Меню
Қашқадарё
“МУҲАББАТНИНГ СЕҲРЛИ НАЙИ”
2022 йил 21 май куни Қамаши тумани ҳокимлиги мажлислар залида таниқли шоира Момохол Элмуродованинг “Муҳаббатнинг сеҳрли найи” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирда адабиётшунос ҳамда ижодкорлар, умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилари, бадиий сўз ихлосмандлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Момохол Элмуродова “Қалдирғоч” (1983), “Аёл муҳаббати” (1985), “Юракка санчилган игналар” (1995), “Орзуларнинг олис йўли” (1994), “Онамга ёзилмаган мактублар” (2005), “Отландим қалбингиз зиёратига” (2008), “Энг гўзал имкон” (2010), “Куз хаёллари” (2015), “Мўъжизалар фасли” (2020) каби китоблари билан ўқувчиларга яхши таниш.
Тошкент шаҳридаги “Nurafshon-kitob-ta’minot” нашриётида 1000 нусхада чоп этилган “Муҳаббатнинг сеҳрли найи” тўпламидан 1966 йилдан 2021 йилгача ёзилган ва бирор тўпламга киритилмаган сара ижод намуналари жой олган.
Китобда гоҳ юксак ижодий парвозлар сари интилаётган, гоҳ турмуш ташвишлари билан андармон, гоҳ фарзанд тарбиясида ҳаёт мазмунини кўрган, шунинг баробарида адабиёт, санъат ихлосманди бўлган қаламкаш кечинмаларини кўрамиз.
Дунё, сенинг дунёларингга
Умид кўзин тиккан мен эмас.
Илинжларим: инсон қалбидан
Ганжиналар кашф этмоқ, холос.
Шоира ижодга ҳарфни ҳарфга улаш, минбарларда баландпарвоз нутқлар ирод қилиш, “шоирман!” деб кўкрак кериш сифатида қарамайди, балки у учун ижод – қисмат, ўзлик, ўзни таниш йўли:
Шеърга мен ақлиму ҳушимни бердим,
Тунлари уйқу-ю тушимни бердим.
Яшашдан энг эзгу мақсадим – шу деб,
Юрагим – безовта қушимни бердим.
Момохол Элмуродова шаклбозликка берилмайди, турли “изм”ларда бўлар-бўлмас мисралар тизмайди. Кўрган-кечирганларини, ҳис қилган туйғуларини борича қоғозга тўкади, содда, самимий ёзади – шу билан ёзганлари юракка юқади.
Тадбирда китоб юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Шоира шеърлари асосида ижро этилган қўшиқлар даврага ўзгача файз улашди. Иштирокчиларга муаллиф дастхати туширилган китоблар берилди.