Меню
Қашқадарё
МУАЛЛИМ МАРТАБАСИ – ЖАМИЯТНИНГ ЮЗИ
– Йиғилишда қайд этилганидек, кейинги йилларда коллеж ва лицейларга кўпроқ эътибор қаратилиб, умумтаълим мактабларини замон талабларига мослаштириш, уларни яхлит тизимга бирлаштириш масаласи четда қолди. Ушбу тизимга бюджет маблағлари охирги навбатда ажратиб келинди, халқ таълими ходимлари ўз вазифасидан ташқари бошқа ишларга мунтазам жалб қилинди. Оқибатда таълим сифати пасайди. Ўқитувчилик касбининг нуфузи тушиб кетди.
Домла, соҳада сочи оқарган тажрибали мураббий сифатида бу жараёнга муносабатингиз қандай?
– Мен институтни тугатиб, иш бошлаган даврда (етмишинчи йилларнинг охирида) мактабимизда 4-5 нафар хотин-қиз бор эди. Ҳозир эса 60 фоиз... Бошқа ҳудудларда аҳвол бундан ҳам ёмон (Президентимиз ўша йиғилишда пойтахтимиздаги мактабларда бор-йўғи 10 фоизгина эркак ўқитувчи қолганини қайд этди). Чунки ойлик кам. Тирикчилик важидан кимлардир севимли касбини ташлаб, ҳудудимиздаги совхозга ишга ўтди – бўлим бошлиғи, экономист бўлди. Мен туман газетасига муҳаррир бўлдим. Хуллас, анча вақт мактабдан узоқлашишга мажбур бўлдик...
Оилада онанинг ҳам, отанинг ҳам ўз ўрни бор. Таълим соҳасидаги кўп йиллик тажрибамда бир нарсани кўп кузатганман. Аксарият ҳолларда отасиз ўсган бола эрка ва кибрли, онасиз ўсган бола хоксор бўлади. Мактабда ҳам эркак ва аёл ўқитувчилар мутаносиблигини таъминлаш керак. Чунки эркак муаллимнинг ўрни бўлакча, унинг қўлида таълим олган болаларда ўзгача мардонаворлик, қатъият, ирода шаклланади.
Ўқитувчининг моддий таъминотини кўтариш бўйича жиддий чораларни белгилашимиз шарт. Ижтимоий мавқеини кўтариш эса муаллимнинг ўз қўлида.
Дарвоқе, ўқитувчи карьераси ҳақида ҳам дўппини олиб қўйиб ўйлайдиган вақт келди. Бир пайтлар ўқитувчилар орасидан совхоз директорлари, қишлоқ кенгашлари раислари, райкомлар етишиб чиқарди. Бугун ўқитувчидан чиққан ҳокимни кўрганмисиз? Нима, ҳоким деганлари фақат пахта-ғалла ёки қурилиш мутахассиси бўлиши шартми? Муаллимдан чиққан ҳокимлар ҳудудда маънавият ривожига алоҳида эътибор қаратармиди?! Ана, Ёшлар иттифоқига карьера борасида “социал лифт” мақоми бериб қўйилди. Бундай ҳуқуқни мактабга ҳам берсак, ўқитувчининг қадди анча кўтариларди...
– Йиғилишда ўқитувчилар болалар билан ишлаш ўрнига, ота-оналардан пул йиғиш, турли текширувчи комиссияларни “рози қилиш” билан овора бўлиб қолгани, бу эса, давомат тушиб кетиши, ўқувчиларнинг қаровсиз қолиши, тарбияси бузилиши ва айрим ҳолларда турли зарарли оқимларга қўшилиши ҳолатларини келтириб чиқарганлиги куюнчаклик билан қайд этилди...
– Дарҳақиқат, шу пайтгача мактабларни текшириш марказлаштирилмаган эди. Ўқитувчини ҳамма ўзича назорат қиларди. Айтайлик, туман халқ таълими бўлимидаги бир ноинсоф методистнинг ёғлироқ тушлик қилгиси келиб қолди. Нима қиларди? Албатта, мактаб сари текширишга отланарди...
Масалан, бандлик идораларини олинг. Бўш иш ўринлари бўйича текширавериб, овора қилишади. Аслида бир йилда бир марта ҳисобот олса бўлади. Ахир мактабда ўқув йили бошидан охиригача бу борада вазият деярли ўзгармайди-ку...
