Меню

Қашқадарё

24.12.2016 2402

МУҚОБИЛИ ЙЎҚ НЕЪМАТ

 

- Экологик хавфсизлик, - дея изоҳ берди ҳамкасбим компьютерда ёзишдан тўхтаб. – Аслида компьютер монитори тарқатадиган нурни ютишда сувга тенг келадиган “фильтр” йўқ...

Шу гап баҳона бўлди-ю, сув ҳақида, бу бебаҳо, айни пайтда жуда-жуда беқадр неъмат хусусида ўйлаб қолдим. Дарҳақиқат, сувнинг хосияти мўл, унинг ўзига хос хусусиятларини ўрганаман деган одам, эҳҳе, дунёнинг билимига эга бўлар! Биргина мисол тариқасида унинг вужудимиз учун қанчалик муҳимлигини айтишнинг ўзи кифоя: тонгда ичилган бир пиёла сув ички органларни турли хилтлардан тозалайди, ош-қозонни “иш”га тайёр ҳолга келтиради, ичаклар ҳаракатини меъёрлаштириб, организмни янги кунга “дастур”лайди. Бир гал вилоятимиздаги муқаддас қадамжолардан бирига зиёрат учун борганимда, шу ерлик бир отахон қудуқ сувидан бир пиёла узатиб, “Қизим, шифо бўлсин, деб ичинг”, деганди. Сувнинг алоҳида хусусиятлари бор-йўқлигини сўраганимда эса таъкидлаганди:

- Бу сув табиий минерал моддаларга бой. Аммо ичга кирадиган ҳар қандай сув аслида шифо: оддийми ё маъданлими, фарқи йўқ. Шунинг учун боболар сув ичаётганда “шифо бўлсин”, деб ичганлар. Сувда шифо кўп.

Худди шунингдек нафақат инсон, балки жонивору қушлар ҳам сувга энг кўп эҳтиёж сезади. Одам оёғи етмаган олис манзилларда яшайдиган жониворлар ҳаётига эътибор берсак, улар одатда сувлоқ атрофини макон тутади. Қушлар ҳам шундай. Ҳатто шимолдан жанубга учиб кетаётган қушлар карвони кечаси тин олиш учун доимо сув мўл бўлган манзилни танлайди.

Тупроқ-чи? Агар сув бўлмаса, тупроқдаги намлик бўлмаса, у қуруқ бир моддага айланиб қолади. Худди Ойдаги каби. Ернинг сув билан етарлича таъминлангани туфайлигина инсон шаклланиши ва яшаб қолиши учун қулай шароит юзага келган. Неча минг-миллион йиллардан бери шу заминда яшаб келаётган  инсоннинг энг яқин тиргаги ҳам сув бўлди: истеъмолининг чексиз эҳтиёжларини шу неъмат орқали қондирди ва ҳамон шундай бўлиб келаяпти. Ҳозирги тамаддун башариятга жуда кўп ютуқларни ато этди. Аммо сув борасида эмас. Келинг, шу ўринда айрим маълумотларга эътибор қаратсак.

Сайёрамиздаги тоза сувнинг 12 минг куб метр қисми саноат чиқиндилари билан ифлосланиб, яроқсиз ҳолга келаяпти. Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг 1 миллиард нафари ичимлик суви танқис ҳудудларда яшайди. Яна 400 миллион одам эса бу неъматдан умуман бебаҳра. Ҳар йили 3,5 миллион киши сувсизлик оқибатида ҳалок бўлади.

Бу каби маълумотлар билан танишганда, беихтиёр шукур айтамизки, бизнинг диёрда сув танқислиги сезилмайди. Аммо бу ҳолат бизга хотиржамлик бахш этмаслиги керак. Зеро, ҳар қандай неъмат каби сувнинг ҳам уволи бор. Агар уни исроф билан ишлатаверсак, жуда яқин йилларда юқоридаги мисолларда айтилган вазиятга тушиб қолишимиз тайин. Эътибор берганмисиз, инсониятнинг доно фарзандлари асрлар оша не-не кашфиётларни амалга оширишди, не-не ажабтовур маҳсулотлар яратилди, айримларининг ўрнига бошқалари истеъмолга кириб келди. Кейинги пайтларда ҳатто табиатда йўқолиб бораётган жониворлар турларини кўпайтириш учун шу ҳайвонга яқин турларнинг популяциси йўлга қўйилаяпти. Аммо биргина неъматнинг муқобилини яратиб бўлмаяпти, бу ҳам бўлса – сув! Нон ўрнига картошка истеъмол қилиш мумкин, чунки унда нон таркибидаги сингари организмга қувват берадиган моддалар мавжуд. Буғдой ўрнини маккажўхори ёки арпа, сули кабилар боса олади. Кейинги пайтларда ҳатто ўсимликларни тупроқсиз ўстириш ҳам тажриба қилиб кўрилаяпти. Аммо шунча кашфиётларга ақли етган, Ойга қадам қўйган одамзод фақат бир ишнинг уддасидан чиқа олмаяпти, яъни сув ўрнига ишлатса, истеъмол қилса бўладиган бошқа муқобил маҳсулот ёки суюқликни топа олмади. Мутахассислар вақт ўтиши билан сайёрамиздаги нефть ва газ захиралари тугашини таъкидлашади. Аммо уларнинг ўрнини қайта тикланувчи муқобил энергия ҳисобига қоплаш мумкин. Сувнинг ўрнини эса ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди, ҳеч нарса боса олмайди.

Унинг ўрнига нимани ишлатиш мумкин? Шу саволни 5 ёшли жиянимга берганимда, у бироз ўйланиб туриб, “Агар сув бўлмаса, мен чой ичаман”, дея жавоб берди. Чой дамлаш учун ҳам сув кераклигини билгач эса жиддий ташвишга тушди: сув тугаб қолса, нима қиламиз?

Менимча, бу савол ҳар биримизнинг олдимизда кўндаланг турмоғи шарт. Токи, кўчада кетаётиб, сув беҳудага оқаётган жўмракни бураш учун бир муддат вақтимизни қизғанмайлик. Токи, керагидан ортиқ сув сарфлаётган яқинларимизни тергаб қўяйлик. Токи, машинани ювиш учун бемалол ичимлик сувини ишлатаётган қўшнимизга бу ишининг оқибатини тушунтирайлик. Шундай тушунтирайликки, унинг энсаси қотмасин, хатосини англаб етсин. Токи, байрам ё зиёфатларда ортиқча эмас, етарлича таом тайёрлайлик. Чиройли идишларда қатор қилиб, маъданлию маъдансиз, ранглию рангсиз сувларни териб қўйиб, келган меҳмонга мажбуран ичирмайлик, пиёлага сузилиб, қолиб кетганини шарақлатиб тўкмайлик. Токи, бебаҳою ҳозирча беқадр бу неъматнинг уволи тутмасин. 

Майсара ҚЎЙЛИЕВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!