Меню

Қашқадарё

02.04.2019 2096

МУҲАММАД АЛИ - "САНЪАТ ҒУНЧАЛАРИ" КЎРИК-ТАНЛОВИ СОВРИНДОРИ

Маданият вазирлиги, "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган кўрик-танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими Ўзбекистон давлат консерваториясида бўлиб ўтди. Унда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 150 дан ортиқ ёш мусиқачи ўзаро баҳслашди.

- Бу менинг республика миқёсида эришган илк муваффақиятим, - дейди Муҳаммад Али Раҳмонов. - Бу танловда тенгдошларим ижоди билан яқиндан танишдим ва ҳали кўп нарсаларни ўрганишим, билимимни оширишим кераклигини  тушундим.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Муҳаммад Алининг мактабдоши  Саодат Рашидова ўтган йили худди шу танловнинг республика босқичида кичик гуруҳларда ёғоч дамли чолғулар  чалиш бўйича қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритган.

 Тадбир доирасида ўқувчиларни турли танловларга тайёрлашда фаоллик кўрсатган Шаҳрисабз шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Мақсуд Алияқуловнинг меҳнатлари эътироф этилди. Унга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ташкилотчилари томонидан ташаккурнома топширилди.

С.АЛЛАЁРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!