Меню
Қашқадарё
МУҲАММАД ЮСУФ – ТАБИАТ КУЙЧИСИ
Айниқса, табиат куйчиси - Муҳаммад Юсуф шеърларидан баҳраманд бўлар экансиз, кўз ўнгингизда беихтиёр баҳор таровати намоён бўлиб, димоғингизга кўклам ифори урилгандек бўлади. Шоир ижодида табиат гўё уста рассом қўлида чизилган беназир гўзал тасвирдек ифода этилади. Шоир қизғалдоқнинг пешонасидан ўпгиси, жайрон кўзидаги ёшни артгиси, эрка кийикни эркалагиси, қалдирғоч билан дардлашгиси, чумоли меҳнатидан завқлангиси, ялпизни тўйиб ҳидлагиси, она тупроқнинг ҳар заррасини кўзига суртгиси келар ва она табиатдан олган масрурликни ўзига хос овоз, ўзгача жўшқинлик билан куйлар эди.
Шеъриятда табиат тасвири лирик қаҳрамон руҳиятига боғлиқ ҳолда ифодаланади. Табиат манзараларини очиш жараёнида лирик қаҳрамон руҳияти ҳам, кўнгил сирлари ҳам намоён бўлади. Шоир табиат манзараси тасвирига ҳаёт фалсафасини ҳамоҳанг тарзда изҳор этади. Ўзи туғилган гўшанинг бетакрор табиатини сира ёдидан чиқармайди, аксинча, ҳамиша соғинади, унга талпинади. Шоирнинг “Соғиндим” шеърида шундай сатрларни ўқиймиз:
Тошкентда…
Тоғларни соғиндим,
Яшил ўтлоқларни соғиндим.
Сув бўйида чордана қурган,
Момақаймоқларни соғиндим...
Кечагина ёмғирда ивиб,
Юрар эдим капалак кувиб,
Шудрингларга юзимни ювиб…
Болалик чоғларни соғиндим...
Шоирнинг лирик қаҳрамони бор бисотини битта капалакка, ҳаётини кўкдаги зилол камалакка, қасрларни девордаги гувалаларга, шуҳратини бир тилим ҳандалакка, ҳаёти давомида ёзган шеърларини эса бир коса сумалакка алмашгудек юксак қалб соҳиби эди.
Куюнчак, ҳатто чумолига ҳам озор беришни истамайдиган шоир “Қушлар ҳам йиғлар” шеърида кесилган дарахтдаги инини йўқотган қушларнинг норизолигидан чўчийди:
Терлар оқди сув бўлиб биздан
Ва гурсиллаб йиқилди терак…
Ака, бизнинг қилмишимиздан
Тунда қушлар йиғласа керак.
Она чумчуқ айланиб кетмас,
Кўнглига қил сиғмаса керак.
Эски индан ташиб бориб хас,
Янги инда йиғласа керак.
Баланд бўлар уйимиз тоғдек,
Айвонида устун ул терак.
Биз яшармиз, кўнглимиз чоғдек,
Шунда қушлар йиғласа керак…
Муҳаммад Юсуф ижодида бу каби шеърларни кўплаб учратиш мумкин. Бу сатрларда шоирнинг замин фарзанди эканлиги акс этади, у ўзини шу муқаддас тупроқнинг бир бўлаги деб билади, жамики жонивору ўсимликлар унинг назарида худди инсон каби оғриқни, дардни ҳис қилади, улар ҳам одамлар каби фикрлайди, ҳимояга, тиргакка муҳтож...
Аслида шоир шеърларини юракларга яқин қилган ҳам, севимли этган ҳам шу жиҳат эмасмикин?
Юлдузхон ХЎЖАҚУЛОВА,
Шаҳрисабз туманидаги 88-мактаб ўқитувчиси