Менимча, мажбурий меҳнат деганлари ҳам мактабнинг эгасизлигидан пайдо бўлди. Табиийки, нимаики эгасиз бўлса, эга кўпайиб қолади. Шу туфайли ҳам ҳали туман ҳокими, ҳали ободонлаштириш, ҳали ички ишлар идораси раҳбари, ҳали маҳалла раиси, ҳали фермер ўқитувчига иш буюраверди. Очиғини айтадиган бўлсак, ўтган ҳам, қайтган ҳам туртиб ўтадиган даражага бориб қолдик.
Бунга барҳам бериш учун халқ таълими тизимининг вертикал бошқарув тизимини яратиш керак. Мактабдагиларни ўзининг эгаси назорат қилсин.
Йиғилишда мактаб директорларининг фаол ота-оналар ва битирувчилардан иборат кузатув кенгаши томонидан сайлаб қўйилиши таклиф этилди. Жуда ўринли таклиф. Аслида яхши раҳбар менежер бўлишга мажбур. Директорни – мактаб менежерини жамоа эмас, ота-оналар ва битирувчилар сайлаши керак. Бунда унинг ишчанлик қобилияти, ижодкорлик фазилатлари, новаторлиги асосий мезон бўлиши шарт. Директорга имконият бериш учун уни мактабга алоқаси бўлмаган турли йиғинларга жалб қилишни камайтириш керак.
– Муаммо фақат соҳага эътибор камайиб кетганидами? “Қарс – икки қўлдан” эмасми? Бугун ҳатто ҳокимларнинг ҳам фаолиятига баҳо бериш механизми яратилаяпти. Ҳатто дипломатларимиз фаолияти юртимизга жалб қилаётган инвестициялар ва сайёҳлар оқимига қараб баҳоланаяпти. Хўш, ўқитувчи фаолиятига баҳо беришда қайси мезонга асосланиш керак?
– Кейинги йилларда мактабдагиларнинг аксарияти жамият олдидаги асосий масъулиятини, бурчини унутди. Уларда жамият олдидаги қарздорлик туйғуси йўқолиб бораяпти. Нега десангиз, бир пайтлар мактабнинг рейтинги унинг битирувчиларидан қанчаси олий ўқув юртига кирганлиги билан белгиланар эди. Кейин эса бу юкни коллеж ва академик лицейлар бўйнига олдию, мактабнинг бу борада ҳеч қандай жавобгарлиги қолмади.
Кўплаб ўқитувчиларимизни ўзлари кириб олган қолипидан, Чехов айтган “ғилоф”идан чиқариш қийин. Таълимга ажратилаётган инвестициялар шарофати билан миллионлаб валюта маблағлари эвазига мактабларимизга келтирилаётган замонавий техника воситаларини қолипга кириб қолган муаллимларимиз бошқара олмаётгани аччиқ бўлса-да, ҳақиқат. Шундай қимматбаҳо техника воситалари мактабларимизда қутисидан ҳам чиқарилмасдан ёки фойдаланилмасдан чанг босиб, ўз умрини ўтаб бўлди. Айрим ўқитувчиларимиз эса ҳатто компьютерни ўчириб-ёқишни билмайди. Ундан қандай қилиб инновация кутамиз?
Шунинг учун ҳам ўқитувчининг касб маҳоратига қўйиладиган мезонларни аниқ белгилаш керак. Бу борада биринчи мезон унинг янги педагогик технология ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маҳорати бўлмоғи зарур. Шу билан бир қаторда таълим тизимини тасодифий кадрлардан тозалаш керак.
Замоннинг шиддатини, техниканинг тараққиётини қаранг. Эрта-индин ўқитувчию ўқувчига дарсликлар керак бўлмай қолади. Мактабларга босма шаклдаги эмас, камхаражат электрон дарсликлар, адабиётлар етказиб берилади. Ўқитувчи уларнинг қаршисида бармоқ тишлаб қолмаслиги керак.
– Барча соҳада ҳам рақобат тараққиёт тегирмонини айлантиради. Мактабда рақобат муҳитини қандай йўлга қўйиш мумкин?
