Меню

Қашқадарё

15.11.2019 1853

МУАММОЛАР БОР, ЕЧИМ ҲАМ

Фаолиятга назар

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Деҳқонободдан кейин Чироқчи, Китоб ва Шаҳрисабз туманларида бўлди.

Вилоят раҳбари ҳудудларга сафар қиларкан, ишни муқаддас қадамжоларга бориш ва кексалар дуосини олишдан бошлаётгани эътиборли. Ўз навбатида зиёлилар билан ҳам учрашувлар ташкил қилинмоқда.

Чироқчидаги мулоқотда З.Мирзаев "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлигини таъминлаш, самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишда биз сизга таянамиз. Чироқчининг интеллектуал салоҳияти жуда юқори. Лекин бу салоҳиятдан ҳали унумли фойдалана олмаяпмиз", дея таъкидлади. Аҳоли муаммолари билан қизиқилиб, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожидаги омиллар атрофлича ўрганилди.

Хабарингиз бор, октябрь ойида Китоб туманидаги Макрид кенгликларида Xитой корхонасининг 100 фоизлик сармояси асосида цемент ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланган эди. Бир кунда 3200  тонна клинкер ва цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган ушбу заводга хитойлик  ишбилармонлар томонидан қарийб 200 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилган. Цемент заводи ишга тушса, 500 кишининг бандлиги таъминланиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун юқори сифатли цемент етказиб берилади.

Сафар давомида бу ердаги ишлар ривожи кўздан кечирилди.

Вилоят ташкилотлари раҳбарлари китоблик зиёлилар олдида ҳисобот берди. Аҳоли мурожаатлари қатъий назоратга олинадиган бўлди.

Шаҳрисабзнинг тоғли Ғилон қишлоғи аҳолиси билан мулоқотда тоғ ва тоғ олди ҳудудларига суюлтирилган газ куз-қиш мавсумида узлуксиз етказиб берилиши қайд этилди. Вилоят ҳокими шу қишлоқдаги ягона сув тегирмони эгаси - 84 ёшли Қурбонали бобо ҳолидан ҳам хабар олди.

Шу орада Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бабақулов фаолиятидаги айрим камчиликлар боис ҳайфсан олди. Вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўзгарди. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Файзулла Юсупов вилоят бош молиячилигига келди.

Ишчи гуруҳ Қарши шаҳри Буюк Турон кўчасидаги ободонлаштириш ишлари ҳолати билан танишди. Кўча четидаги яшил ҳудудни ободонлаштиришга лозим даражада эътибор қаратилмагани, ажриқ босиб, пиёдалар йўлагига қадар чиқиб кетгани, манзарали дарахтлар ва гуллар парвариши яхши эмаслиги айтилди. Йўл кўрсаткичларини янгилаш, ўрнига нур қайтарувчи мосламалар ўрнатиш бўйича топшириқ берилди. Тадбиркорлик субъектларига тегишли нотурар жойлар ва янги қурилган кўп қаватли уйлар атрофи қаровсиз қолаётгани билдирилди. Бу борада масъулларга тегишли вазифалар юкланди. Қолаверса, ушбу кўчадаги аксарият кўп қаватли уйларга асосий йўлдан кириш имконсизлиги, тўсиқларни олиб қўшимча йўллар очиш мақсадга мувофиқлиги, бу ишни тартибли ташкил этиш кераклиги қайд этилди.

Бундан аввал Қарши шаҳридаги Кунчиқар маҳалласида жойлашган 41-мактаб олди аянчли аҳволда экани, қувур ўтказиш ишлари бажарилгач, йўл таъмирталаб аҳволга келиб қолгани гувоҳи бўлинган, вазият анчадан буён ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, натижада бу ўқитувчи ва ўқувчиларга қийинчилик туғдираётгани кескин танқид қилиниб, камчиликларни зудлик билан тузатиш бўйича топшириқ берилганди. Шу кеча-кундузда мактаб ёнидаги йўлга асфальт қопламаси ётқизилиб, зарур қулайликлар яратилди.

Бу каби бунёдкорлик ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!