Меню

Қашқадарё

12.09.2017 2532

“МУҚБИЛ ВА МУДБИР АФСОНАСИ

Маросимда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, 1994 йилда ташкил этилган вилоят қўғирчоқ театрида ўтган йиллар давомида етук ижодий жамоа шаклланди. Театр нафақат воҳамизда, балки республикамизда ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб бормоқда. Буни қўлга киритилаётган ютуқ ва натижалардан ҳам билиш мумкин. Жумладан, 2007 йилнинг октябрь ойида театр жамоаси “Чодир хаёл” умумжаҳон қўғирчоқ театрлари фестивалида “Мешполвон” спектаклини намойиш этиб, омма эътирофига сазовор бўлган бўлса, 2013 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон қўғирчоқ театрларининг IX анъанавий кўрик-фестивалида “Тандир она саховати” спектакли билан иштирок этиб, иккинчи ўринга лойиқ топилди. 2016 йилда эса Андижон вилоятида бўлиб ўтган мазкур фестивалнинг навбатдаги босқичида жамоа томонидан тақдим этилган “Муқбил ва Мудбир афсонаси” спектакли юқори баҳоланди.

- Болажонлар учун бирор асар яратиш бир қарашда осондек туюлади, - дейди театр директори Бегимқул Пиратов. – Аслида эса бу иш жуда қийин ва масъулиятли вазифа. Боиси, яратаётган ҳар бир асарингиз қизиқарли, содда ва шу билан бирга, болажонларни она Ватан ва эл манфаати йўлида фидойилик ва инсонийлик фазилатлари руҳида камол топтиришга хизмат қилмоғи лозим. Театримиз жамоаси ана шундай асарларни саҳналаштиришга эътибор қаратмоқда.

Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида Ғайрат Ҳамраев режиссёрлигида саҳналаштирилган  “Муқбил ва Мудбир афсонаси” спектаклида ёлғончилик, ҳаётдан нолиб яшаш, иккиюзламачилик каби иллатлар қораланган бўлса, яхшилик, ростгўйлик, атрофдагиларни қўллаб-қувватлаш каби  фазилатлар улуғланади.

Театр жамоаси янги мавсумда ҳам болажонларни кўплаб қизиқарли спектакллар, эртак-томошалари билан хурсанд қилишни режалаштирган.

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!