Меню

Қашқадарё

13.01.2022 1630

МУҚАДДАС ҚАСАМЁДИГА СОДИҚ ЎҒЛОНЛАР

Эртага Ватанимиз озодлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганига 30 йил тўлади.

Миллий истиқлолимиз солномасига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган бу тарихий сана ва Ватан ҳимоячилари куни юртимизнинг ҳар бир ҳудудида аҳолининг барча қатламлари вакиллари, жумладан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар ва нуронийлар, кенг жамоатчиликнинг фаол иштирокида, кўтаринки руҳ ва юксак савияда нишонланмоқда.

Мана бир неча кундирки Қашқадарёда ҳам  "Армия ва халқ бир тану бир жондир" деган улуғ ғояни ўзида мужассам этган байрам тантаналари, турли хил маданий-маърифий, ҳарбий ватанпарварлик ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Уларда  миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айлангани таъкидланмоқда. Истиқлол йилларида Қуролли Кучларни модернизация қилиш, унинг ҳарбий-техник ва жанговар салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни ватанпарвар, мард ва жасур этиб вояга етказиш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани аниқ мисоллар асосида намойиш этилмоқда.

Ватан ҳимоячилари куни арафасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги "Муборак" дала ўқув майдони негизида ташкил этилган танк ва жанговар машиналар экипажларини тайёрлаш маркази ўзининг илк таҳсил олувчиларини қабул қилди.

2021 йилнинг охирида фойдаланишга топширилган бу замонавий масканда дарс жараёнлари бошланишидан олдин тантанали тадбир ташкил этилиб, округ қўмондонлиги вакилларидан ташқари фахрий ҳарбийлар, бир гуруҳ ёшлар ва нуронийлар таклиф қилинди. Улар дала ўқув майдонида яратилган шарт-шароитлар ва таҳсил жараёнлари билан танишар эканлар, яна бир карра давлатимиз томонидан ҳарбий соҳа ва ҳарбий хизматчиларга қаратилаётган юксак эътиборнинг исботини кўришди. Зеро бу ерда марказ фаолияти учун ҳар томонлама қулайликлар яратилган. Ётоқхона, ошхона, кутубхона, ўқув хоналарининг тўлиқ жиҳозланганлиги назарий билимларни эгаллашда муҳим саналса, саф тортиб турган юзлаб жанговар машиналар амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

Шунингдек, сифатли таълимни таъминлаш мақсадида юқори малакага эга, билимли офицер ва сержантлар устоз сифатида саралаб олинган. Таҳсил олувчилар мукаммал тузилган дарс жадвали асосида ўқитилиши билан бир қаторда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида ҳам режали тадбирлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган сана арафасида ҳарбийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари  Ватан озодлиги учун, ҳозирги тинч-омон кунлар учун Иккинчи жаҳон урушининг жанг майдонларида ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, бугун орамизда соғ-саломат,    дуогўй бўлиб юрган уруш ва меҳнат фронти қатнашчиларига яна бир бор юксак меҳр ва ҳурматини изҳор қилишмоқда.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли Қашқадарё вилояти Хонобод қўрғонида жойлашган ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда байрам кунларида Деҳқонобод тумани Откамар маҳалласида истиқомат қилаётган Абдулҳаким бобо Жабборов хонадонида бўлишди. Совға-саломлар ила ташриф буюрган меҳмонлар юз билан юзлашган отахон билан дилдан суҳбат қуриб, олам-олам таассурот олишди. Абдулҳаким бобо юрт  тинчлигини тилаб дуо қилар экан, ҳарбийларнинг муқаддас қасамёдига доимо содиқ қолиб, хизмат бурчини шараф билан адо этишига ишонч билдирди.

"Менинг армиям - менинг фахрим" . Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мазкур шиор остида кўплаб тадбирлар ўтказилаётган экан, улардан навбатдагиси куни кеча Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларининг Қарши шаҳрида жойлашган ҳарбий    қисмларидан бирида ташкил этилди. "Очиқ эшиклар куни" форматида, бир қатор давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва таълим масканлари билан ҳамкорликда уюштирилган бу тадбир доирасида дастлаб хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган чегарачилар хотираси ёд этилиб, марҳум капитан Ермек Ўзбеков хотирасига бағишланган "Қуролини бермаган ўғлон" ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Сўнгра кўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар, турли хил спорт беллашувлари, хизмат итларининг тайёргарлик даражаси кўриги, "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.

Айни пайтда Нишон тумани Нуристон қўрғонидаги ҳарбий шаҳарчада 96 та хонадондан иборат иккита қўп қаватли хизмат уйи ҳарбий хизматчилар оилаларига топширилди.

Байрам тадбирлари доирасида мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни барпо этишга салмоқли ҳисса қўшган шахслар, юқори профессионал маҳорати, ҳарбий-ватанпарварлик бурчига садоқатини намоён этган ҳарбий хизматчиларга тантанали вазиятларда "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 30 йил" эсдалик нишонларини топшириш ҳам режалаштирилган.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ахборот хизмати хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!