Меню
Қашқадарё
МУАССАСА АЧИНАРЛИ АҲВОЛДА. ШИФОКОРЛАР ЭСА ҲАММАСИ ЯХШИ ДЕМОҚДА
Фототанқид
"Шаҳарда битта докторхона бор. Бу докторхона тўғрисида Сотиболдининг билгани шу: салқин, тинч паркда, дарахтлар ичига кўмилган баланд ва чиройли оқ иморат; шиша қабзали кул ранг эшигида қўнғироқ тугмаси бор".
Бу - Абдулла Қаҳҳорнинг 1936 йилда ёзилган "Бемор" ҳикоясидан олинган парча. Унда адиб камида бир аср аввал фаолият юритган шифохонанинг ташқи кўринишига бироз таъриф бериб ўтган. Қизиқ томони, орадан қарийб бир аср ўтганига қарамай, ҳикояда келтирилган ўша шифохона ҳамон бизга анча улуғвор ва замонавий бўлиб кўринади. Боиси, соҳада қанча-қанча ислоҳотлар амалга оширилаётган, тиббий хизматни юксалтиришга устувор вазифалардан бири сифатида қаралаётган бугунги кунда ҳам мамлакатимиздаги айрим тиббиёт муассасаларининг ҳолати, улардаги шарт-шароит Абдулла Қаҳҳор таъриф этганидан анча хароб. Баъзиларини эса шифохона, тиббиёт муассасаси деб аташга тил бормайди.
Касби туманининг Хўжаҳайрон қишлоғида ҳам битта шифохона бор. Шундоққина катта йўл ёқасида жойлашган бу бино бир қарашда уч-тўрт асрлик тарихга эга ва ҳозирда харобага айланиб қолган меъморий ёдгорликни эслатади. Аслида ҳам иншоот қурилганига анча бўлган. Бир вақтлар жамоа хўжалиги томонидан турли мақсадларда фойдаланилган бино кейинчалик қишлоқ врачлик пунктига айлантирилган. 2017 йилда эса қишлоқ врачлик пунктларининг қисқартирилиши натижасида, бу муассаса фаолияти тугатилиб, ҳудуддаги 6-сонли оилавий поликлиникага бириктирилган. Аммо ҳудуд катталиги инобатга олиниб, бу ерда поликлиника тасарруфидаги 1-сонли тез тиббий ёрдам диспетчерлик гуруҳи ҳамда етти кишилик тиббиёт ходимлари жамоаси фаолият юритмоқда.
Айни пайтда бинода беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мумкинлиги ҳақида гапириш ҳам ноўрин, шунчаки кичик жамоанинг кун бўйи ўтириб ишлаши, тунда қолиб навбатчилик қилиши учун ҳам ҳеч қандай шарт-шароит йўқ. Эски, таъмирга муҳтож иситиш тизимининг аллақачон хизмат муддати тугаган, ҳозирда уни занг босиб ётибди. Қўлбола печларни қанча ёққан билан охори тўкилиб, эшик-деразаларидан совуқ анқийдиган хоналарни қиздириш қийин. Қолаверса, бундай печь ҳам атиги икки-учта хонада бор экан.
- Вазиятга қараб бир кунда 15 тадан 20 тагача чақирувни қабул қиламиз, - дейди тез тиббий ёрдам шохобчаси диспетчери Ифтихор Тошпўлатов. - Битта хонада бир нафар диспетчер, шофёр ва фельдшер ўтирамиз. Аслида диспетчернинг хонаси алоҳида, аммо ҳозир барчамиз бир хонада турибмиз. Тўғри, хона совуқлиги бор гап, лекин бугун печкани ёқмаган эдик, печка ёқилса анча қизиб қолади.
Оилавий поликлиниканинг етти нафар тиббиёт ходими фаолият юритаётган қўшни бўлимда ҳам аҳвол бундан яхши эмас. Совуқ ва зах хоналарда бир неча дақиқа туришнинг ўзи бўлмайди. Фақат иккита хонада қўлбола печь қурилиб, барча ходимлар шу хоналарда фаолият юритмоқда.
- Бу ер тиббиёт муассасаси эмас, - дейди фельдшер Жасур Ўсаров. - Биз 6-сонли оилавий поликлиникада ишлаймиз. Хўжаҳайрон эса катта қишлоқ. Шу боис аҳолига қулай бўлиши учун бир неча киши вақтинчалик шу ерга келиб турибмиз. Агар беморга тиббий муолажа ўтказиш ёки жиддийроқ тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келса, асосий поликлиниканинг ўзига олиб борилади.
Бу гапни поликлинка бош врачи Содиқ Холов ҳам тасдиқлади.
- У ерда фаолият юритаётган ходимларимизнинг 6 нафари патронаж ҳамшираси, - дейди у. - Улар асосан уйма-уй юриб, бевосита аҳоли билан ишлайди. Шу боис ўзларига яқин бўлгани учун ҳозирги кунда ўша жойдан туриб ишламоқда. Яна бир нафар фельдшер ва битта тез тиббий ёрдам бригадамиз ҳам худди шундай мақсад билан ўша бинода жойлашиб турибди. Бу аҳолига қулай бўлишини ўйлаб қилинган иш. Фуқароларга зарур тиббий муолажалар эса асосий бинода ўтказилади.
Бош врач шундай дейишга дейдию, аммо қарийб 15 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган "асосий бино"даги шарт-шароит ҳам ҳаминқадар. Қиш қиличини қайраган шу кунларда ҳам иситиш тизими кўнгилдагидек ишлаётгани йўқ, хоналар совуқ. Оилавий поликлиника тасарруфидаги 2-сонли тез тиббий ёрдам шохобчасидаги ҳолат янада ачинарли. Бу ер ташқи томондан хароба кулбани эсга солса, ичкаридаги аҳвол янада ёмон. Совуқ, моғор ҳиди анқиган хоналарда кечаю-кундуз навбатчилик ташкил этиб, фаолият юритаётган гуруҳ аъзоларининг қандай кайфиятда ва ҳолатда чақирувларга йўл олишини тасаввур қилиш қийин эмас.
Хуллас, Хўжаҳайрондаги 6-сонли оилавий поликлиника ва унинг қишлоқ марказидаги шохобчасида аҳвол ана шундай. Аммо бизни ҳайрон қолдиргани, бу ерда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг камчиликларни яширишга, йўқ шароитни бор қилиб кўрсатишга урингани бўлди. Ваҳоланки, бу ердаги аҳвол биринчи галда уларни қониқтирмаслиги, керакли шарт-шароитни яратиш учун аввало ўзлари ҳаракат қилиши, масъулларни бу ерга эътибор қаратишга ундамоғи жоиз эмасми?.. Эҳтимол, мазкур оилавий поликлиника биносининг жорий йилда таъмирланиши режалаштирилганию, сўнг яна қолиб кетишига ҳам шу ходимларнинг бугуним ўтса бўлди ёки "оч қорним, тинч қулоғим" қабилида йўл тутишаётгани сабаб бўлгандир...
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.