Меню

Қашқадарё

05.04.2018 1701

МУБОРАК ТУМАНИ АҲОЛИСИНИ ҚАНДАЙ МУАММОЛАР ҚИЙНАМОҚДА?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг жорий йил 23-31 март кунлари Муборак туманида ўтказган ўрганишлари натижалари ҳудудда мавжуд шу каби масалаларни кўрсатиб берди.

Депутатлар ва сенаторлар ҳокимият, халқ депутатлари туман Кенгаши, ички ишлар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш объектлари, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини ўрганишди, якуний натижалар халқ депутатлари Муборак тумани Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.

Сессияда таъкидланганидек, уйма-уй юриб ўтказилган мулоқотлар давомида аҳоли вакиллари томонидан 413 та    масала кўтарилди, ишчи гуруҳ штабида 60 нафарга яқин фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, коммунал соҳа, бандлик, таълим, тиббиёт, савдо ва маиший хизмат, транспорт ва йўл қурилиши масалаларига тааллуқли.

- Мулоқотлар давомида 24 та кам таъминланган оилага газ баллонлари, ҳомийлар ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. - 24 киши ишга жойлаштирилди. 5 нафар имконияти чекланган шахс даволаниш учун шифохонага ётқизилди. Бироқ ҳудудда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Мисол учун, туманда меҳнат ресурслари сони 48,2 минг нафар бўлса, шундан расмий секторда банд бўлганлар сони 17,1 минг кишини ташкил қилади. Шу кунга қадар ишсиз фуқароларнинг атиги 251 нафари меҳнат бўлимида иш ахтарувчи сифатида рўйхатга олинган бўлиб, улардан 160 нафари ишга жойлаштирилган, 91 нафари эса ишсиз деб эътироф этилган.

Ўрганиш хулосаларига кўра, Муборак туманидаги 6 та мактаб мослаштирилган бинода жойлашган бўлиб, 372 нафар ўқитувчи ўрта махсус маълумотга эга. 25 та мактаб интернет тармоғига уланган бўлса-да, амалда ундан фойдаланилмайди. 7 та мактаб капитал таъмирга, 14 таси жорий таъмирга муҳтож. Мактабгача таълим муассасаларида эса педагогларнинг бор-йўғи 11 фоизи олий маълумотга эга. Туманда мактабгача ёшдаги болалар сони қарийб 8 минг нафар бўлса, уларнинг 2080 нафари боғчага боради, холос.

17 минг 810 та хонадоннинг 7325 таси (41 фоизи) марказлашган ҳолда ичимлик суви билан таъминланган. Қолган хонадонлар ичимлик сувини ташиб келтиради ва аҳолига бу осон бўлаётгани йўқ. Ушбу масалада эътирозларнинг кўплиги боиси шундан.

1970-1990 йилларда қурилган кўп қаватли уйларнинг том қисми таъмирга муҳтож. Уларнинг ёнида ноқонуний қурилган ёрдамчи бинолар, молхона, тандирхона, омбор ва чиқиндихоналар санитария талабларига жавоб бермайди. 128 та кўп қаватли турар жойда иситиш тизими йўлга қўйилмаган. Қурувчилар маҳалласидаги 11 та кўп қаватли уйнинг санитария ҳолати ачинарли аҳволда.

Шунингдек, сессияда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳам эшитилди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш, шу мақсадда тиббиёт муассасаларида зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича салмоқли ишлар қилинаётир. Бироқ айни кезда Муборак тумани тиббиёт муассасаларига 41 нафар шифокор, хусусан, онколог, лаборант,  педиатр, терапевт, лор, хирург, диетолог каби мутахассислар етишмайди.

Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими санитария қоида-меъёрларига зид ҳолда ишламоқда. Бинода ичимлик суви бўла туриб, бирорта бўлимга сув чиқарилмаган, тиббиёт ходимлари қўлларини ювиши учун шароит қилинмаган. Санитар ҳолат қониқарсиз.

Юқумли касалликлар бўлими бинолари таъмирталаб, ичимлик суви ташиб келтирилади. Беморлар учун етарли шароит йўқ.

Бундан ташқари, ўтган йили ҳудудда ички секреция безлари касалликлари, овқатланиш ва модда алмашинувининг бузилиши билан касалланган 3203 нафар бемор қайд этилган, бу борадаги рақамлар 2016 йилга нисбатан 1935 тага кўпайган. Суяк-мушак тизими ва бириктирувчи тўқима касалликлари 49 тага ошиб, 226 бемор қайд қилинган.

- Туманда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишга тўсқинлик қилаётган омиллар кўп, - дейди Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ойбек Насимов. - Депутат ва сенаторлар иштирокида бу омиллар ўрганилди, аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Шу асосда тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, чорак якунлари бўйича бажарилган ишлар юзасидан  ҳисобот берамиз.

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти талаб даражасида эмаслиги ҳам қайд этилди. Мисол учун, жорий йилнинг 3 ойи ортда қолган бўлса-да, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига бирор муаммо муҳокама учун киритилмаган.

Хўш, мавжуд аҳволни ўрганиш натижалари туман аҳолисига нима бер(а)ди?

Аниқ натижалардан бири - аҳоли бандлиги бўйича. Қўшимча иш ўринлари яратиш дастурига кўра, 317 та субъектда 3 минг 129 нафар киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинадиган бўлди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун туман маҳаллий бюджетига қўшимча 5,6 миллиард сўм маблағ жалб этилади. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 36 та қўшимча лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинади. Шу билан бирга, эски кинотеатр жойлашган қаровсиз ҳудуд ободонлаштирилиб, у ерда кинотеатр ва кутубхона фаолияти йўлга қўйилади. Косондан Бухорога борадиган яйдоқ йўл бўйлаб манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, бу ўз навбатида мамлакатнинг йирик завод ва газ конлари жойлашган ҳудуд экологиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Умуман олганда, туман аҳолисини қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар бор, фақат уларни амалда рўёбга чиқара олиш керак. Бу ишда мутасаддилар, сектор раҳбарлари фаоллик кўрсатишлари талаб қилинади. Бинобарин, Президент таъкидлагани каби халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров нутқ сўзлади.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!