Меню

Қашқадарё

01.11.2018 1929

“МУБОРАК ТЕКС” ПАЙПОҚЛАРИ ЭНДИ ЭКСПОРТГА ҲАМ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Корхонанинг бу борадаги йиллик қуввати 8 миллион жуфт пайпоқни ташкил этади. Мазкур лойиҳанинг самарали рўёбга чиқиши учун ўша пайтда 24 миллиард сўм миқдорида инвестиция ўзлаштирилганди. Фабрика соҳада тан олинган компанияларнинг илғор технологиялари билан жиҳозланган бўлиб, маҳсулотни тайёр ҳолга келтириш учун зарур барча жараёнлар тўлиқ шу ернинг ўзида бажарилмоқда.

Эътиборлиси, аввал - бошда чекланган турдаги маҳсулот ишлаб чиқарган корхонада ҳозирги вақтда 60 хилдан ортиқ харидоргир ва рақобатбардош пайпоқ тайёрланмоқда. Улар орасида нафақат катталар, балки кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган товарлар ҳам бор. Ўзига хос дизайн ва кўринишга эга ушбу маҳсулотлар асосан ички бозорга етказиб берилмоқда. Яқиндан бошлаб эса корхона экспорт фаолиятига киришгани бу пайпоқлар шунчаки импорт ўрнини босиб қолмай, ташқи бозорда ҳам чет эл маҳсулоти билан бемалол сифат борасида беллаша олишини кўрсатади.

- Чет элга маҳсулот таклиф этаётганимизга ҳали ҳеч қанча вақт бўлмади, - дейди фабрика маркетологи Ғанишер Ҳайталиев. – Ҳозиргача БАА ва Молдова сингари мамлакатларга пайпоқ экспортини амалга оширдик. Тегишли сумма ҳам у қадар йирик эмас, 6,5 минг долларни ташкил этди. Асосийси, маҳсулотимиз ташқи бозорда ҳам ўз харидорини топа олишига ишонч ҳосил қилдик. Шу боис янги-янги бозорларни     тадқиқ қилишга киришдик. Албатта, натижа ижобий бўлди. Россиялик ишбилармонлар ҳамкорлик таклиф этгани ҳам бунинг тасдиғидир. Улар билан қиймати қарийб 500 минг АҚШ долларига тенг савдо шартномаси туздик. Ушбу келишув 2019 йилга мўлжалланган.

Қайд этиш жоиз, воҳамиз енгил саноатида амалга оширилган бу истиқболли лойиҳа самарасида 200 га яқин киши доимий иш ўрни билан банд этилди. Бинобарин, пайпоқ ишлаб чиқариш кўп тармоқли жараён ҳисобланади ва бир қанча босқични ўз ичига олади. Тўқув цехларида ўрнатилган ҳар бир дастгоҳда соатига 10 жуфт пайпоқ тайёрлаш имкони мавжуд. Маҳсулот бичими ва дизайни ҳам корхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилади.

Яна бир муҳим жиҳати, корхонада пайпоқдан ташқари маҳаллий бозорда талаб юқори бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Буюртма асосида тикилаётган махсус иш кийимлари, чехол ва пардалар шулар сирасига киради. Корхона мутасаддилари изоҳича, бундан кўзланган мақсад бор салоҳият ва ресурслардан янада самарали фойдаланишдир.

Юқори самарадорлик касб этувчи бу каби ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз енгил саноат тармоғи янада ривож топишига хизмат қилади. Бинобарин, жаҳон тажрибасидан маълумки, маҳсулотни хом ашё ҳолида сотишдан кўра тайёр товар кўринишига келтириб бозорга чиқариш кўпроқ даромад келтиради. “Муборак текс” МЧЖда айни йўналишда қилинаётган ишлар эса таҳсинга лойиқ.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!