Меню
Қашқадарё
МУҲАББАТСИЗ ЯШАЛГАН КУН - ШУНЧАКИ КУНДИР...
Мутолаа учун тавсия
Туркий халқлар тарихи ўзга миллатлар зиёлиларини ҳам қизиқтирган ва бу қизиқиш турли асарларда ўз ифодасини топган. Рус тарихчиси, шарқшунос олим Лев Николаевич Гумилёв (1921-1992)нинг "Қадимги туркийлар", "Этногенез ва Замин биосфераси" каби асарлари шундай манбалар сирасига киради.
Лев Гумилёв икки таниқли рус шоири - Николай Гумилёв ва Анна Ахматова оиласида дунёга келган бўлиб, айрим тарихий манбаларга қараганда она тарафдан туркийларга бориб тақалади. Николай Гумилёв 1921 йилда аксилинқилобий фаолияти учун отиб ташланган бўлса, Анна Ахматова ҳам давлат билан муроса қилмаган. У бир шеърида: "Эрим гўрда, ўғлим турмада - менга дуо беринг", деб фарёд чекади. Ота-онадаги бу хислатлар Лев Гумилёвда ҳам бўлганлиги сабабли 1938-1943, 1950-1956 йилларда сиёсий маҳбуслар лагерида бўлиб, бутун умри давомида сиёсий таъқиб остида яшаган. Шундай бўлса-да, узоқ ва машаққатли меҳнатлари эвазига дунё илм аҳлига етук олим сифатида танилган.
Ёзувчининг "Қадимги туркийлар" асарида туркий халқлар тарихи инсоният тамаддунининг таркибий қисми сифатида талқин қилинади. Турк ҳоқонликлари ўтмиши Хитой, Эрон ва Европа тарихи билан боғлаб ўрганилган. Туркийлар географик, маънавий, иқтисодий ва руҳий жиҳатдан форсийларга яқин бўлгани таъкидланади. Тарихчи "Турклар буюк салтанатлар ўртасида фақат воситачи бўлиб қолмадилар, айни вақтда улар Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Рум маданиятлари билан бемалол беллаша оладиган миллий қадриятларини яратдилар", дея эътироф этади.
Лев Гумилёвнинг асари ва бошқа тарихий китобларда туркийлар қадимги хунларнинг авлоди эканлиги тўғрисида маълумотлар кўп. Хунлар ҳукмдори Атилланинг Хитой ва Эрон ҳукмдорлари билан бўлган урушлари ҳамда Европага юришлари, бутун Европани ўз таъсирида ушлаб турган Рим империяси билан бўлган муносабати тасвирлаб берилган.
Лев Гумилёв инсон ва этносларнинг биологик ижтимоий моҳияти ҳақидаги таълимот асосчиси бўлиб, "Этногенез ва Замин биосфераси" асарида этногенезнинг наслдан-наслга ўтувчи асосий энергетик белгиси пассионарлик - биокимёвий қувват ортиши натижасида одамлардаги онгли биологик қобилиятларнинг ниҳоят даражада кучайиши ғояси илгари сурилган. Бу ғоялар туркийлар ҳақидаги тарихий далиллар ва воқеалар орқали исботлашга ҳаракат қилинган.
Икки буюк инсон - XX асрнинг машҳур ёзувчиси Чингиз Айтматов ва таниқли қозоқ шоири Мухтор Шохоновнинг самимий суҳбатлари натижасида "Чўққида қолган овчининг оҳи-зори" номли асар дунёга келган. Уни ўқисангиз, уларнинг ҳамсуҳбатига айланасиз. Адибларнинг ҳаёт, муҳаббат, туркий халқлар тарихи, маънавият, давлат ва давлат бошқаруви, инсон ва уни қийнаётган муаммолар, инсон умри ва унинг моҳияти каби нозик масалалалар тўғрисидаги фикру хулосаларидан баҳраманд бўласиз. Асар Чингиз Айтматовнинг сўз қадрини биладиган ва маъносини тушунадиган, айни чоғда тинглашни ва ўз вақтида асосли фикр беришни биладиган инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш кераклиги тўғрисидаги сўзлари билан бошланган. Мухтор Шохонов Ота юрт, Она тил, миллий урф-одат ва ўз тарихини унутмаслик шарт эканлигини шеърий ифода этган.
