Меню

Қашқадарё

30.05.2022 1262

МУҲИМ ЛОЙИҲАНИНГ ИККИНЧИ БОСҚИЧИДА ҚАНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР КУТИЛМОҚДА?

“Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази “Ўзбекистонда зўравон экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасидаги фаолиятини янада кенгайтирмоқда.

Хабарингиз бор: мазкур лойиҳа юртимизда 2020 йилдан бошлаб Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали томонидан бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда рўёбга чиқарилаяпти. Ўтган вақт мобайнида унинг доирасида мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида, шу жумладан, Қашқадарёда кўплаб диққатга сазовор ишлар бажарилди. Масалан, Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида аҳолининг заиф гуруҳлари вакиллари учун бепул касб-ҳунар ўрганиш курслари ҳамда тадбиркорлик асослари ва бизнесни режалаштириш бўйича тренинглар ташкил қилиниб, ўқувни муваффақиятли якунланганлар ўртасида бизнес-режалар танлови ўтказилди. Унинг икки нафар ғолиби – Қарши шаҳри ва Ғузор туманида яшовчи ишсиз аёллар мини-технологиялар харид қилиш учун грантлар олишди ва ўз бизнесини бошлаб юборишди. Ушбу курсларнинг яна 260 нафар битирувчиси ҳам зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиб, ҳаётини ижобий томонга ўзгартиришга эришмоқда.

Лойиҳа доирасида “Юксалиш” АМРМ томонидан аҳолига бепул юридик, психологик ва ижтимоий маслаҳатлар бериш ҳам йўлга қўйилди. Маърифий дастурлар асосида ўқувлар уюштирилиб, давлат тузилмалари ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш ва бандлик органлари, бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирокида семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ўтказилди. Лойиҳани олға суриш учун волонтёр (кўнгилли)лар тайёрланди ва журналистлар малакаси оширилди.

Лойиҳанинг жорий йил май ойида бошланган иккинчи босқичида эса “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс марказининг мутахассислари ўз олдига янада каттароқ вазифаларни қўйишган. Мисол учун, касб-ҳунар ўрганиш курсларида тикувчилик, компьютер саводхонлиги, қандолатчилик ва меҳмон кутиш санъатига қўшимча равишда яна бир йўналиш – “Иссиқхона хўжалиги ва кўчат етиштириш” бўйича машғулотлар бошланди. Қарши шаҳар 2-сектор штаби ҳудудида ўтказилаётган бу қисқа муддатли курсларни вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Хулкар Ражабова олиб бормоқда. Ғузор туманида эса яна бир тажрибали тадбиркор аёл Дилафрўз Муҳаммадиева мураббийлигида қандолатчилик курслари очилди.

Бундан ташқари, яқинда Қарши шаҳрида “Журналистика ва блогерликка йўл” медиамактаби иш бошлади. Ёш журналист ва блогерлар учун махсус дастур асосида уюштирилаётган машғулотларда журналистика жанрлари, медиасаводхонлик, блоглар яратиш ва юритиш, видеороликлар ва видеоконтент тайёрлаш, фотожурналистика каби мавзулар қамраб олиш мўлжалланган. Айни пайтда ёшларга глобал фуқаролик ва бағрикенглик тили сингари муҳим тушунчалар мазмун-моҳиятини тушунтирилиб, улар билан биргаликда энг долзарб мавзу ва муаммоларни ёритиш усуллари муҳокама қилинади.

Лойиҳа иккинчи босқичи доирасида  марказда тадбиркорликка ўқитиш, ижтимоий, психологик ва юридик маслаҳатлар бериш, ёшлар ва ҳамкорлар билан семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказиш давом эттирилмоқда. Шунингдек, яқин вақт ичида интеллектуал мунозара клуби ҳамда ёшлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари учун ресурс маркази (кутубхона) ташкил этиш режалаштирилган.

Ўз мухбиримиз    

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!