Меню
Қашқадарё
МУҚАДДАС ЮРТГА МУНОСИБ ФАРЗАНДЛАР
Хусусан, Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежида ҳам маданият ва санъат намояндалари, адабиётшунос олим ва педагоглардан иборат тарғиботчилар гуруҳи иштирокида ёшлар билан учрашув ташкил қилинди.
Учрашувда юртимизда истиқлол йилларида турли соҳаларда эришилган оламшумул натижалар, ёшларимиз қўлга киритаётган улкан ютуқлар замирида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг халқимиз бахт-саодати йўлида амалга оширган буюк ишлари мужассам экани таъкидланди. Президент асарларида келтирилган фикр-мулоҳазалар асосида буюк йўлбошчининг ёшларга даъвати, улар қандай юксак марраларни эгаллаши зарурлиги айтилди.
- Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳар томонлама етук вояга етишлари учун барча зарур шароитларни яратиб берган эди, - дейди Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежи директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Исломиддин Аброров. – У кишининг “Нима учун ёшларимизни бизнинг эртанги кунимиз, деймиз? Мана шу ёшлар, жойларда сапчиб чиқиб, керак бўлса мен оламан масъулиятни зиммамга, деса, билиб қўйинг, бу менинг болаларим!.. Улар менинг суянчим ва таянчим” деган сўзлари юртимизнинг барча ёшлари қалбида жаранг сочиб туради, уларни Юртбошидек бўлишга, муқаддас юртга муносиб фарзанд бўлишга ундайди.
Тадбирда тарғибот гуруҳи аъзолари – Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри актрисаси Малика Қаюмова, хонанда Воҳиджон Исоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бойназар Йўлдошев ҳамда Қарши давлат университети ўқитувчиси Жонибек Бойсунов сўзга чиқиб, юртимизда билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ўз иқтидор ва истеъдодини намоён этиш учун барча шароитлар муҳайё этилгани, бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлашди.
Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди.
Мавзуга оид “Марра бизники” номли видеоролик намойиши барчада катта таассурот қолдирди.
Эътиборлиси, мазкур тарғибот тадбирларига таълим муассасалари ўқувчилари билан бирга барча аҳоли қатламлари кенг жалб қилинмоқда.
Тарғибот доирасидаги учрашувлар кеча вилоятимизнинг Чироқчи, Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ туманларида ўтган бўлса, бугун Ғузор, Нишон, Касби ва Муборак туманларида бўлиб ўтади.
Шунингдек, тарғиботчилар иштирокида пахта далаларидаги меҳнатчилар ҳузурида учрашувлар ташкил қилиниши режалаштирилган.
Н.ХЎЖАЕВ