Адиблар суҳбат жараёнида аждодлари, устозлари, тарихий шахслар, "Манас" эпоси ва ўзлари ёзган асарлар, инсониятнинг маънавий бойлиги қашшоқлашиб бораётганлиги тўғрисида фикр юритадилар. Чингиз Айтматов "Ота-боболаримизни эсласак, бизни ажиб ҳис-туйғулар чулғаб олади. Улар узоққа кетмаганлар. Илло ўзимиз ҳам уларнинг қаватига киражакмиз... Мудом уларни ёдлаб туриш бизнинг бурчимиз, уларнинг хотираси ўзимиз учун зарур. Уларнинг мозорига ташлаганимиз бир сиқим тупроқ бизни боғлаб турган ришта ҳисобланади", деб таъкидлайди.
Адиблар ҳокимият ва маънавият ҳамда давлат бошлиқлари ҳақида баҳс қуриб, жамиятдаги иқтисодий муносабатлар ўзгариши инсониятнинг маънавий бойлигига путур етказмаслиги кераклигини айтиб ўтишган. Афлотуннинг "Мутаассиблик қандайдир бегона тузумда эмас, айнан демократия даврида вужудга келади: бошқача айтганда, чексиз озодлик оқибатида энг даҳшатли, энг шафқатсиз қуллик пайдо бўлади" деган фикрини эслашади. Миллий маданиятни бутун инсоният тўплаган маънавий бойлик билан тўйинтириб бориш таъкидланади.
Айтматов фикрича, давлат бошлиқлари ўз хусусиятларига кўра уч турга бўлинади: биринчиси, барча фазилатлари Худо томонидан берилганлар. Иккинчиси, ўз ишларида бошқаларга тақлид қиладиганлар. Булар жамиятни ўзгартиришга қодир эмас. Учинчиси, ўзлари ҳеч нарса билмайдиган, бошқалардан ҳам ҳеч нарса ўрганмайдиганлар. Булар халқни қирғин қилиб, мамлакат бойлигини ҳавога совурадилар. Шохонов Наршахийнинг: "Агар халқинг қора нон еб ўтирган бўлса, сен ҳам қора нон тановул қилишинг керак. Агар у асал еб ўтирса, сен ҳам асал ейсан. Лекин, халқ қора нон еб ўтирган пайтда сен асал истеъмол қилсанг, ўша заҳоти ишончни йўқотасан. Чунки, ўз номингга доғ туширасан. Оқибатда, ҳокимиятдан ажраласан", деган фикрини эслаб ўтган.
Адиблар туркий халқларнинг мукаммал тарихи ёзиб қолдирилмаганини эслашиб, бу борада Хитой ва японияликларга ҳавас билан қарашган. Бунда туркий халқларнинг барча зиёлиларини айбдор ҳисоблашган. Ўзбеклар ҳақида "Дунёга меҳнаткаш деҳқонлари билан танилган ўзбеклар ниҳоятда қудратли халқ, унинг Алишер Навоий каби даҳо шоирлари, Мирзо Улуғбек каби даҳо олимлари инсоният маданиятига муносиб улуш қўшганлар. Унга қўшни бўлган қозоқлар ва қирғизлар ўзбекларнинг тарихини, маданиятини, миллий ўзига хослигини ҳурмат қиладилар", деб эътироф этишган.
Мухтор Шохоновнинг "Муҳаббат-ла ўтган кунларим - асил ҳаётдир, Муҳаббатсиз яшалган кун - шунчаки кундир..." деган сўзларидан кейин суҳбат мавзуси аёл ва унга ҳурмат, соф ва пок муҳаббат, ҳижрон ва висол ҳамда айрилиқ мавзусида давом этади. Евгений Евтушенконинг: "Қандай бўлди, қачон юз берди, унутдикми, ким деб ўйладик? Ёлғиз аёлни булғадик ерга, эркак билан тенг қилиб қўйдик" деган мисраларини эслашади.
