Грант доирасида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрига бордим. Келгусида Италиянинг Турин шаҳрига саёҳатимиз режалаштирилган. Сафар давомида италиялик тенгдошларимга юртимиз, ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб бермоқчиман.

Нодира Умирова сингари туман ёшлари  бугун фан-таълим, санъат, маданият ва спорт соҳаларида ҳам ўз қобилият ва маҳоратини намоён этишмоқда, юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. Айниқса, мубораклик ёш футболчилар, курашчилар, боксчиларнинг республика ва халқаро миқёсда эришаётган ютуқлари барчани бирдек хурсанд этаяпти.

Айтиш мумкинки, сўнгги вақтда Муборак туманида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳар қачонгидан кенг тус олган. Ўтган йили туман марказида иккита муҳташам истироҳат боғининг ишга туширилиши ҳудуд аҳолиси учун қувончли ҳодиса бўлди. Бундан  ташқари, 2015 йили жамият ҳаётида фаол иштирок этиб, ўзини кўрсатган ёшларга 64 хонадондан иборат “Камолот уйи” топширилди. Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар асосида қурилаётган уйлар ҳудуд аҳолиси турмуши сифат нуқтаи назаридан яхшиланаётганига ёрқин далилдир. Туман марказига оқар сув тармоғининг олиб келинаётгани эса мустақиллик байрами арафасида муборакликлар учун ажойиб совға бўлиши турган гап.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!