– Муаллим ўзининг ўрнини эгаллашга тайёр турган яна йигирма нафар мутахассис борлигини ҳис этиб ишлаши керак. Ўқитувчи излансин, ўз устида ишласин. Дарс ишланмасининг матнини яратсин. Ҳа, мактабда ҳам рақобат муҳити зарур. Бўлмаса, машҳур қизиқчимиз аччиқ истеҳзо билан айтганидек: “Керак бўлса, яна эллик йил бир жойда ишлайвериши мумкин, унинг ўрнини оламан деб кимнинг кўзи учиб турибди?”
Яна бир гап. Ўқитувчининг дарс соатини асло бир меъёр – бир ставкадан оширмаслик зарур. Ва шу меъёр унинг барча моддий эҳтиёжларини қондирсин.
– Миришкор сингари чекка ҳудудлардаги туманларга малакали ўқитувчилар етишмаслиги жуда катта муаммо. Бунинг жабрини тортган мутасадди сифатида бу борада қандай таклиф айта оласиз?
– Бир неча йил аввал Қарши давлат университетига мактабимиз учун чет тили ўқитувчиси қидириб бордим. Ишонасизми, 80 нафар битирувчидан 48 нафари Қарши шаҳридан экан. Шу қирқ саккизнинг ҳам 43 нафари қиз бола. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Қайси ота-она оёғининг тагида тайёр иш туриб, қизини Қаршидан 80 километр масофадаги қишлоқда жойлашган мактабимизга ишга жўнатишга рози бўлади?
Қизиқ ҳолат. Нега олий ўқув юртларига қабул чоғида жойлардаги эҳтиёж ўрганилмайди?!
– Яна қандай муаммолар умумий ўрта таълимнинг “оёғидан тортаяпти” деб ўйлайсиз?
– Айни пайтда умумий ўрта таълимда ўқитиладиган фанлар сони 35 дан ортиқ. Маълумотларга қараганда, ривожланган Ғарб мамлакатларида бу кўрсаткич 30-32 тани ташкил этади. Бизда мактабда ўқитиладиган қўшимча фанлар кўпайиб кетди. Оқибатда болалар кўп чалғияпти, муаллим меҳнати увол кетаяпти.
Таклифим – агар биз ўрта таълимда тараққиётга эришмоқчи бўлсак, бошланғич таълимдан кейин мақсадли йўналтирилган таълимга ўтишимиз зарур. 3 та – аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида ўқитишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўларди. Айтайлик, ижтимоий-гуманитар йўналишда ўқиётган ўқувчига аниқ фанлардан минимум юклама беришимиз зарур.
– Домла, кузатсангиз, аксарият ёшлар муаллимлик касбининг этагини тутишни истамай қўйишган эди. Нима деб ўйлайсиз, тизимдаги янгиланишлар муаллим мартабасини кўтаришда қандай ўрин тутади?
– Нега кўпчилик ёшлар банк-молия, ҳуқуқшунослик, ҳарбийлик сингари соҳаларга ўзларини уришаяпти? Сабаби аниқ. Бу касб вакилларининг жамиятдаги нуфузи юқори. Ижтимоий ҳимояси кафолатланган. Муаллимликнинг эса қадри йилдан-йилга тушиб кетаётгани юракларни зирқиратиб келаётганди.
“Ёшларимизнинг билим олишга қизиқишлари ортиши учун улар ҳаётда ўқитувчилари бошқа соҳа вакилларидан кўра анча яхши яшаётганини кўришлари шарт! – деб ёзди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида. – Лекин ҳозир жойларда ўртача ўқитувчининг шароити билан ўртача молиячининг шароитини солиштириб бўлармикин...” Ҳақ гап!
Юксак тараққиётга эришган японлар бунинг сабабини шундай изоҳлашади: “Биз энг аввало ўқитувчиларга дипломат хавфсизлигини, бош вазир маошини, император ҳурматини бердик...”
Бизда тизимда бошланган хайрли ислоҳотлар шабадаси ҳам аслида жамиятнинг юзи бўлмиш муаллим мартабасини юксалтириш, таълим-тарбиядаги муаммоларни ҳал этиш, шу орқали тараққиётимизнинг асосий таянчини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Нуриддин ЭГАМОВ суҳбатлашди.