Айтматов қирғиз санъатининг юлдузи, машҳур балерина Бибисора Бейшеналиевага бўлган севгиси ва муносабатлари ҳақида сўзлаб беради. Бейшеналиева 1971 йилда вафот этиб, опера ва балет театрида видолашув бўлаётган вақтда Айтматов ўкириб йиғлаган ва республиканинг ўша вақтдаги раҳбари "Анавини сал тинчитиб қўйинглар-э, жонга тегди-ку!" деган экан. Зеро, буюкларнинг муҳаббати ҳам буюк бўлади.
Ҳозирги кунда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида "Эл қуту" монументал ҳайкали ўрнатилган бўлиб, унинг бир тарафида чуқур ўйга толган Айтматов, иккинчи тарафида кўкка парвоз қилишга шайланган бетимсол Бейшеналиева турибди. Қирғиз халқи бу икки буюк фарзандига катта эҳтиром кўрсатган.
Суҳбат давомида Шохонов ҳам талабалик йилларида Қулёнда исмли талаба қизни яхши кўргани, бу қиз поезд тагида қолиб вафот этгач бошидан ўтказган изтироблари ҳақида сўзлаган. Икки буюк адиб жуда кўп масалаларда фикр алмашиб, суҳбатни "Дўстлик йўқолган жойда жамият бузилади. Муҳаббат йўқолган жойда авлодлар азобини тортади" деган ҳикматни эслаган ҳолда якунлашади.
Туркий халқлар тарихи 1304-1372 йилларда яшаган араб сайёҳи ва тарихчиси Ибн Баттутанинг "Саёҳатнома" асарида ишончли тасвирланган. Ушбу асарнинг тўлиқ номи "Ғаройиб шаҳарлар ва ажойиб сафарлар ҳақида назар соҳибларига туҳфа" деб аталади. Мазкур манба ўрта аср мамлакатлари, шаҳар ва қишлоқлари, жуғрофияси, табиати, халқлар маданияти, эътиқод ва қадриятлари, урф-одатлари ва турмуш тарзи, мамлакатлар ҳукмдорлари ва уламолари, тарихий обидалари ҳақидаги ғоят қимматли, кўп ўринларда ягона маълумотлари билан ажралиб туради.
Ибн Баттута 28 йил мобайнида жуда кўп юртларни кезиб, турли халқлар ҳаёти билан яхши танишиб, 60 ҳукмдор ва уламолар суҳбатида бўлиб, ишончли манбалар асосида ўз асарини ёзган.
Ибн Баттута Миср, Сурия, Ҳижоз, Эрон, Яман, Ҳиндистон, Кичик Осиё, Қрим ярим ороли, Хитой, Дашти Қипчоқ, Олтин Ўрда, Хоразм, Бухоро ва бошқа юртларни кезиб чиқади. Уч марта Ҳаж зиёратида бўлади. 1333 йилда Ўзбекхон билан шахсан учрашиб, унга "У дунёнинг энг буюк ва қудратли бўлган еттита подшосидан биридир", деб баҳо беради. Бухорода Амир Темурнинг она томондан бобоси Убайдулла ибн Маҳмуд ал-Маҳбубий суҳбатида бўлади.
Ибн Баттутанинг "Саёҳатнома"сида Чингизхон ҳақида шундай маълумот берилган: "Чингиз Мовароуннаҳрни босиб олди, Бухоро, Самарқанд, Термизни вайрон қилди... Аммо кейин Бухоро ва Самарқанд аҳолисини афв этиб, уларга тегмади ва Ироққа қайтиб кетди". Китобда Чингизхон мазкур шаҳарлар аҳолисини нима сабабдан афв этгани ҳақида маълумот йўқ.
Тарихчи Хоразм қовунлари ҳақида "Хоразм қовунининг дунёда тенги йўқ. Қовун қоқисини савдогарлар ҳатто Хитойга, Ҳиндистонга Хоразмдан олиб кетишади", деб ёзган. Академик И.Ю.Крачковский Ибн Баттутани "Барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ", дея эътироф этган экан.
Албатта бу китобларни ҳам мутолаа қилинг: завқ оласиз, фикрларингиз чархланади.
Абдишукур ОМОНОВ