Меню

Қашқадарё

07.04.2022 1522

Муҳожирлар тенг ҳуқуқлилик талаби билан чиқди

Африка давлатларининг кўп йиллардан буён Бельгияда рухсатсиз яшаб келаётган муҳожирлари мамлакат ҳукуматидан ўзларига худди украиналик қочқинлар билан қилинаётгани каби муносабатда бўлиш ва бу ерда яшашларини қонунийлаштириш учун тезда ҳужжат беришларини талаб қилиб, пойтахт Брусселда акция уюштирди, дея хабар беради РИА Новости манбаси.

"Икки стандарт (мезон)ли сиёсатни бас қилинг. Барчамиз украиналиклар кабимиз. Уй-жой ҳаммада бўлиши керак", деб ёзилган намойишчилар кўтариб олган лавҳалардан бирида.

Акция иштирокчилари пойтахтдаги парк ҳудудида тўпланган. Уч кун олдин улар бу ерда норозилик белгиси сифатида чодирлар тикиб, совуқ бўлишига қарамай, тунаб қолишган. Муҳожирлар маҳаллий ҳокимият билан эришилган келишувга мувофиқ чодирларни йиғиштириб, норозилик билдириш учун чет элликлар ишлари бўйича бошқарма офисига йўл олишган. У ерга ўзларининг талаблари ёзилган рамзий картон чодирлар ўрнатиш ниятидалар.

"Украиналик қочқинлар масаласини ечиш учун бир неча кун талаб этилди. Кўпчилигимиз Бельгияда йиллар давомида яшаб, ишлаб келаётган бўлсакда, мамлакат ҳукумати буни қонунунийлаштиришни рад этиб келмоқда", дейди акция ташкилотчиларидан бири.  

Унинг сўзларига кўра, кўплаб акция иштирокчилари Европага бир неча йиллар аввал келган. Аммо зарур ҳужжатларни расмийлаштира олмагани боис уларда қонуний тарзда ишга жойлашиш имкони йўқ, шу сабаб иш берувчилар томонидан ҳуқуқлари поймол этилаётган ҳолатлар тез-тез учраб туради.

"Биз моддий ёрдам сўрамаймиз.  Мустақил пул ишлаб топишимиз учун мамлакатда бўлиб туришимиз қонунийлаштирилишини талаб қиламиз", дея қўшимча қилган африкалик муҳожир.   

Айни бир пайтда эса Бельгиянинг миграция ва бошпана бериш масалалари бўйича давлат котиби Сами Махди тинч мамлакатлардан келаётган муҳожирлар ҳуқуқлари украиналик қочқинларники билан тенг бўлиши керак, деб ҳисобламаслигини аллақачон маълум қилган: "яна бир бор такрорлайман: (ноқонуний муҳожирлар) легаллаштириш талаб қилишидан ҳеч қандай маъно йўқ", деб ёзган у ўзининг Twitter аккаунтида.

Аввалроқ Бельгия ҳукумати қуролли тўқнашувлар давом этаётган Украинадан мамлакатга 30 минг нафарга яқин қочқин келгани ҳақида хабар қилганди.  ЕИ қарорига асосан улар автоматик тарзда бир йил давомида яшаш, ишлаш, тиббий хизмат ва таълим олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Турли маълумотларга кўра, Бельгияда расмий рўйхатдан ўтмаган 150 минг нафарча хорижлик истиқомат қилади. Улар иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, ишчи кучи етишмаётган қурилиш соҳасида анча фаол.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!