Меню
Қашқадарё
МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯ - ИННОВАЦИОН ЕЧИМ
Айтиш жоизки, мазкур соҳани янада равнақ топтиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида инновация технологияларини, илмий-техникавий ишланмаларни жорий этиш белгиланган. Шунингдек, энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи жиҳозлар ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришни муҳандислик марказларини ташкил этиш йўли билан кенгайтириш кўзда тутилган. Албатта, бу юртимиз илмий ҳамжамияти олдига тинимсиз изланишни, янги илмий ғояларни ўртага ташлашни, муқобил энергия манбаларини сарф этишнинг инновацион ечимларини тақдим этишни асосий вазифа қилиб қўяди.
Аҳамиятлиси, сўнгги вақтда соҳа мутахассислари томонидан ушбу жаб-ҳада қўллаш мумкин бўлган замонавий технологияларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ишлар фаоллашгани кўзга ташланади. Бу борада вилоятимиз олимлари эришаётган натижалар ҳам салмоқли эканини қайд этиш лозим.
Мисол учун, Қарши давлат университети олимлари томонидан турли қуёш қурилмаларининг экспериментал вариантлари ва моделлари қурилиб, тажриба-синовидан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш борасида истеъмолчилар буюртмаси ва давлат гранти асосида илмий тадқиқотлар олиб борилаяпти. Жумладан, Б.Хайриддинов раҳбарлигида "Автономлаштирилган қуёш биоэнергиядан фойдаланиб, чорвачилик ва паррандачилик биноларида мўътадил иситиш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш" ҳамда А.Вардияшвили раҳбарлигида "Қуввати 30 кВт/соат бўлган гелиоиссиқхонали Қуёш қишлоқ уйини яратиш" мавзуларида илмий-тадқиқот ишлари бажарилмоқда.
Илмий жамоа томонидан 2017 йил май ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган X инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилган ишланма 5 нафар киши яшовчи, иситиладиган хоналари майдони 100 квадрат метр бўлган Қуёш қишлоқ уйига мўлжалланган. Ушбу қурилма йил давомида уйни иссиқ сув билан таъминлаш, ёритиш ва иситиш имконини беради. Ноанъанавий ва иккиламчи энергия ресурсларининг қўлланилиши натижасида бирламчи энергияни 30-40 фоиз тежаш ва маҳсулот исрофини 1,5-1,8 мартагача камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Доцент Н.Холмирзаев эса бугунги кунда Қуёш биоэнергиясидан фойдаланиб, автоматлаштирилган тупроқ ости иссиқлик аккумуляторли гелиоиссиқхонани иситиш ва ички ҳаво температура ҳамда намлик режимини автоматик бошқариш технологиясини таклиф этди. Мазкур технология асосида ёқилғи-энергия ресурсларини тўлиқ тежашга эришилади, етиштирилган сифатли маҳсулотнинг таннархи пасаяди. Мазкур гелиоиссиқхонани республикамизнинг жанубий минтақаларида қуриб ишлатиш юқори самара беради.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш йўналишида кўп йиллардан буён илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ўтган даврда институтда техника фанлари доктори Ғ.Узоқов раҳбарлигида Давлат илмий-техника дастурлари доирасида 3 та инновация ва 2 та амалий лойиҳалар бажарилди. Ҳозирги кунда ушбу соҳада 1 та инновация, 1 та амалий ва 1 та фундаментал лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Яна бир жиҳати, институтнинг энергетика факультетида 2016/2017 ўқув йилидан бошлаб "Муқобил энергия манбалари" йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ушбу йўналишда талабаларга асосан қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш, қуёш, биомасса, шамол, геотермал энергия ва гидроэнергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таълим берилмоқда.
Шунингдек, ўтган йили ушбу олий ўқув юртида қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида олиб бориладиган илмий-тадқиқотлар базасини мустаҳкамлаш мақсадида "Энергиятежамкорлик ва қайта тикланувчи энергия манбалари" илмий лабораторияси ташкил этилди ва 50 дан ортиқ ёш тадқиқотчилар тадқиқот ишларига жалб қилинди. Лабораторияда автоном электр таъминоти учун поликристалл қуёш панеллари, қуёш энергиясидан иссиқ сув оладиган вакуумли коллекторлар, шамол двигатели ва қуёш радиациясини, ҳавонинг босими, намлиги, ҳарорати ҳамда шамолнинг тезлиги ва йўналишини юқори аниқликда ўлчаш имконини берадиган ўлчов асбоблари мажмуаси ҳамда пиролиз ва биогаз қурилмалари мавжуд.
Хулоса ўрнида айтганда, 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш борасида олиб борилаётган илмий-тадқиқотларга ҳамда ушбу йўналишда малакали кадрларни тайёрлашга янада масъулият билан ёндашишга, барча илм аҳлини мазкур соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида ташаббускор бўлишга ундайди.
М.НОРМУРАДОВ,
физика-математика фанлари доктори, профессор