Меню

Қашқадарё

02.07.2019 1848

МУҲТОЖЛАР УЧУН УЙ-ЖОЙ ОЛИШДА ҚАНДАЙ ИМТИЁЗЛАР БОР?

Хўш, муҳтож фуқаролар имтиёзли асосда уй-жой олиш учун қаерга, кимга ва қай тартибда мурожаат қилиши керак?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 январдаги     тегишли қарори билан "Кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштириш, шунингдек ёш оилаларга, эскирган уй-жойларда яшаётганларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига сотиш тартиби тўғрисида низом" тасдиқланган. У асосида 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури доирасида уй-жойларни (5, 7 ва 9 қаватли) қуриш ва реконструкция қилиш учун "Ипотекабанк" АТИБ томонидан буюртмачига кредитлар бериш тартиби, шунингдек, кўп квартирали уйлардаги квартираларни устун даражада ёш оилаларга, эскирган уй-жойларда яшаётганларга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига сотиш тартиби белгиланди. Унга кўра:

ўз уй-жойининг йўқлиги ва ижара (аренда), бепул фойдаланиш шартларида турар жойда ёки эскирган уйларда яшаш;

бир уйда (бир квартирада) бошқа оила ёки бошқа оилалар билан биргаликда яшаш;

кўп болали оила;

она (ота)нинг тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаши;

ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

оила таркибида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс мавжудлиги;

турар жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турар жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги каби мезонлардан бири мавжуд ҳолларда фуқаролар ва таянч докторантуранинг 2-курсидан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълим институтида таҳсил олаётган докторантлар арзон кўп квартирали уйларни олиши мумкин. Улар бунинг учун ариза, ўзи ва биргаликда қарз олувчиларнинг молиявий ҳолати ва имтиёзли тарзда уй-жой олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар билан ҳудудий комиссияга мурожаат қилиши керак.

Низомда ҳудудий комиссиянинг намунавий таркиби белгиланган. Комиссия раиси - шаҳар ҳокими, комиссия раисининг ўринбосари - шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари бўлади. Яна еттита давлат ва  нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳам ушбу комиссия таркибига киритилган. Комиссия ваколатига оид мурожаатларни рўйхат бўйича қабул қилиб, мурожаатчига ариза қабул қилинганлиги ҳақида тилхат билан рўйхат нусхасини топширади.

Ҳудудий комиссия қабул қилиб олинган барча ҳужжатларни ўрганиб, уй-жойга муҳтож фуқарога бириктирилган квартиранинг реквизитларини кўрсатган ҳолда протокол қарорини қабул қилади. Мурожаат рад этилганда икки иш кунида ариза берган фуқарога асослантирилган ёзма билдиришнома юборилиши шарт.

Уй-жойга даъвогар фуқаро дастлабки бадал, яъни квартира қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги пул маблағини унга хонадон бириктирилганидан кейин 60 календарь кундан кечикмай банкка тўлаши керак. Акс ҳолда ҳудудий комиссиянинг квартирани ушбу фуқарога бириктириш ҳақидаги қарори ўз кучини йўқотади.

Бундан ташқари, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган "Ариза берувчи - уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисида низом" доирасида ҳам ижтимоий устунлик асосида уй-жой харид қилишлари мумкин. Бунда низом талаблари асосида шакллантирилган тегишли туман ҳокимлиги ҳузуридаги Талабгорларни танлаш комиссиясига мурожаат этилади. Унинг таркиби камида тўққиз кишидан иборат бўлиб, ҳоким, биринчи ўринбосар, хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлими раҳбари, ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи, тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари доимий ишлайдиган комиссия аъзоси бўлади. Комиссия ишига банк, инжиниринг компанияси филиали раҳбари ва тегишли маҳалла раиси кузатувчи сифатида таклиф қилинади.

Ушбу низомга кўра, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деганда: мулк ҳуқуқи билан турар жойи йўқ; бошқа оила ёхуд оилалар билан бир уйда яшовчи; кўп   болали; даромади юқори бўлмаган, яъни бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзосига белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг уч баробари миқдоригача тўғри келадиган; тўлиқ бўлмаган оилада бир ёки ундан кўп бола яшаётган; оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ёки биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар мавжудлиги; умумий уй-жой майдони 16 квадрат метр (курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 квадрат метр)дан кам бўлганлик ҳолатлари тушунилади.

Ушбу келтирилган асослардан бири тоифасига мансуб 18 ёшга тўлган фуқаро қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлардан харид қилиш учун ариза билан комиссияга мурожаат этиши мумкин. Бундай мурожаат 15 кун ичида кўриб чиқилиб, танлов натижалари бўйича комиссия қарори қабул қилиниши керак.

Комиссия ўрганиш натижалари бўйича бир иш кунида ариза берувчига кейинчалик инжиниринг компанияси ва уй-жой қурилишида иштирок этувчи тижорат банкининг филиалига тақдим этиш учун ёзма тавсия беради. Бу рад этилганда эса мурожаатчи ёзма равишда хабардор қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган "Оғир ижтимоий  вазиятга тушиб қолган  хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида низом" асосида ҳам кўзда тутилган тоифа учун қатор қулайликлар яратилган. Улар бу билан дастурлар доирасида қўшимча муҳандислик ва ижтимоий инфратузилма билан комплекс ҳолда қурилган кўп қаватли кўп хонадонли (2 ва 3 хонали) ва майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли (2 ва 3 хонали) арзон уй-жойларга эга бўлишлари мумкин. 

 Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уйлар бошланғич бадали, яъни қийматининг 10 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот ҳисобидан ҳамда қолган 90 фоизи ипотека асосида тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади. Шунингдек, уларга ажратилган имтиёзли кредитни қоплаш талабгорнинг ўз маблағлари, доимий даромадга эга бўлмаган ва кредитни қоплашга лаёқати етарли бўлмаган тақдирда у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Арзон уй-жойлардан харид қилиш учун ариза муҳтож хотин-қиз, унинг ўзи ариза бериш имкониятига эга бўлмаса, туман (шаҳар) секторлари раҳбарлари томонидан юқорида номи келтирилган икки низом талаблари асосида шакллантирилган ҳудудий комиссия ёки танлаш комиссиясига берилиши мумкин. У ваколатли шахс томонидан қабул қилингач, 15 кун ичида кўриб чиқилиши керак.

Комиссия томонидан тушган аризани кўриб чиқишда уй-жойга муҳтож хотин-қизлар қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида аниқланади:

ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;

кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);

ариза берувчи оиласининг даромади;

ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида);

ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

ариза берувчи уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар;

ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида);

кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

Мамлакатимизда инсон қадр-қимматининг юксалиши, айниқса кейинги йилларда яққол ўз ифодасини топмоқда. Бунда кучли ижтимоий ҳимоянинг устуворлик касб этаётгани уй-жой   шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга алоҳида ёндашув асосида ғамхўрлик қилинаётганида ҳам кўринади. Бинобарин, ўз олдимизга ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига шароит яратиш вазифасини қўйганмиз ва бу йўлдаги илдамлашлар одамлар ҳаётидаги акси билан аҳамиятли бўлаяпти.    

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!